Эркин Воҳидов қасидасига мухаммас

Эркин Воҳидов қасидасига мухаммас


Битгали номингга олқиш келди илҳом, ўзбегим, 

Шоир-у носир аталмиш элга жонон ўзбегим, 

Кўргали аҳли жаҳон ҳам топди имкон, ўзбегим, 

Тарихингдир минг асрлар ичра пинҳон, ўзбегим, 

Сенга тенгдош Помир-у Оқсоч Тиёншон, ўзбегим. 

 

Бир ширин-у аччиқ эрмиш аслида ўтмиш тоти, 

Чопса бирда, бирда чопмас кишининг чопқир оти, 

Шундайин кун ўтди бошдин кўп эрур қатдин қати, 

Сўйласин Афросиёб-у, сўйласин Ўрхун хати, 

Кўҳна тарих шодасида битта маржон ўзбегим. 

 

Гарчи шубҳа қилса дун, билсин сўраб авлодидан, 

Аҳли очун қилди беклик, минг қараб авлодидан, 

Бул диёр фарзанди бил Маҳмуд Тароб авлодидан, 

Ал Беруний, Ал Хоразмий, Ал Фороб авлодидан, 

Асли насли балки Ўзлуқ, балки Тарҳон, ўзбегим. 


Бобурий яшнатди бирдек, ҳинд ерин, Кашмирларин, 

Тутти қонун ҳар бир айтган сўзини амирларим, 

Не ғаним қон қилди кўксинг бир эмас, минг ерларин, 

Ўтдилар шўрлик бошингдан ўйнатиб шамширларин, 

Неча қоон, неча султон, неча минг хон, ўзбегим. 

 

Боғинга ошуфта чумчуқ анда гулгун кўрди-ю, 

Бир донинг еб Маккадан ҳам қайтмоқлара кўнди-ю, 

Шамс қўниб бошингга олам ваҳки нурга тўлди-ю, 

Тоғларинг тегрангда гўё бўғма аждар бўлди-ю, 

Икки дарё, икки чашминг, чашми гирён, ўзбегим. 

 

Таним тупроқ эрур жисмим устида яшнайди боғ, 

Бу боғим боғбони ҳам, посбони ҳамдур неча тоғ, 

Ул тоғин кўксида қондур, асри жангоҳ ўтти чоқ, 

Қайсари Рум найзасидан бағрида доғ узра доғ, 

Чингиз-у Боту тиғига бўлди қалқон, ўзбегим. 

 

Доғлари кетмас ҳануз-ки, мангудир ҳотир ҳамон, 

Неча душман қўймади ҳеч, қийнатиб халқинг омон, 

Келдилар ҳам бостириб бул ерни олмоқчун томон, 

Ёғди тўрт ёндин асрлар бошингга тийри камон, 

Умри қурбон, мулки тарож, юрти вайрон, ўзбегим. 

 

Ариқдин қон оқдилар ҳам, дединг-у "дод" - тегмадинг, 

Элни қулдек сотдилар ҳам, дединг-у "дод" - тегмадинг, 

Шаҳид янглиғ отдилар ҳам, дединг-у "дод" - тегмадинг, 

Давр зулмига ва лекин бир умр бош эгмадинг, 

Сен Муқанна, Сарбадор сен, эрксевар қон, ўзбегим. 

 

Дин аро қўйди тўсиқ, оҳ, мўмининг қийнаб бирам, 

Не бало тош отдилар ҳам номинга, қилгай алам, 

Биргина сўз бирла айтай несан-у сен, ҳам манам, 

Сен на зардуш, сен на буддий, сенга на оташ, санам, 

Одамийлик дини бирла тоза имон, ўзбегим. 

 

Ўтди кунлар умид бирлан ваҳки минг кулфат аро, 

Чекди унлар, ер бўлиб минг битта зўр тухмат аро, 

Тутти қўллар, сотиб нелар душмана улфат аро, 

Маърифатнинг шуласига талпиниб зулмат аро, 

Кўзларингдан оқди тунлар кавкабистон, ўзбегим. 

 

Шоир-у олимлари лол қилди гардун давлатин, 

Кўринг тил ва дилларида неча аждод савлатин, 

Илди юлдуз ёнига бир номи Ўзбек миллатин, 

Туздию Мирзо Улуғбек Кўрагоний жадвалин, 

Сирли осмон тоқига илк қўйди нарвон, ўзбегим. 

 

Бир Навоий байтига куйлаб наво берди жаҳон, 

"Йўқ эрур ҳеч тенги", деб ўйлаб наво берди жаҳон, 

Назми назди куйиға ўйнаб наво берди жаҳон, 

Мир Алишер наърасиға акс-садо берди жаҳон, 

Шеърият мулкида бўлди шоҳ-у султон, ўзбегим. 

 

Не жафокаш кунларингни кўз кўриб, билганди қўл, 

То санинг бул васфинга битмоқлара ўрганди қўл, 

Битти-ю тутти зулм, қийноқлара ўртанди қўл, 

Илм-у шеърда шоҳ-у султон, лек тақдирига қул, 

Ўз элида чекди ғурбат, зор-у нолон, ўзбегим. 

 

Минг қадам, минг бир қадам-ла ташлаб алам узра ўт, 

Қўймайин ҳеч байт битарға, тутти қалам узра ўт, 

Кўп жафо етказди ҳаргиз, ёқди одам узра ўт, 

Мирзо Бобур - сен, фиғонинг сочди олам узра ўт, 

Шоҳ Машраб қони сенда урди туғён, ўзбегим! 

 

Дил қадар, кўнгил қадар юз ёзди масрур Нодира, 

Ул аруз арзида афсунгар-у афсун Нодира, 

То анинг сеҳри била бўлмади мамнун Нодира, 

Шеъриятнинг гулшанида сўлди махзун Нодира, 

Сийм танни ювди кўз ёш, кўмди армон, ўзбегим. 

 

Ишқи Ёдин ёнмоқа зид дунёи қилди ҳукм, 

Ҳукмига бир маъно топмас рўёи қилди ҳукм, 

Икки елка кўтаролмай бу азиз шоир юкин, 

Йиғлади фурқатда Фурқат, ҳам муқимликда Муқийм, 

Нолишингдан Ҳинд-у Афғон қилди афғон, ўзбегим. 

 

Шонинга шон қўшмоқ учун жисмима тургай юрак, 

Номинга ном қўймоқ учун кўксима ургай юрак, 

Не учунким бари асринг ёзгали куйгай юрак, 

Тарихинг битмакка халқим, мингта Фирдавсий керак, 

Чунки бир бор чеккан оҳинг мингта достон, ўзбегим. 

 

Душмана бас келмоқни сен ўрганиб куйдинг бирам, 

Ўрганиб жанг-у жадалда ўртаниб куйдинг бирам, 

Соғми болам, тинчмикан, деб ўйланиб куйдинг бирам, 

Ортда қолди кўҳна тарих, ортда қолди дард, ситам, 

Кетти ваҳминг, битти заҳминг, топди дармон, ўзбегим. 

 

Сирли маконсан ўзинг бир дарёйинг сири билан, 

Бўйларинг оламни тутти райҳонинг ҳиди билан, 

Муридинг топди камолин неча муршиди билан, 

Бўлди осмонинг чароғон толе ҳуршиди билан, 

Бўлди асрий тийра шоминг шуълаафшон, ўзбегим. 

 

Ҳусн очармиш сен учун ҳарки кунда битта гул, 

Бирда боқсам чўққида-ю, бирда боқсам кўлда гул, 

То санинг ҳур қизларинг ҳам, битта гулда, битта гул, 

Мен Ватанни боғ деб айтсам, сенсан унда битта гул, 

Мен ватанни кўз деб айтсам, битта мужгон, ўзбегим. 

 

Миромонинг айлагайдир бари бағринг боғ қилиб, 

Бас, у зот бор мен юрарман митти кўнглим чоғ қилиб, 

Орзу осмонида парвоз ҳоҳи қилмай, ҳоҳ қилиб, 

Фахр этарман она халқим, кўкрагимни тоғ қилиб, 

Кўкрагида тоғ кўтарган танти деҳқон, ўзбегим. 

 

Ўзига бек элни суймак не учун бахт этмайин, 

Бир нафас яшаб бўлурми толедин тахт этмайин, 

Балки фарзандинг эмасман юрсама аҳд этмайин, 

Ўзбегим, деб кенг жаҳонга не учун мадҳ этмайин, 

Ўзлигим топмоққа даврим берди имкон, ўзбегим. 

 

То тирикман анинг ишқида куймакка бандиман, 

Шир-у шаккардин ширин бир ҳам асал, ҳам қандиман, 

Гоҳ тикон кирса ачишган дилиман, дилбандиман, 

Мен буюк юрт ўғлидурман, мен башар фарзандиман, 

Лекин аввал сенга бўлсам содиқ ўғлон, ўзбегим. 

 

Алпомиш даст кўтарган аслида қиз қоши, камон, 

Бу элинг то тирикдурки, бир сани суйгай ёмон, 

Бобур-у Ибрат элидан бир буюк чиққай омон, 

Менга Пушкин бир жаҳон-у, менга Байрон бир жаҳон, 

Лек Навоийдек бобом бор кўксим осмон, ўзбегим. 

 

Бир жамолинг мадҳига мен оҳ дегайман фахр этиб, 

Лазгиси бирла тановор, воҳ дегайман фахр этиб, 

Атласи бирла кўнгулдир чоғ, дегайман фахр этиб, 

Қайга бормай, бошда дўппим, ғоз юрарман фахр этиб, 

Олам узра номи кетган Ўзбекистон, ўзбегим. 

 

Булбулинг ҳуш сайрагайдир Шодаи Гул ҳурмати, 

Баҳордин дил яйрагайдир, қиш-у ёз, куз ҳурмати, 

Бари байтим билки юртим Шавкатинг юз ҳурмати, 

Бу қасидам сенга халқим оқ сут-у туз ҳурмати, 

Эркин ўғлингман қабул эт, ўзбегим, жон, ўзбегим.

Гулшода ҲУСНИДДИНОВА.

Report Page