ФАРЗАНД ҚАДРИГА ЕТМАГАНЛАР...

ФАРЗАНД ҚАДРИГА ЕТМАГАНЛАР...



Аввало, ҳаётда болага тарбия берувчи ота-онанинг ўзи тарбия кўрган бўлиши, фарзандининг маънавияти, маданиятини тўғри шакллантириши учун ўзи ана шу фазилатларга эга бўлиши лозим.

Фарзанд хоҳ кичик, хоҳ катта ёшда бўлсин – ота-она учун у ҳамиша бола. Шунинг учун ҳам ота-она ҳамиша боласининг нима иш қилаётгани, ҳаётда қандай ўрни эгаллаётганини кузатиб боради.

1993 йилда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилган, ўрта-махсус маълумотга эга (Мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) Салима Ҳасанованинг жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судида кўрилган “иш”и билан танишар эканмиз, унинг жиноятчига айланишида нафақат ўзи, балки ота-онаси ва яқинлари ҳам айбдор эмасми, деган ҳақли савол туғилди.

Салима 2017 йилда Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида истиқомат қилувчи Баҳодир Хўжаев билан турмуш қуради. Сув бир лойқаланмасдан тинмайди деганларидек, турмушдаги илк тушунмовчиликлар туфайли оилада келишмовчиликлар келиб чиқади ва Баҳодир уни хонадонидан ҳайдаб юборади. Қашқадарёдан Сурхондарёга — ота уйига келган Салимани отаси ҳам уйига киритмайди. Ҳаммаси шундан кейин бошланади. Ҳолбуки, бундай вазиятда ота-онаси унинг ҳаётини изга солишга ҳаракат қилиши, йўл-йўриқ кўрсатиши, тўғри йўлга бошлаши лозим эмасмиди? Ҳар бир хато қилган фарзанд кўчага ҳайдаб юборилса, чорасизликдан эгри йўлга кириб кетувчилар кўпайиб, жиноятчилар сони ортиб, қанча ёшларнинг ҳаёти издан чиқиб кетмайдими?

Салима қўлидаги боласи билан қариндошларининг, яқинларининг, таниш-билишларининг уйларида яшаб юради. Аммо қачонгача? Ўз отасининг уйига сиғмаган она-бола бошқаларникига сиғармиди?

Салима олдиндан саёқмиди ёки тарбиясидаги, маънавиятидаги бўшлиқ уни шу йўлга киришига сабаб бўлдими, ҳар ҳолда чўкаётган инсон хасга ҳам ёпишади деганларидай, у хасга ҳам, чўпга ҳам ёпишиб кўрди. Аввалига жувон Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи Тўлқин Эрмонов билан телефон орқали танишади ва 2019 йил январь ойи­нинг бошида у билан қонуний никоҳдан ўтиб, яшай бошлайди. Аммо бир йил ҳам яшамасдан, муросага келолмай, икки яшар ўғли Иззат билан бирга унинг уйидан ҳам чиқиб кетади.

Ҳар хил жойларда ижарада яшаб, ёлланма ишларда ишлаб, тирикчилик қилиб келаётган Салима кўп ўтмай — 2019 йилнинг декабрь ойида яна турмушга чиқади. Афсуски, орадан бир ой ҳам ўтмасдан собиқ хотинига алимент тўламаётган эр жазога тортилади ва Салимани бу уйдан ҳам ҳайдаб чиқаришади.

Яна эски ҳаммом, эски тос... Инсон бир бор адашгач, тўғри йўлни танламадими, боши берк кўчага кириб қолаверади. Қўлида юпун кийинган, касалванд бола ва сабрни, номусни бошидан соқит қилган она... ниҳоят, чора топади — ёлғон ёлғонни, хиёнат хиёнатни чақиргани каби, хато яна бир нотўғри қарорга ундайди: боласини сотиш ва бу пулга хорижга кетиб ишлаш фикрини унга кимдир уқтирдими ёки ўзи шу қарорга келдими, бу бизга қоронғу.

С.Ҳасанова таниши З.Муҳаммедовани учратиб қолиб, касал боласи билан қийналиб қолганини, фарзандига иккита харидор чиққанини, 13 миллион сўмга бола савдосини пиширган тожикис­тонлик харидорнинг келишини кутаётганини, 8 миллионга сотиб олмоқчи бўлган деновлик харидор ҳам борлигини айтади. З.Муҳаммедова хаста боланинг дори-дармонига ёрдамлашиб, масъул ташкилотлардан моддий ёрдам ҳам олиб беришга муваффақ бўлади. Бироқ З.Муҳаммедова ҳар қанча уринмасин, Салимани ўз фарзандини сотиш фикридан қайтара олмаслигига кўзи етгач, “Унда болани дугонамга олиб бераман”, деган важ билан уни ишонтириб, тегишли ташкилотга хабар беради.

С.Ҳасанова 2020 йил 21 январь куни соат 1800да Денов тумани “Баҳористон” маҳалласида жойлашган “Indenim” савдо марказида жойлашган кафега келади ва ўзининг 2017 йил 29 сентябрь куни туғилган, 2 ёшу 4 ойлик ўғли Хўжаев Иззат Баҳодир ўғлини тадбирга мижоз сифатида киритилган З.Муҳаммедовага саккиз миллион сўмга сотади. З.Муҳаммедова ундан болани ўз хоҳиши билан сотаётганлиги ҳақида тилхат ёзиб беришни сўрайди. С.Ҳасанова эса ёзишни билмаслигини айтиб, телефон диктофонига овозини ёзиб олишни таклиф қилади ва боласини ўз хоҳиши билан сотаётганлиги, кейинчалик боласига даъво қилмаслигини айтиб туради. Шундан сўнг Салима пулни чўнтагига солган вақтда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ушланади...

Шу ўринда бир жумлага эътибор беринг: “С.Ҳасанова эса ёзишни билмаслигини айтиб...” Бу гапни қандай тушуниш мумкин? Юртимизда ёшларнинг таълим олишлари учун барча имкониятлар яратилган, бунинг натижасида улар энг ривожланган давлатларнинг ёшлари билан беллашаётган ва Ўзбекистон номини дунёга танитаётган бугунги кунда ёзишни билмаслик... 

Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, бир қиз ҳаётининг пароканда бўлиши, тубсиз жарликка тушиб кетиши, жиноятчига айланиши, ўз жигаргўшасини сотишининг барча-барчаси, бир томондан, саводсизлик ва билимсизлик билан ҳам боғлиқ.

Суд ҳайъати вояга етмаган жабрланувчи 2017 йил 29 сентябрда туғилган Хўжаев Иззат Баҳодир ўғлининг васийлик ва ҳомийлик органи томонидан Қашқадарё вилоят болалар уйи­га қаровга топширилганлигини эътироф этишни ва уни келгусида васийликка бериш мажбуриятини Денов туман ҳокими ва Денов туман Халқ таълими бўлими васийлик кенгаши раиси зиммасига юклатишни лозим топди.

Одатда онанинг ўз фарзандини ҳимоя қилиш учун ҳар қандай фидойиликка тайёр экани ҳақида кўп эшитганмиз, гувоҳи бўлганмиз ва буни табиий ҳол сифатида қабул қиламиз. Аммо ўз жигаргўшасини пуллаган онани қандай ном билан аташ мумкин? 

Ўз фарзандини сотишга уринган Салима Ҳасанова Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жазоланди.

Илҳом АБРАЕВ,

жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди раиси,

Саодат МАТЁҚУБ қизи,

“Adolat” мухбири
Бизни кузатиб боринг:👇👇👇

@Gazeta_Adolat


Report Page