Erasmus+ Миллий офиси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Erasmus+ Миллий офиси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди


Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази масъуллари, Erasmus+ Миллий офиси ва Олий таълим экспертлар миллий гуруҳи вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Дастлаб, томонлар соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб, истиқболдаги ҳамкорлик режалари ҳақида фикрлашиб олдилар.

Шундан сўнг келгусига мўлжалланган тизимли ишларни амалга ошириш бўйича “Йўл харита”си тасдиқланди. Унда талабалар, профессор- ўқитувчиларнинг халқаро сафарбарлигини қўллаб-қувватлаш, олий таълимда илмий салоҳиятни ошириш, ўқув юртларини замонавийлаштириш каби йўналишлар устувор вазифа этиб белгиланганига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим тизимини ривожлантиришга оид тадқиқотларни биргаликда амалга оширишда хорижий экспертларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Шу қаторда академик мобилликни ривожлантириш, таълим дастурларини халқаро экспертизадан ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.

Тадбир давомида халқаро грантларда иштирок этиш, бу йўналишда ҳудудлар бўйлаб ҳамкорликда тренинг, мастер-класс ҳамда форсайт тадбирлар ўтказиш, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи тажрибасини ҳисобга олган ҳолда олий таълимнинг долзарб йўналишлари бўйича қўшма таҳлилий ҳисоботлар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 

Сўнг Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази ва Ўзбекистондаги Erasmus+ Миллий офиси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

  Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази директори Шуҳрат Ёқубов имзоланган меморандум келгусида режалаштирилган ишларни ҳамкорликда самарали ташкил қилишга хизмат қилишини таъкидлади.

  Учрашув сўнгида Erasmus+ Миллий офисининг келгусидаги лойиҳалар доирасидаги барча тадбирлар ҳамкорликда амалга оширилишига келишиб олинди. 



Report Page