Эртага Ўрта Чирчиқда янги боғча ишга тушади

Эртага Ўрта Чирчиқда янги боғча ишга тушади

«Машъал» газетаси – https://t.me/mashal_gzt

Яқинда Ўрта Чирчиқ туманининг «Аранчи» маҳалласида 6-боғчанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтганди. Эртадан ушбу боғча болаларни ўз бағрига чорлаб, иш бошлайди.

Ўрта Чирчиқ туманининг чекка ҳудудларидан ҳисобланган «Аранчи» маҳалласида турли миллат вакиллари яшайди. Мана неча йилларки, бу маҳалланинг ўз боғчаси йўқ. Ота-оналар фарзандларини мактабгача таълим ташкилотига беришни орзу қилиб, ўқувчи, ҳатто талаба қилдилар. Лекин бугунги кун ўзгаришлари бошқача, давр талаби бошқача.

Мамлакатимиз раҳбарининг бошчилигидаги ислоҳотлар туфайли энг чекка қишлоқлардаги болалар ҳам мактабгача таълим тизимига қамраб олинаяптилар. Хусусий боғчалар очилиб, жажжи фарзандларимиз учун барча имкониятлар яратилмоқда. Ана шундай имкониятлардан бири сифатида «Аранчи» маҳалласида 6-мактабгача таълим ташкилотининг очилганини айтиш мумкин.

Аввалги эски машина-трактор паркининг ўрнида бунёд этилган 120 ўринли замонавий, барча шарт-шароитларга эга, салкам 1 гектар майдонни эгаллаган мактабгача таълим ташкилоти виқор билан қад кўтарди ва аранчилик кичкинтойларни ўз бағрига чорлай бошлади. «Элнур-Шон-Савдо» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қарийб икки йил мобайнида бунёд этилган ушбу таълим ташкилоти маҳалланинг кўркига-кўрк қўшди.

Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ тумани Кенгаши депутати Хайрулло Дўстматовнинг жонкуярлиги, ташкилотчилиги ва беминнат ҳаракатлари боис хайрли ва эзгу иш амалга ошди. Фасли баҳорнинг авжи гўзал палласи, бетакрор ва хушнафас кунларида аранчиликлар янги бунёд этилган кичкинтойлар маскани томон ошиқдилар.

Мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросимида 2-сектор раҳбари, Ўрта Чирчиқ тумани прокурори Аброр Арипов сўз олиб, маҳалла тарихида илк бунёд этилган, кичкинтойларимизга ҳақиқий совға бўлган кўркам ва замонавий боғчанинг очилиши билан каттаю кичикни самимий муборакбод этди. Қизил тасма қирқилиб, маскан калити ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

– Бугундан бу маскан жажжи ўғил-қизларнинг шодон қийқириқлари ва кулгиларига тўлади, – дейди ушбу мактабгача таълим ташкилоти мудираси Гулмира Калимбетова барча жиҳозлар, турли-туман ўйинчоқлар билан таъминланган масканга меҳр билан боқиб.

Анора КАРИМОВА,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

«Машъал» газетаси

Report Page