ЕРГА ҲАМ МЕҲР КЕРАК

ЕРГА ҲАМ МЕҲР КЕРАК


Мамлакатимизнинг ҳар бир қарич ери бебаҳодир. Одамларнинг ерга бўлган муносабати кундан кунга ўзгармоқда. Бугунги кластер ва деҳқон фермерлар ўз ерларининг унумдорлигини ошириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилаётгани таҳсинга лойиқдир.

Бу борада қишлоқ хўжалиги олимларининг ҳам ҳиссаси беқиёсдир. Хабарингиз бор жорий йилнинг мўл ҳосили учун республикамизнинг барча ҳудудларида вазирлик тизимидаги барча соҳа илмий-тадқиқот институт мутахассис олимлари деҳқон фермер хўжаликлари ва ер эгалари билан биргаликда ҳамнафас бўлиб меҳнат қилдилар. Бугун ана шу меҳнатлар бесамар кетмаганлигини омборларимиз донга, бозорларимиз эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланаётганлиги албатта қувонарли ҳол.

Шу кунларда Kun.uz расмий маълумотлари беихтиёр эътиборимиз тортади. БМТнинг сўнгги 5 йиллик ер ҳолати таҳлил қилинган янги ҳисоботида аниқланишича ҳозирга қадар ер шарининг 40 фоиз тупроғи сифатини йўқотган, дейилади. Ҳисоботда инсоннинг ерга муносабати тупроқ унумдорлигини пасайтиргани, ернинг карбонат ангидридни тутиб қолиш хусусиятини ўлдириши ва турлар йўқолишига олиб келиши ҳақида сўз боради. Ташкилот кўпроқ дарахт экиш, қишлоқ хўжалиги ерлари, яйловлардан самарали фойдаланиш йўллари билан чўлланишга қарши курашишга чақирган.

Бугунги кунда айнан шу каби салбий оқибатларни олдини олиш мақсадида давлатимиз етакчиси томонидан 2022 йил 10 июнида «Ерлар деградациясига қарши курашишнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Аввал хабар берганимиздек ушбу қарорнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев бошчилигида дала семинарлари ташкил этилмоқда. Бугунги семинар иши Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтди.

Шу куннинг биринчи ярмида вилоятнинг Қумқўрғон туманидаги «Janub Surxon» сув омбори биносида Жарқўрғон, Денов, Олтинсой, Узун, Сариосиё ва Шўрчи туманлари учун семинар бўлиб ўтган бўлса, куннинг иккинчи ярмида эса Музрабод тумани марказидаги «Istiroxat bog‘i»да Термиз, Ангор, Шеробод, Бандихон, Қизириқ ва Бойсун туманлари кластер, фермер ху‌жаликлари ва ер эгалари учун семинарлар ўтказилди.

Мазкур семинар йиғилишларида Қишлоқ хўжалик вазирлиги ҳузуридаги Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институтининг катта илмий ходими Қораев Алиёр Хасанович ва Ўзбекистон давлат ер тузиш илмий-лойиҳалаш институти бўлим бошлиғи Хожиев Қўчқор Мамадиёровичлар суғориладиган, лалми ва яйлов тупроқларида кечадиган деградация жарёнлари ва уларнинг олдини олиш, унумдорлигини сақлаш ва оширишга қаратилган агротехник, агромелиоратив тадбирлар қўллаш бўйича йиғилиш қатнашчиларига ўз тавсиялари ва асосий йўналишлари бўйича тушунчалар бердилар.

Ушбу мақсадли семинар тадбирлари жуда ҳам долзарблиги билан барча иштирокчилар эътиборини ўзига жалб этмай қолмади. Маърузалар сўнгида ер эгалари даладаги амалий ишлари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоблар олдилар.

Report Page