Эврилишлар замонида маънавият қуролимиз ва қалқонимиз бўлади
Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати – https://t.me/urta_chirchiq_hokimligiДонишлар дейдики, пойдеворга биринчи ғишт қийшиқ қўйилдими, бу иморат ҳар қанча бўй чўзмасин, бир ёққа оғганича тураверади. Алалоқибат, бундай бино қулашга маҳкумдир. Миллат болаларига бошланғич таълим-тарбия беришни ҳам шунга чоғиштириш ўринли. Зотан, тобора тезкорлашиб бораётган бугунги глобаллашув шароитида бирдан-бир нажоткор ҳам, халоскор ҳам мукаммал таълим-тарбия ва юксак маънавият бўлиб қолмоқда.
19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтгани ҳам ушбу масала нақадар долзарб аҳамият касб этиб бораётганининг далолатидир.
– Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир, – деди давлатимиз раҳбари йиғилишда. – Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият.
Назаримизда, одамларнинг, айниқса, ёш авлоднинг диди ва савиясини ўстирувчи, унда “маънавий иммунитет”ни шакллантирувчи асосий восита адабиётдир. Ўқимаган боланинг ҳолини Беҳбудий ҳазратлари “Падаркуш”ида яққол кўрсатиб кетган эди-ку, ахир!
Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, гиёҳвандлик каби иллат ва таҳдидлар хавфи ошиб бораётган, баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилаётган бугунги шиддаткор даврда ягона нажотни адабиётда кўраётган эканмиз, бунда ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида диққат қаратиш керак бўлади.
Ҳақрост, адабиёт мукаммал тарбиянинг ҳам, сифатли таълимнинг ҳам, юксак маънавиятнинг ҳам туб негизидир. Шу ҳақда сўз кетар экан, шу йил 13 январь куни Тошкент вилояти ёш ижодкорларининг баёзи – “Нурафшон илҳомлар” китоби тақдимоти ўтказилганини мамнуният билан қайд этиш керак. Тақдимот маросимида вилоят ҳокими Рустам Холматов ҳам иштирок этиб, бундан кейин ҳам ёш ижодкорларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳокимлик “кун тартиби”дан асло тушмаслигини таъкидлаган эди.
Нурафшондаги тақдимот маросими Адиблар хиёбонига кўчди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тақдимот маросимида 15 нафар ёш ижодкорнинг биринчи китоблари жамоатчиликка тақдим этилди. Сув устидаги япроқ янглиғ қалқиб турган даврда қалқонимизу қуролимиз адабиёт, деяпмиз. Аммо, дўппини бошдан олиб, ўйлатувчи ажаб ишларимиз ҳам йўқ эмас.
Бир куни нуроний адиб Шукрулло (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) зиёратига борган шогирдларидан бирини саволга тутибди:
– Нега телевизор тинимсиз спортчиларни кўтар-кўтар қиляпти?!
– Устоз, спорт мамлакат ва миллатни дунёга энг тез танитадиган восита экан, улар орқали Ўзбекистон номи дунёга танилар, имижи юксалар эмиш...
Бундай жавобдан сўнг устоз адиб:
– Ҳа-а, яхши, – деб бир хўрсиниб давом этибди: – Халқимиз бир замонлар ақли, илми, адабиёти билан дунёга танилган эди... Спорт танни чиниқтиради, мускулни чайир қилади, лекин қалб-чи?! Маънавият-чи?! Ақл-чи?! Бунга ҳам эътибор керак! Девдай бўлса-ю, мияси ишламаса, нима бўлади?!
Дарвоқе, ёзувчи ё шоир, умуман, ижодкор қавми китоб ўқимасдан туриб, ижодкор сифатида шакллана олмайди. Ангренлик қаламдош дўстим Отабек Бакиров айтганидек, китоб ўқимасдан китоб ёзганнинг китобини ҳам ҳеч ким ўқимайди. Китоб мутолааси, энг аввало, сўз санъатидан, сўз ишлатиш, сўзни инжудек териш маҳоратидан дарс беради. Очиғини айтсам, китобхонлик газета ўқишдан бошланаркан. Бунга ўзим болаликдан гувоҳ бўлиб улғайдим.
Худо раҳмат қилсин, бобом ва энам ибрат бўлгудек газетхон эдилар. Бугунги кунда уйимизда 30-40 йиллар муқаддам босмадан чиққан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Тошкент ҳақиқати”, “Совет Ўзбекистони”, “Машъал” газеталарининг нусхалари ҳамон сақланади. Бобом ҳар йили шу тўрт номдаги газетага обуна бўлишни канда қилмаган. Ҳатто, бир неча йил аввал “Шулар ножоиз ерларда қолмасин... мендан кейин”, деб бир қанча қоп газетани ерга кўмдирган эди. Энамнинг ёстиғи остида эса доимо газета турган. Обуна бўла олмаган газеталарини менга айттириб, олиб келтирарди.
Мактабда 6-синфгача синфимиз учун пул жамғариб, битта “Ғунча”га обуна бўлардик. Муаллим онам эса қўшимчасига мен учун яна бир “Ғунча”га йиллик обуна бўларди. Тағин тўрт синфдошим ҳам оналарига айтиб, улар ҳам обуна бўлишарди. Мактабни битиргунимизга қадар ҳар йили 18 бола ўқиган синфимизга бешта “Гулхан” келди, биз обуна бўлдик. 9-синфда қўшимча сифатида “XXI аср технологиялари” журналига ҳам обуна бўлгандик. Ҳозир-чи? 2000 та ададнинг нари-берисида чоп этилаётган “Гулхан” республикамизнинг қайси мактабига етиб бораяпти? Синфдан ташқари ўқишларда ўқувчилар қайси нашрларни мутолаа қилишаяпти?
Мамлакатимиз раҳбари шу кунги видеоселектор йиғилишида “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” каби нашрларнинг таълим муассасаларига етиб бормаётгани, умуман, даврий нашрлар мутасаддилар эътиборидан четда қолаётганига алоҳида тўхталиб ўтди.
Бундан 107 йил муқаддам мутафаккир Маҳмудхўжа Беҳбудий “Муҳтарам ёшларға мурожаат”ида мактаб ва тарбия масаласига тўхталиб, хусусан, шундай деган эди:
“Барчамизга офтоб каби равшан ва аёндурки: макотиб тараққийнинг бошланғичи, маданият ва саодатнинг дурдонасидур. Маданияти ҳозирадан маҳрум қолуб, саноеъ ва маориф силоҳи ила қуролланмаган миллат эса дунёда роҳат ва саодат юзини кўролмай, “муборазаи ҳаёт” майдонида мутлақо мағлуб бўлур, оёқлар остида эзилур. Диний, иқтисодий ишларда ўзгаларнинг асири бўлуб, бора-бора миллат ва диёнатини ҳам қўлдан берур. Ана ушбу йўллар ила охири маҳв ва нобуд бўлуб кетар.”
Демакки, янги Ўзбекистон остонасини мактабдан бошлаб, она юрт ва халқ эртасини ёшлар келажагида кўрар эканмиз, уларни, энг аввало, мутолаага ошуфта этиш ва шу орқали юксак маънавиятли қилиш керак. Демоқчи бўлганим, газета ва китобнинг миссияси – битта!
Эврилишлар замонида бизни ҳар қанақа хавфдан мудофаа эта олиш қудратига эга нарса, бу – китоб. Инсоният дунёдунё бўлганидан бери шу бугунги кунгача фақатгина китоб воситасида, китоб туфайли етиб кела олди. Башарти, китоб бўлмаганида эди, одам болалари олис ўтмиш қатларида бир-бирини еб, йўқ бўлиб кетармиди?
Китоб ўқиган ва китоб кўрмаган киши ўртасидаги тафовут яққол сезилади. Ҳатто, оддий фильм томоша қилаётганида ҳам. Китобсиз яшаётганлар кинодаги рамзлар маънисига-да тушуна олмайдилар.
Масалан, Голливуднинг “Эртадан кейин” фильми бор. Фильмда Амриқони сув босиб, совуқ ҳаво оқимлари кела бошлайди. Бутун Нью-Йорк аҳли қирилиб битади. Америкаликларнинг айримлари жанубга қочади, айримлари осмонўпар иморатларда жон сақлашга уринади. Фақат беш-ўн чоғли ўсмирлар кутубхонага қочадилар. Жанубга кетганлари ҳам, бошқа ерда жон сақлаганлари ҳам ҳалок бўлишади. Кутубхонани бошпана қилган ўсмирларгина омон қолишади.
Китоб ўқимаган томошабин учун булар шунчаки кадрлар кетма-кетлиги бўлиши мумкин. Бироқ, “Эртадан кейин” фильми ижодкорлари айтмоқчики, аҳли башарни ҳар қандай балои офатдан фақатгина китоб асраб қола олади; кутубхонадан ташқарида инсон учун омонлик йўқ! Эртадан кейин ҳам курраи заминда одамзот яшаши керак экан, аввало, китоб ўқишдан ҳаётини бошлаши, китобни тарбия воситаси қилиши талаб этилади, демоқчи кино ижодкорлари.
Гулга меҳр берилса, у гулгун очилиб, киши кайфиятини кўтаради.
Ниҳол парваришланса, ҳосилга кириб, тотли ноз-неъматлари билан сийлайди. Боғ жамоли эса боғбондан.
Ёшларга кўрсатилаётган эътибор, таълим ва тарбия сифатини ошириш йўлидаги ғамхўрлик, маънавият, маърифатқайғуси истиқболимизни белгилаб берувчи энг қудратли омилдир.
Отабек ИСРОИЛОВ,
журналист,
“Машъал” газетаси бош муҳаррири ўринбосари.
“Тошкент ҳақиқати” газетасининг 2021 йил 23 январдаги 6-сонидан олинди.