“ФАРҒОНА НЕФТНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ЗАВОДИ”НИНГ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРГА СОТИЛИШИ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?

“ФАРҒОНА НЕФТНИ ҚАЙТА ИШЛАШ ЗАВОДИ”НИНГ ХОРИЖИЙ ИНВЕСТОРГА СОТИЛИШИ ЎЗБЕКИСТОНГА ҚАНДАЙ ФОЙДА КЕЛТИРАДИ?


2019 йил 10 апрел куни “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилган ҳолда модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги №ПҚ-4275-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” МЧЖ устав капиталидаги “Ўзнефтмаҳсулот” АЖнинг 100 фоиз улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилиши ва агентлик орқали тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш шарти билан Индонезиянинг “PT Trans Asia Resources” компанияси (кейинги ўринларда - инвестор)га сотилиши кўзда тутилган. Инвестор томонидан 500 млн. АҚШ доллари инвестиция қилиш йўли билан ФНҚИЗни модернизация қилиш, уни ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ ишлашини таъминлаган ҳолда кейинчалик фойдаланиш учун етакчи халқаро компаниялардан иборат бўлган консорциум ташкил этилиши режалаштирилган.

Режалаштирилган лойиҳаларга кўра, ФНҚИЗни модернизация қилиш доирасида бир қатор янги замонавий қурилмалар қурилади. Хусусан автобензин ва дизель ёқилғиси сифатини Евро-5 стандартлари даражасига етказиш мақсадида гидротозалаш ва изомеризациялаш қурилмаларини қуриш ва газойлни гидротозалаш қурилмасини тубдан реконструкция қилиш кўзда тутилган. Энг замонавий база мойларини ишлаб чиқариш мақсадида янги гидротозалаш, енгил гидрокрекинг ва гидрофинишинг қурилмалари барпо этилади. Ундан ташқари технологик хавфсизликни ошириш учун автоматлаштириш жараёнини янгилаш, водород қурилмаси, қозонхона ва бошқалар қурилиши назарда тутилган. 

Ушбу тадбирлар натижасида ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилиши, янги ишчи ўринлари яратилиши ва ташкилот экспорт салоҳияти оширилишига эришилади.

Юксак салоҳиятга эга халқаро компанияларидан иборат бўлган консорциум жаҳоннинг энг илғор бошқарув тизимини жорий қилган холда маҳсулот таннархини камайтириш, энергия тежамкорлигини ошириш ва атроф-муҳитга зарарни қисқартириш каби натижаларни мақсад қилган.