Етук маънавиятли ёшлар  - юрт келажаги

Етук маънавиятли ёшлар  - юрт келажаги

@davrovozigazeta
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда юз бераётган янгиланишлар халқимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, халқимизнинг маънавий-маърифий ҳаётини тубдан яхшилаш, фаровонлигини юксалтириш бўйича муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланагаётган муҳим ҳужжатлар ҳам халқимиз томонидан катта қувонч билан кутиб олинмоқда.

Ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир. Муҳтарам Юртбошимиз бошчилигида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш йўлида ҳам бир қатор ислоҳртлар олиб борилмоқда.

Президентимиз томонидан жорий йил 26 март санасида қабул қилинган “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарор маънавиятимиз ривожи йўлида муҳим дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Қарор билан маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизимини яратиш мақсадида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Хусусан, эзгулик ва инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” ғоясини кенг тарғиб этиш орқали жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш;

тарғибот-ташвиқот ва тарбия йўналишидаги ишларни илмий асосда ташкил этиш, соҳа бўйича илмий ва услубий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган доимий мониторинг тизимини жорий қилиш;

эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик ва ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик каби иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

аҳолининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш маданиятини ошириш, ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш;

маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъатнинг барча турлари, ноширлик-матбаа маҳсулотлари, оммавий ахборот воситаларида маънавий-ахлоқий мезонлар, миллий ва умуминсоний қадриятларнинг устуворлигига эришиш;

геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни мунтазам ўрганиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес ва бошқа хатарли таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш ҳамда бу борада халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш устувор йўналишларнинг асосий вазифаларидандир.

Мазкур аҳамияти беқиёс дастуриламал ҳужжат ижросини таъминлаш бўйича бизнинг мактабимизда ҳам бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

шу қишлоқда туғилиб ўсган, ушбу мактабда узоқ йиллар ёш авлодга таълим-тарбия берган педагог ва эл ардоғидаги шоира Мақсуда Эргашева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкилладик.

Бугун миллат адабиётига кўплаб шоиру шоиралар, олиму санъаткорлар етишиб чиққан Олтиариқ туманида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Мақсуда Эргашева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди.

1983 йилда шоиранинг “Баҳорни ахтариб” номли шеърий тўплами нашр этилди. Шундан сўнг шоиранинг “Эзгу сўз”, “Диёримга кўзинг тегмасин”, “Кўнгил кишилари” каби шеърий китоблари дунёга келди.

Шоира 1999 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди.

Мақсуда Эргашева 2014 йилда вафот этган. 2015 йилда унинг “Тақдир ҳикоятлари” хотира-роман китоби чоп этилди.

Тадбир сўнгида меҳмонларга Мақсуда Эргашеванинг Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими томонидан чоп этилган «Муслима гуллар» китоби тақдим этилди.

Олтиариқ туман маданият уйида ташкилланган мазкур Республика маънавий-маърифий тадбирида мактабимизнинг ўқитувчи ва ўқувчилари ҳам фаол иштирок этишди.  

Ушбу қарор асосида жорий йил апрель ойининг бошида мактабда таниқли шоира Мақсуда Эргашева номидаги ёш ижодкорлар тўгараги иш бошлади. Айни пайтда мазкур тўгарак машғулотлари икки гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилмоқда. Тўгарак ёшларининг ижод намуналари туман ва вилоят матбуотида, газеталарнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.

Бундан ташқари, билим масканимизда китоб фестиваллари, китоб тақдимотлари, ижодкорлар билан учрашувлар ҳам ташкил этилмоқда. Ижод мактабларига уюштирилаётган саёҳатлар эса тўгарак аъзоларининг ижодга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда.

Бир сўз билан айтганда, муҳтарам Президентимизнинг мазкур қарори асосида мактабимизда амалга оширилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами нишонланадиган ушбу йилда янада юксак аҳамият касб этмоқда. Зеро, етук маънавиятли ёшлар мустақил Ўзбекистонимизнинг таянчи ва порлоқ келажагидир!

Иқболжон Аҳмедов,

Олтиариқ туманидаги 19-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

Report Page