ЕР ВА ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИГА ОИД ЖИНОЯТЛАР, НОҚОНУНИЙ ЕР ОЛДИ-СОТДИСИ ҲАМДА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

ЕР ВА ЕРДАН ФОЙДАЛАНИШ СОҲАСИГА ОИД ЖИНОЯТЛАР, НОҚОНУНИЙ ЕР ОЛДИ-СОТДИСИ ҲАМДА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

  

 Охирги йилларда ер ва ердан фойдаланиш соҳасига оид ўзгаришлар, янгиликлар, енгилликлар, бир қанча қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинмоқда.

Авваламбор, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг Бош қонуни бўлмиш Конституцияда, Ер кодексида, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунида белгилаб қўйилганки, Ер умуммиллий бойликдир, Ўзбекистон Республикаси халқи ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади.

  Ер тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари ҳозирги ва келажак авлодларнинг манфаатларини кўзлаб ердан илмий асосланган тарзда, оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишни, тупроқ унумдорлигини тиклаш ва оширишни, табиий муҳитни асраш ва яхшилашни, хўжалик юритишнинг барча шаклларини тенг ҳуқуқлилик асосида ривожлантириш учун шароит яратишни, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ер муносабатларини тартибга солишдан, шунингдек бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлашдан шу жумладан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат.

  Охирги вақтларда оммавий ахборот воситалари орқали Ер билан боғлиқ жиноятлар, яъни, Ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний қурилмалар қуриб олиш, ва энг ачинарлиси, кўп бора огоҳлантиришларга ва тушунтиришларга қарамай, бизнинг Паркент туманимизда ҳам ноқонуний ер олди-сотдиси билан шуғулланувчилар, уларнинг жиноий жавобгарликка тортилаётганлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар учраб турибди.

Бугунги тумандаги фермерлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда туман ҳокими Шохрух Шоахмедов "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят устида ушланаётган ва жиноий жавобгарликка тортилаётган ҳамюртларимиз, минг афсуски, аввало ўзларининг, оиласининг, яқинларининг, қолаверса, туманимизнинг шаънига доғ туширмоқдалар. Ваҳоланки, биз тез-тез ўз йиғилишларимизда, давра суҳбатларида, сайёр қабулларда ва жойига чиқиб ўрганишлар давомида бу ҳақда тушунтиришлар, огоҳлантиришлар бериб келмоқдамиз"-дея яна бир бор такидлаб ўтди.

 Шу билан бир қаторда туманимиз прокурори Шарифжон Акбаров ҳам ўз сўзида "Бугунги йиғилишимиздан ҳам мақсад – бу каби жиноятларни олдини олиш, унга йўл қўймаслик ва ким томонидан бўлмасин, содир этилган жиноятга жазо муқаррар эканлиги ҳақида яна бир бор огоҳлантиришдир"-деди.



Report Page