Европани титратган ажал элчиси...

Европани титратган ажал элчиси...

Alimoff

14-аср Европа... Жуда бир ғалати даврлар бўлган мен сизга айтсам. Минг йил давомида ўрта асрлар давом этар ва бирдан Очлик, Уруш, Ўлат ва Ўлим асри кириб келган эди. Қора Ўлат... Ҳамма нарсани ўзгартириб ташлаган касаллик. Бу касаллик инсоният тарихини остин устун қилиб ташлашда, Кетмонов қарсак чалишга сарфлаганидан кўра кўпроқ ғайрат кўрсатган. Тарих механизмини янгитдан ишга туширгандай эди гўё бу манфур касаллик. 14-аср Европада буюк фалокатлар асри бўлди. Инсоният тарихидаги энг узоқ давом этган уруш ва инсоният тарихидаги энг қирғинбарот эпидемия даври бўлди. Бу фолакатлардан ташқари бу аср, Католик черковининг чуқур бўлиниши ва емирилиши асри бўлиб ҳам тарих саҳифаларига кирди. Агар урушларнинг ва диний инқирознинг сабаби сўзсиз инсоният ахмоқлиги бўлса, вабонинг бошқа сабаблари бор эди...

Қора ўлатнинг пайдо бўлиши ва тарқаши инсон омилига кўпам боғлиқ бўлмаган. Айтишларича, ҳаммасига сабаб кемирувчилар... Ҳа, кичкинагина, момиққина кемирувчилар. Аммо кемирувчилар албатта ўзлари хоҳлаб танлашмаган инсонларга ўлим олиб келишни. Айрим олимларнинг фикрича, бунга сабаб иқлим ўзгариши эди. Ҳа, айнан 14 чи асрда Атлантик океанидаги илиқ Гольфстрим оқими ўз йўналишини ўзгартирган ва бу нарса глобал иқлим ўзгаришларига олиб келган. 1310 йилларга келиб эса, Европада хақиқий экологик фалокат бошланган. 1311 йилдаги дойимгидай иссиқ ёз фаслидан кейин, жуда совуқ ва ёмғирларга бой ёз фасллари кела бошлади. Энди тасаввур қилинг, ўша даврнинг ёзларида, Европада температура жуда кам пайтлардагина 12 градусдан кўтарилар, қишлар эса ақл бовар қилмас даражада жуда совуқ келар эди. Ҳаттоки Италияда, илиқ Италияда ҳам қишда шу даражада кўп қор ёғар ва совуқ бўлар эдики, одамлар зўрға жон сақлашар эди.(21 асрдаги бизнинг қишлоқларда вазият ҳалиям ўзгаргани йўқ минде опқараганда) Франческа Петрарка ва ўша Машхур Джованни Бокаччо асарларидан ҳам бу хақида ўқиш мумкин. Натижада, ушбу иқлим ўзгариши мисли кўрилмаган очарчиликка олиб келади. Шундоқ ҳам офатлар етарли, лекин табиат жахл отига минган эди. МИБдан келиб йўқ қарзингни ундириб кетадиган айримлар каби табиатнинг авзойи бузуқ эди. Иқлим ўзгариши натижасида, хозирги Мўғулистон худудида жойлашган Гоби сахросида яшовчи юмронқозиқлар, кўрсичқонлар ва бошқа турдаги кемирувчилар табиий емакларидан маҳрум бўлишган. Бу шоввозлар ўз навбатида, табиатнинг мукаммал касаллик тарқатувчи механизмлари хисобланишади. Хаддан ортиқ бир жойга йиғилиб қолган кемирувчилар орасида, касаллик тарқала бошлайди. Касалликни кенг тарқалишида маъданий фактор ҳам катта роль ўйнаган албатта. Айнан мўғуллар орасида суғур гўшти деликатес хисобланган. (Мол гўшти қиммат бўлган бўлса керак слишком, Чингизхон шаҳарга келса 25 минг, бошқа пайт 50 минг масаланда) Унинг юнги эса жуда қадрланган. Натижада эпидемия инсонларга илк мартта юқишни бошлайди. Қора Ўлат ўлим машинаси 1320 йилга яқин ишга тушган. Буюк Ипак Йўли орқали Қора ўлат, Хитой ва Ҳиндистонга йўл олади ва у ерда аҳолининг катта қисмини қириб юборади. Кейин мўғуллар билан бирга Қора Ўлат, 1347 йилда Қримга расмий давлат ташрифи билан келади.

Касалликнинг кейинги кенг ёйилишида ҳам маданий факторлар яна катта сахнага чиқади. Гап шундаки Генуялик савдогарлар Қримда бир нечта қишлоқларга эга бўлишган. Улар нафақат шароб, буғдой, ва бошқа маҳсулотлар, яна қуллар билан ҳам савдо қилишган. Мўғул ўғил - қизларининг савдоси чаққон бўлган. Бундан ҳабар топган мўғул хони Жонибекхонга ўз навбатида бу ҳолат ёқмайди. ("Ўзи булар дангасалар эди" деб ташлаб кетса ҳам бўларди асли) Шунинг учун у безбет европаликларни ақлини киритиб қўйиш мақсадида, уларнинг Каффа шаҳрини қамал қилган. Қамал давомида, Жонибекхонни олдида бир қатор муаммолар пайдо бўла бошлади. Биринчидан, Генуяликларнинг жуда кучли флоти бор эди. Иккинчидан, қалъаларининг деворлари жуда баланд ва мўғулларда жиддийроқ қамал қуроллари йўқ эди. Бундан ташқари хоннинг қўшинлари ичида Қора Ўлат касаллиги ўз авжига чиқа бошлаган... Жонибекхонда ҳамма нарсани ташлаб ортга қайтиш имкони йўқ эди, чунки обрўси ўртага тикилганди... Шунда у ғалати бир ишга қўл уради. Ўз аскарлари ичида Қора Ўлатдан ўлганларни ҳаммасини палахмонларга ортиб, ўликларни европаликларнинг қалъаси ичига отишни буюради. Қамални тўхтатиб ортга қайтади.

Жонибекхон. 1342 — 1357 йилларда Олтин Ўрда хони.

Мўғуллар ичида табобат, ростини айтганда так себе эди. Қалъа ичига отилган ўликлар бир мунча чириб ётган, кейин уларни кўмиб юборишган. Лекин аллақачон кеч бўлиб улгурган эди... Бир неча кунлардан кейин, европаликлар орасида касалликнинг биринчи белгилари пайдо бўла бошлади. Бир неча ҳафталардан кейин эса ажал шарпаси бутун шаҳарни кезиб юрарди... Аҳоли бу лаънати шаҳардан қочишга тушади. Кемаларда жонажон Европа сари талпинишади. Аммо... Улар ўзлари билан ўлим шарпасини кемада бирга олиб кетишаётганларини билишмасди. 1347 йилнинг октябр ойида, биринчи партия одамлар Сицилия оролининг Мессина портига келиб тушишади.

Питер Брейгельнинг "Ўлим ғалабаси" картинасининг фрагменти.


Шу ерда тарихчиларнинг маълумотлари бир биридан фарқ қилади. Айримлари 12 та кема ҳақида, бошқалари 4 та кема келганлиги хақида ёзишади. Лекин бу ерда энг муҳими шундаки, кемаларда Қримдан зираворлар ва донлардан ташқари, деярли ҳаммаси касалланган одамлар келишган эди. Бутун Европани қамраб олган Буюк Ўлат эпидемиясининг гастрол тур дастури шундай бошланган эди. Микелле де Пиацци Мессина шаҳридаги Қора ўлат хақида шундай ёзади: “Уйлар ўликлар билан тўлган эди, хечкимни қариндоши, оила аъзолар ва ҳатто руҳонийлар ҳам у уйларга киришга ботинмас, уларни олиб чиқиб кўмиб беришлари учун гўрковларга катта пуллар ваъда қилишар, уйлар эса ичидаги бор бойлигу пуллари билан қулфланмаган холатда ётарди. Кимдур ўлик чиққан уйларга кирмоқчи бўлса ҳечким уни йўлини тўсмас эди.” Тез орада, тирик қолган Генуяликларни шаҳардан хайдаб солишади, лекин бу энди хеч нарсани ўзгартира олмас эди. Эпидемия тезда бутун Сицилияни қамраб олди. Тирик қолган денгизчилар ўз она юрти Генуяга бормоқчи бўлишади аммо уларни Мессина шаҳрига қора ўлат олиб келишганини билган шаҳар хукумати, кемаларни портга киргазмасдан оловли ўқлар ёрдамида уларни денгизга қайта хайдашни буюришади. (Бизда Суриядан қайтганларни қучоқ очиб кутиб олдик, бағрикенг халқмиз) Бу ўз навбатида Генуяда қора ўлат тарқашини олдини олади, вақтинчалик... 1347 йил ноябр ойининг бошларида, 20 га яқин қора ўлат билан касалланган кемалар Адриатика ва Ўрта Ер денгизи қирғоқларида, тўхтаганки портларида касаллик тарқатиб изғиб юришади. Генуя эскадрасининг бир қисми Марсель шаҳрида қўним топади. Натижада Франциянинг бу меҳмондўст шаҳрига қора ўлат кириб келади... Генуяликларни бу ердан ҳам яна хайдашади, аммо кеч... Марсель шаҳрининг тенг ярми қирилиб кетади. Бу ердан қора ўлат Франциянинг жанубига, кейин эса шимолига “саёҳат” қилади. Унинг харакати жуда тез эди. “Бу ўлимга олиб келувчи касалликнинг пайдо бўлиш сабаби, 1345 йил 20 март куни Марс Юпитер ва Сатурн сайёраларининг Қовға юлдузи остида уч карра бир бирига боғланиши эди” деб ёзилган эди ўша давр табиблари қайдномаларида. Табиблар одамларга касалликдан сақланиш учун қизил кўзойнак тақиб юришни маслаҳат беришган, Гўёки Марс сайёрасидан келаётган нурни кучсизлантириш учун. Яна хонани тез тез шамоллатишни тавсия қилишган, чунки сайёралардан хаво орқали касаллик тарқаяпти деб ҳисоблашган... Ҳааа табобат у даврларда ғарбда шунақа мультфильм эди. Яна табиблар фақатгина жамоат хожатхоналарига боришни тавсия қилишган. Сабаби? Сабаб оддий. Бундай хожатхоналарнинг қўланса ҳиди касалликни қўрқитар эмиш. Қора ўлатни даволовчи (даволамоқчи бўлган) табибларнинг ўзига хос ниқоби бўлар эди. Бу ниқоб қушнинг тумшуғи шаклида қилинган. Унинг учига хар ҳил гиёхлар ва саримсоқ солишган. Улар касалларга реал ёрдам беришганми? Билмадим... Кўпроқ зарар келтиришган бўлса керак. Афсус ўша пайтларда Хасан табиб ва унинг 11 та пистаю бир қошиқ асал системаси бўлмаган эканда...

Қора ўлатни "даволовчи" табиб

Йиллар ўтиб илм фан тараққий этгач, замонавий олимлар аниқлашдики, қора ўлат касаллигини Yersinia pestis деб номланган бактерия қўзғатади. “Балғамда бу вабо таёқчаси бактерияси 10 кунгача яшаши мумкин. Бу касалликдан ўлган инсонлар ва ҳайвонларнинг таналарида касаллик эрта куздан баҳоргача яшаши мумкин. Паст температура, музлатиш ва эритиш касаллик қўзғовчи бактерияни йўқ қила олмайди. Юқори харорат, иссиқ хаво ва қуритиш бактерияни йўқотиши мумкин. 60 градусгача қиздириш микроорганизмни бир соат ичида йўқотса, 100 градусгача қиздириш бир неча дақиқада йўқ қилиши мумкин.” Табиблар албатта даволашни чин дилидан хоҳлашган, лекин улар шаҳарма шаҳар ўз таналари ва кийимларида касалликни олиб юриб, аксинча уни кенгроқ тарқашига кўпроқ ҳисса қўшишган. Уларнинг бу қўрқинчли ниқоблари эса ўлатнинг энг хавфли кўриниши, ўпкани эгаллашини олдини олган холос. Аммо у даврларда ғарбликлар гигиена ҳақида умуман ўйлашмас эди. Каламуш ва бургалар уларда доимий мехмон, шунчаки уй хайвони эди. Айнан шулар асосий ўлим ташувчилар эди. Ҳа, қора ўлатни табиий тарқатувчиси зиммасини жанубий каламуш бургаси ўз зиммасига олган. Бу бурга, касал хайвон ёки инсонни чақиши билан бактерияни ўзига юқдириб олади.

Жанубий каламуш бургаси.

Зарарланиш механизми эса манабундай: Касалланган бурганинг ошқозонида қора ўлат бактериялари шу даражада кўпайиб кетадики, худди қопқоқ каби бурганинг қизилўнгачини тўсиб қўяди. Бу эса ўз навбатида инсонни чақиб қонини сўра олмаётган бургани, ўша бактерияларни инсон терисидаги ўзи очиб олган ярага қусиб ташлашига олиб келади. Бундан ташқари қон сўриши қийинлашган бурга ўз очлигини қондира олмасдан кўпроқ чақа бошлайди. Жанубий каламуш бургаси емишсиз 6 ҳафтагача яшаши мумкин. Инсонни кийимида ёки сумкасига жойлашиб олиб у ҳам бирга саёҳат қилиши мумкин. Шундай қилиб бошқа шаҳарда пайдо бўлган бурга, ўзига янги “хўжайин” топиши мумкин. Эпидемия эса суткасига 4 километр тезликда тарқаб бутун Европага уруш эълон қилади. Бурганинг ягона хўжайини бўлмиш каламуш ҳам анойиларан эмасди. Бабаян каби чидамли ва чаққон бўлган бу жонзот, кемаларда тинмай саёҳат қиларди. Натижада яна бир муҳим ҳолат: Касалланган каламушлар ташриф буюрган шаҳарлардаги “месний” каламушлар билан тезда тил топишиб кетишар ва ўзларидаги паразитлар билан мехмон қилишарди. Эстафета таёқчасини топширгандай гўёки. Қора ўлат бутун Ғарб дунёсини эгаллади. Африка шимолидан тортиб Исландия ва Россиягача. Ушбу катта худуд аҳолисининг 3 дан 1 қисми қирилиб кетди. Бу 20 миллион одам дегани. Айрим қишлоқ ва шаҳар аҳолиси эса бутунлай қирилиб битди. Ҳаммасидан кўп ёпиқ жойлар кўпроқ зарар кўрди, масалан черков ва монастирлар. Битта одам касалланса бўлди ва тез орада ҳамма ўлади. Чунки ўша даврларда ўлат 99 фоиз холатда ўлим билан якунланарди.

Арнольд Бйоклин "Қора ўлат" 1898 йил

Ўлим даражаси шу даражада юқори ва инсоният билим даражаси шу даражада паст эдики, касалликни келиб чиқиши фантастик ходисалар билан боғланарди фақат. Натижада Европада бутун бошли Флагелантлар секталари пайдо бўла бошлади. Улар гуруҳ бўлиб шаҳарлар бўйлаб изғиб юришар ва ўзларини учига темир боғланган қамчилар билан уришар эди. Шундай қилиб улар худо олдида бутун дунё гуноҳларини ювишга ҳаракат қилишарди. Аслида, шунчаки касалликни янаям узоқларга тарқатишарди. Қора ўлатга қарши дори... йўқ эди. Табиблар танадан қон чиқаришарди, танадаги парсилдоқ яраларни ёришар, кийик шохидан кукунлар суртишарди. Бой мижозларга эса майдаланган дур ёки майдаланган зумрад тошини ичиришарди. Бунақа дорининг нархини ўзи қўрқитиб юборади касалликни деб ўйлашганмикина... Бундан ташқари одамлар пуштиранг сувда ювинишар, хоналарни шамоллатишар, хушбўй анбарлар суришарди. Лекин хечнарса ёрдам бермасди. Фақат олов ёрдам берди... Скандинавлар номлаган “Қора хоним”га қарши оловдан кучли дори йўқ эди. Биринчи мартта бу қарорга Милан архиепископи Жованни Висконти келган. У ҳамма касал чиққан уйларни касаллари билан устидан қулфлаб ёқиб юборишни буюрган. Ҳамма қора ўлатдан ўлганларни умумий қабрга кўмиб, устидан охак ташлашган. Балки айнан шу сабабларга кўра Милан шаҳри эпидемиядан дерли омон чиққандур. Қора ўлат 5 йил давомида ўз ажал ўйинини ўйнаган. Базъан йўқолар, лекин ҳамиша қайтар эди. Натижа, бўшаб қолган қишлоқлар, сукунат қарига чўмган шаҳарлар... Омон қолганлар эса, ўзларини танланганлар деб хис қила бошлашган. Касалликни енгиш мақсадида хукмдорлар илм фанга кўпроқ эътибор қаратишган, янги янги университетлар очилган, уларга катта маблағлар ажратилган. Тиббиёт трактатлари бошқа тиллардан ўгирилган, кўп илмий изланишлар қилинган. Саводсиз ўрта аср, тирик қолиш мақсадида ўқий бошлаган. Атрофидаги оламни ўргана бошлади, қадимий қўл ёзмаларни замонавий тилларга ўгиришган, ўқишган, ўрганишган. Шундай қилиб оқибатда янги давр, уйғониш даври бошланган. Буни ҳаммасига сабаб эса шунчаки Гольфстрим оқимининг ўзгариши ва чўлдаги кемирувчиларнинг ҳаёт шароити ёмонлашишида эди холос...


Мана хурматли каналим аъзолари, Европани титратган ажал шарпаси бўлмиш қора ўлат касаллиги хақида озроқ маълумотлар бердим. Ўзим ҳам бу мавзуга бир хужжатли фильм кўриб қизиқиб қолдим. Албатта бирорта мавзуга қизиқсангиз, уни хар ҳил манбалардан, иложи бўлса фундаментал асарлардан ўрганганингиз мақул. Кейин албатта қизиқарли китобларни топиб ўқидим. Қуйида ўқиган китобларимни қолдираман. Ушбу мавзуга ва умуман уйғониш давригача бўлган Европа тарихига қизиқсангиз албатта тавсую ўқиб чиқишни. Мавзуга қизиққан бўлсангиз, бу китоблар билан дам олиш кунингизни мазмунли, мароқли ва албатта билим олиб, фойдали ўтказасиз деган умиддаман.

Манбалар: 1. Barbara Tuchman - A Distant Mirror: The Calamitous 14th Century  
(Рус тилида Барбара Такман «Загадка XIV века)
2. Jared Diamond - Guns, Germs, and Steel: The Fates of Human Societies
(Рус тилида Джаред Даймонд «Ружья, микробы и сталь: Судьбы человеческих обществ)
3. William Hardy McNeill: Plagues and Peoples
(Рус тилида йўқ бу китоб)

(Юқоридаги китоблар ўзбек тилида йўқ. Тил ўрганишни бошланг дўстим, бу сизга бутун дунё билимларини очади)




Report Page