Эрмакка айланаётган эстрада...

Эрмакка айланаётган эстрада...



Эстрада (испанча — тахтасупа) , эстрада санъати — кенг маънода — кўнгилочар, оммабоп бадиий (абадий, мусиқий, рақс, томошавий ва бошқалар) жанр ва шаклларнинг умумий ифодаси; тор маънода — саҳнавий профессионал санъат тури. Эстраданинг келиб чиқиши халқ оғзаки ижоди билан боғлиқ бўлсада, у муайян (тижоратоммабоп) санъат тури сифатида 19-асрда Европа йирик шаҳарларининг демократик ижтимоий маданий муҳитида юзага келган.

Санъат соҳасида соат сайин турли ўзгаришлар ва янгиланишлар кузатилмоқда. Жумладан, эстрада соҳасига ҳам тинимсиз турли ёшдаги ижодкорлар кириб келмоқда. Бу албатта яхши. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Миллий урф-одатларимиз ва қадимий санъатимиздан хабари бўлмаган (ёки санъатимизга эскилик сарқити деб қарайдиган) инсоннинг санъатга кириб келиши – фожеа. Ғарб классикаси ва  куй-қўшиқларига тақлид қилган ижодкор – миллат дардини куйлай олмайди.

Азиз газетхон, мақоланинг сарлавҳасини ўқиб эътироз билдирмоқчимисиз, ёки фикрларимга ажабланяпсизми? У ҳолда эстрадамизнинг “ёрқин юлдузи” Муниса Ризаева ижро этган қўшиқнинг матнига эътиборингизни қаратинг.

Озорим, азобим, безорим, бедорим                                     

Касалим, хуморим, офтобим, моҳтобим

Нурим...

Қўшиқнинг қолган қисмларини бироз тушунмадим, шунинг учун давомини ёзишни жоиз топмадим.

Аёл хонанда томонидан ижро этилган мазкур қўшиқ матнида ошиқ ўз машуқасини таърифламоқда. Биринчи мисрани тушундик ҳам дейлик, иккинчи мисрада “касалим” сўзи нега қўлланилган? Хотин-қизларга нисбатан қўлланиладиган “моҳтобим” сўзи-чи, нима учун эркак кишига нисбатан қўлланилган?.. Ўзбек тили қанчалар бой тил эканини машҳур тилшунослар ҳам бот-бот таъкидлашади. Буюк адибларимиз бу тилдаги битта сўзнинг ўн саккиздан зиёд маънодошлари борлигини ҳам исботлаб беришган. Тараққиёт асрида она тилимизнинг салобатини бутун дунёга намойиш қилиш ўрнига тузсиз қўшиқларни эшитиб юришимиз мантиққа тўғри келмаса керак. Ҳар бир инсонда туғма равишда  адабий ва бадиий дид нормалари шаклланган бўлади. Менинг фикримча эстетикани чуқур ҳис қилган инсон – бемаза матнга эга қўшиқларни эшитмайди.  Соҳада ижод қилаётган ёш ижодкорлардан бир Ягзон ҳам жуда кўп қўшиқлари билан ёшлар орасида (эстетик диди ривожланишга улгурмаган ўсмирлар орасида) танилмоқда. Куйга айланган биргина мисрасига эътиборимизни қаратайлик:

Анча бўлди кўрмаганимга,

Сочларини ўрмаганимга...

Ўзбек йигити деганда кўз ўнгимизга бирсўзли ва қатъиятли шахсларни келтирамиз. Қизларнинг сочини ўриб юрадиган йигитлар борлигини эса биринчи бор эшитишим. Санъат инсонларнинг маънавий дунёсини бойитиб руҳиятига ором берувчи сеҳрли соҳадир. Жумладан, санъат соҳасига нисбатан муносабат ва қарашлар ҳар кимда турличадир. Кимдир қўшиқнинг матнига эътибор қаратса, кимдир оҳангига урғу беради. Яна кимдир қўшиқ куйини тинглашни ёқтиради.

Севимли санъаткоримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, туманимиз фарзанди Тошпўлат Маткаримовни суҳбатга чорлаймиз.


 

– Халқимизда устоз кўрмаган шогирд – ҳар мақомга йўрғалар, каби нақл бор. Эстрадада ана шундай шогирдларнинг урчиётгани дилимизни ғаш қилмоқда. Ғарб маданиятига тақлид кучайган бир пайтда биз соҳа вакиллари ёш ижодкорларни тўғри йўлга бошлашимиз керак. Шахсан ўзим миллийлигимизга амал қилмаётган, яратаётган қўшиқларининг сифатига эътибор қаратмаётган  ёшларни айблашдан йироқман. Ёшлик – бебошлик. Инсон ёшлик чоғида ўз йўлини топишга қийналади, сўнг боши деворга урилади. Улғайгач, қайси йўл тўғри, қайси йўл нотўғри эканини англаб олади. Адашиш, янглишиш – ёшликка хос.

Мен қўшиқнинг матнига ҳам оҳангига ҳам бирдек эътибор бераман. Қўшиқчи шеъриятни яхши билиши керак. Инсон қалбига йўл топиш, халқнинг руҳиятини кўтариш – санъаткорнинг зиммасида. Бозор иқтисодиёти даврида адабиётни шоу бизнесга айлантираётганлар ҳам йўқ эмас. Халқимизда икки қайиқнинг бошидан тутган инсон – уммонга ғарқ бўлади, каби нақл бор. Айни дамда икки қайиқни эмас, уч-тўрт қайиқни бошидан тутаётганларни ҳам кўряпмиз. Тасаввур қилинг, пулни кетидан қувиб ўзи шеър ёзади, ўзи басталайди яна клипмейкерликни ҳам ўзи “эплайди”. Қарабсизки, тузсиз ва бемаза қўшиқларнинг сафи яна биттага ортади. Айни дамда халқона қўшиқ яратиш ҳаракатидаман. Ўзбек шеърияти жудаям бой. Маъноли шеърлар бисёр. Мақсадим – ота боболаримиздан қолган санъатимизга сайқал бериб, халқимизга етказиш. Бунинг учун тинимсиз изланишга тайёрман. Санъат соҳасида ўз йўлини топишга қийналаётган ёшларга ҳам ижодий муваффақият тилайман. Қалбида шижоати ва санъатга иштиёқи баланд йигит-қизлар албатта ўз йўлини топиб, халқимизнинг қалбидан жой эгаллайди.

Навбатдаги сўзни вилоятимиз фарзанди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Исмияминовага берамиз.


 Эстрада соҳасига кириб келаётган ёшларнинг қўшиқларини тингламайман. Кўпроқ устоз ижодкорларни тинглашни ёқтираман. Санъат соҳасининг остонасида турган бир нечта шогирдларни тарбияламоқдаман. Саҳна – муқаддас. Санъатга кирган ҳар бир инсон унинг муқаддаслигини ҳис қилиши керак. Томошабинларни хурмат қилиши лозим, кийими ва хатти-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратиши зарур. Шахсан ўзим яратаётган қўшиғимнинг матнига алоҳида эътибор бераман. Ҳар бир сўзи ҳикматдан иборат халқимиз санъат вакилларидан ноёб ижод намуналарини кутишади. Айни дамда ижод билан бандман. Келгуси режаларим, куйлашим керак бўлган қўшиқларим жуда кўп. Кўпроқ ота-она мавзусидаги қўшиқларни яратишни истайман. Эстрада соҳасининг остонасида турган ижодкорларга устоз санъаткорларнинг қўшиқларини тинглашни маслаҳат бераман.Устоз ижодкорларнинг яратган асарлари ҳам ёшларга устозлик қилади. Эстрадамизнинг ривожланиши ҳам муваффақиятсизликка учраши ҳам биз соҳа вакилларининг саъй-ҳаракатига боғлиқ. Шундай экан, халқимизнинг ишончини оқлаб, санъатимизни ривожлантиришмиз шарт.

Дунёда сўз кўп, сўзгарлар кўп. Ҳар бир сўзнинг ўзгача таровати ва маъноси бор. Айрим эстрада хонандаларининг қўшиқлари матнини тинглаганимизда тили чиқмаган гўдакнинг ноласини эшитгандек бўламиз. Икки мисра билан бутун бошли қўшиқни якунлашади. Сизларга иккита  эмас бир нечта қўшиқларнинг “абгор”матнини мисол тариқасида келтиришим мумкин эди. Аммо бунинг хожати йўқ деб ўйлайман, сабаби Сизлар ҳам сифатсиз ишланган қўшиқларни кўча кўйда тасодифан эшитяпсиз, жараённинг гувоҳига айланяпсиз. Аммо, биз барча тингловчиларнинг номидан хулоса қилмаймиз.  Қандай қўшиқ тинглаш ҳар кимнинг ўз ихтиёрида. Муҳими, санъатга ошуфталик қалбларимизни тарк этмасин.

Шоира ТЎЛАГАНОВА,



Report Page