Еврокодларни миллий нормативлар қаторида асосий эмас, балки муқобили сифатида қабул қилиниши режалаштирилган

Еврокодларни миллий нормативлар қаторида асосий эмас, балки муқобили сифатида қабул қилиниши режалаштирилган


АОКАда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий тадқиқот институти бошқарма бошлиғи Азизбек Нурмирзаев иштирокида ўтказилган брифингда шаҳарсозлик соҳасида ЕВРОКОДлар жорий этилиши ҳақида маълумот берилди:

Еврокодлар параметрик меъёрлаш характеридаги ҳужжат бўлиб, тўғридан тўғри фойдаланиш эмас балки ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос хусусиятлари, яъни, геологик, табиий-иқлимий, сейсмологик ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. 

Еврокодларни техник меъёрлаш тизимида конструкциялар мустахкамлиги, хавфсизлиги ва шу билан боғлиқ жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда, миллий нормативлар қаторида асосий эмас, балки муқобили сифатида қабул қилиниши режалаштирилган.

Янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, миллий нормативларимиз мустақиллиги ва халқаро нормаларга уйғунлаштириш сақлаб қолинади.

Еврокодларни тадбиқ қилишда биринчи навбатда амалдаги норматив ҳужжатлар талабларини инкор қилмайдиган ёки уларга зид бўлмаган алоҳида киритиладиган 1400 дан ортиқ параметрик кўринишидаги миллий иловаларни ишлаб чиқилади.

Хўш еврокодларнинг афзалликлари қандай омилларда кўзга ташланади? Аввало, рақобатбардошлик учун шаффоф асос яратилади, қурилиш маҳсулотларининг ички бозорини тўлдиришга эришилади. Қолаверса, BIM дастурларини Ўзбекистон шароитида тўлиқ қўллаш имкони пайдо бўлади.  Ишлаб чиқариш ва сотиш таннархини камайтириш орқали қўшимча қийматни таъминлашга эришилади.

Шу ўринда бундан кутилаётган натижа ҳақида мулоҳаза!   Ўзбекистонда бино ва иншоотлар конструкцияларининг хавфсизлиги ва ишончлилиги, уларнинг сейсмик чидамлилиги, ёнғин хавфсизлиги ва энергия самарадорлигини таъминлаш учун зарур талабларга жавоб берадиган умумий мезон ва лойиҳалаш усулларини таъминлаш пировард мақсад қилинган. Шунингдек, мулк эгалари, буюртмачилар, лойиҳачилар, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчилар, пудратчилар ва эксплуатация қилувчи ташкилотлар ўртасида конструктив лойиҳалаш жараёни ҳақида умумий тушунча таъминланади. Еврокодларни жорий қилишда, шунингдек, иштирокчи давлатлар ўртасида қурилиш соҳасида хизматлар алмашинувига ҳамда қурилиш материаллари ва элементлари маркетингини ташкил қилиш ва улардан фойдаланишга кўмаклашиш имкони вужудга келади. Қурилиш соҳасида илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмалар учун ягона асос яратилади. Лойиҳалаш ва дастурий таъминот бўйича умумий қўлланмалар тайёрланиб, маҳаллий қурилиш пудрат ташкилотлари, қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқарувчилар шунингдек, лойиҳачиларнинг жаҳон бозорига чиқариш ва рақобатбардошлигини оширишга эришилади.

Еврокодларни Республикамизда имплементация қилишда қуйидаги ишларни бажариш режалаштирилган! Жумладан, Еврокодлардаги ҳар бир талабни миллий шаҳарсозлик нормалари билан солиштирган ҳолда, энг мақбул талабни қабул қилиш ва уйғунлаштириш, белгиланган тартибда миллий иловаларни ишлаб чиқиш, еврокодларни амалда қабул қилган, ўзининг миллий иловаларини ишлаб чиқиб, амалда тадбиқ қилган хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, параллел равишда кадрларни ўқитиш ва салоҳиятини ошириш каби истиқболли режалар ишлаб чиқилди. Қурилиш материаллари ва конструкциялар ишлаб чиқариш саноатини Еврокодларга мослаштириш ва замонавий синов лабораториялари билан жиҳозлаш ҳамда сифат менеджментини йўлга қўйиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Еврокодларда келтирилган стандартлар ҳам бирламчи масала!           Шу боис, Еврокодлар синов лабораториялари, стандартлаштириш тизимлари ва услублари, қурилиш материаллари саноати, сифат менежменти, кадрлар салоҳияти ва бошқа зарур инфратузилма билан интеграллашган ҳолда ривожлантириб борилади. Шунга кўра, қабул қилиниши режалаштирилаётган ҳар бир Еврокодни қабул қилишда унинг тўлиқ амалиётга жорий этилишини таъминловчи 100 дан ортиқ халқаро ва Европа стандартлари қабул қилинади.

Бундан ташқари, Еврокодларни ҳамда унда келтирилган стандартларни республикамизда қабул қилиш орқали қурилиш материаллари ва буюмлари учун Европа сертификатларини олиш ҳаражатлари қисқаради, Европа Иттифоқи қонунчилигига жавоб берувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва уларнинг Европа бозорларига эркин кириб боришига имкон яратилади. 


Report Page