Етим болалар ҳуқуқлари таъминланяптими?

Етим болалар ҳуқуқлари таъминланяптими?

Самарқанд адлияси


 Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалалар давлат идоралари эътибор марказида бўлиб келган. Хусусан, адлия идоралари ҳам ушбу жараёнда бевосита манзилли ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, туман (шаҳар) адлия органлари жойларда бўлиб етим ва ота-онасининг ёки қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

 Уларнинг ўзлари ва қонуний вакиллари билан учрашиб, ҳуқуқлари, улар учун тақдим этиладиган имтиёзлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар тушунтирилмоқда. Шунингдек, уларни қийнаётган муаммолар, ҳуқуқий мурожаатлари ўрганилмоқда. Мазкур жараёнларда аксар ҳолларда айрим болаларнинг шахсига доир ҳужжатлари йўқлиги, ёши етган бўлса-да, мактабга жалб қилинмагани, белгиланган имтиёз ва имкониятлардан фойдалана олмаётгани сингари бошқа муаммолари юзага чиқмоқда.

 Дастлабки босқичда аниқланаётган бу каби масалалар таҳлил қилиниб,  навбатдаги босқичда тегишли мутасаддилар билан ҳамкорликда ижрога қаратилади. Учрашувларда берилаётган маълумотлар, тушунтиришлар натижасида етим болалар, ёшлар, уларнинг қонуний вакиллари адлия масъулларидан мамнун эканликларини билдиришмоқда.

 Эслатиб ўтамиз, давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларига қабул қилинган, ушбу муассасаларни тамомлаб академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлар, шунингдек, олий таълим муассасаларига ўқишга кирган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўқишга қабул қилинган кундан бошлаб ўқишни тамомлагунга қадар тўлиқ давлат таъминотида бўлади.  


Report Page