“ФАХРИЙ СУДЬЯ”ЛАРИМИЗ КЎПАЙДИ








Судья қанчалик муваффақиятга эришиши, юзи ёруғ, қадри ва обрўси баланд бўлиши унинг билими, тажрибаси, ўз устида ишлаши, энг муҳими, ҳалоллигига боғлиқ. Ўз касбига садоқатли, тажрибали судьялар эса нафақага чиққанидан кейин ҳам қадрдон жамоаси, шогирдлари, энг муҳими ҳукуматимиз ва халқимизнинг эъзозида бўлади. Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги тегишли фармони билан одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, нафақага чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилган.
Кўп йиллар суд тизимида масъулият билан ишлаб, ёруғ юз билан кексалик нафақасига чиққан ҳамда бугунги кунда кексалик гаштини сураётган устозлар бу эътирофга лойиқ кўрилади.
Наврўз байрами арафасида Республика судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида узоқ йиллар давомида ишлаган фахрийлар, фаолият юритаётган судялар ва суд ходимлари иштирокида уч авлод учрашуви ўтказилди. Тадбирда барча вилоят судлари видеоконференцалоқа орқали иштирок этди. Тадбирни Республика судьялар Олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров кириш сўзи билан очиб, уч авлод учрашувининг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Юртимизда фахрийларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик ҳақида гапириб, бугунги кунда судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Тадбирда фахрийлар, фаолият кўрсатаётган судьялар ва бўлажак судьялар сўзга чиқиб, барчани Наврўз байрами билан табрикладилар. Уч авлод учрашувларининг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.
Байрам арафасида Бир гуруҳ фахрийларимиз “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирландилар. Тадбирда кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бу юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида самарқандлик Маҳмуд Эшонқулов ҳам бор. Самарқанд вилоят суди студиясида вилоят суди раиси О. Ҳайитов “Суд фахрийси” кўкрак нишонини Маҳмуд Эшонқуловга тантанали равишда тақдим этди.
М. Эшонқулов 1940 йилда Самарқанд вилояти Булунғур туманида туғилган. Таълим соҳасида, жамият бошқаруви тизимларида ишлаб тажриба орттиргач, 1976 йилдан 2004 йилгача суд органларида фаолият кўрсатди. Каттақўрғон туман судининг раиси, Самарқанд вилоят адлия бошқармасида маслаҳатчиси, Самарқанд вилоят судининг аъзоси, Пайариқ туман судининг судьяси, Самарқанд вилоят судининг судьяси бўлиб ишлаган ва ёруғ юз билан, иззат-икром билан кексалик нафақасига чиққан.
Тадбирда устоз М. Эшонқулов юксак эътибор учун Республика судьялар олий кенгашига чексиз миннатдорчилик билдирди. Судьялар ва ёш ҳуқуқшуносларга насиҳат ва маслаҳатларини бериб, уларнинг порлоқ келажагини сўраб дуо қилди.
Самарқанд вилоят суди Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.