Ер ости ва ер усти метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилади

Ер ости ва ер усти метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилади

Расмий хабарлар

                   

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг куни кеча, яъни                        16 октябрда “Тошкент метрополитени фаолиятини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5260-сонли қарори қабул қилинди.

 

Ушбу қарорга асосан “Тошкент метрополитени” фаолиятида тубдан ўзгаришлар белгиланган, яъни метрополитеннинг бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш, метрополитен тармоғини ривожлантириш, йўловчилар оқимини кўпайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига метрополитеннинг молиявий-иқтисодий самарадорлигини ва рентабеллигини ошириш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгиланган.

 

Булар нималардан иборат:

 

Тошкент метрополитенида мавжуд бўлган 59 та метро поездларини 44 таси 21-40 йил мобайнида фойдаланиб келинмоқда. Шунинг учун йил охиригача Тошкент метрополитени инфратузилмасига мос бўлган 5 та, 2022 йилда 14 та тўрт вагонли метро поездларини харид қилиниши натижасида поездларнинг умумий сони 80 тага етказилиб, метро поездларининг ўртача ёши 38 ёшдан 26 ёшга қисқартирилади.

 

Қарорни 1, 3-иловасидаги 32 хил турдаги эҳтиёт қисмлар ва ускуналарни олиниши (кейинги 25 йил ичида харид қилинмаган) эскирган 44 та метро вагонларини қайта таъмирлаб, уларни кунлик ишлаш соатини узайтиради. Шу билан бирга йўлларда техник сабаб билан туриб қолиш ҳолатлари кескин камаяди. Энг муҳими ҳаракат хавфсизлиги таъминланади.

 

1993 йилда Чилонзор йўналишида 3 минутли интервал билан ишланган эди. 2021 йил 1 сентябрдан Чилонзор йўналиши 3 минут ва Ўзбекистон йўналиши бўйича биринчи марта 4 минутда ишлаш ташкил қилиниши эвазига йўловчиларни манзилга етказиш вақти 30 фоизга қисқартирилди. Йўловчиларни манзилга етиб бориш шаҳар усти транспортига солиштирилганда 2-3 марта тезроқ етиб боришини кўрсатмоқда. Бунинг натижасида йўловчиларни ташиш ҳажми                       2 мартага ортиб, кунлик йўловчиларнинг сони 480-500 минг нафарни ташкил этиб, шаҳар кўчаларида тирбандликни камайтиради.

 

Замонавий реклама воситалари (электрон дисплей) ўрнатилиши ҳисобига рекламалар сони 3-4 баробарга оширилади. Қарорга асосан ер ости ва ер усти метро бекатларида савдо ва хизмат кўрсатиш майдончалари ташкил этилади ва тадбиркорларга электрон аукцион шартларида ижарага берилади.

 

Қарорга асосан Тошкент метрополитенини узоқ муддатли 2022-2030 йилларга мўлжалланган тизимли ривожлантириш имконияти пайдо бўлиб, метрополитеннинг молиявий-иқтисодий аҳволи, метро вагонларини ишлаб чиқарилиши, метро линияларини янгича лойиҳалаш ва қуришда янгича ёндашув натижасида сарф-ҳаражатларни 20-30 фоизга камайтиришга эришилади.

 

Қайд этилган қарор ижросини таъминлаш бўйича метрополитен бошқармасида 3 та йўналишда Ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

 

Биринчи гуруҳ – метрополитен бош муҳандиси раҳбарлигида “Метро вагонларини тизимдаги “Вагонларни таъмирлаш ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш” депосида капитал таъмирлашни йўлга қўйиш, эскалатор, электр таъминоти, тоннель ва йўл хўжаликлари, шунингдек, ҳаракат таркибини босқичма-босқич янгилаш масалалари” бўйича;

 

Иккинчи гуруҳ – метрополитен бошлиғининг ўринбосари раҳбарлигида “Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, ёш малакали кадрларни жалб этиш, машинистларни тайёрлаш, янгича ойлик тўлов тизимини жорий қилиш, замонавий бошқарув тизимини яратиш масалалари” бўйича;

 

Учинчи гуруҳ – метрополитен бошлиғининг ўринбосари раҳбарлигида “Йўловчилар оқимини ўрганиш, реклама жойлаштиришда янги тартибни жорий қилиш, молиявий-иқтисодий ривожланиш масалалари, замонавий ахборот технологияларини йўллаган ҳолда рақамли бошқариш тизимини жорий қилиш, бекатларда бепул WI-FI тизимини жорий этиш масалалари” бўйича.

 

Ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича белгиланган муддатларда масалаларни муҳокама қилиб, ҳисоботларни эшитиб бориш йўлга қўйилади.

 



Report Page