Эркин Аъзам. «Ҳозирийлар»

Эркин Аъзам. «Ҳозирийлар»


«...Сиз айтаётган кимсалар — ҳозирийлар, — дейди ҳамсуҳбатим. — Бугуннинг, бир кунгинанинг одамлари». «Ҳозирийлар»? — дейман ажабланиб. — Шундай сўз бор эканми?» «Бўлмаса — бўлар. Луғатга кирмаган гап кўп-ку. Шу куннинг, ҳозирнинг бандалари, йўқ, бандиларини «ҳозирий» демай нима дейсиз?»

Одамзод кечаги кунини эслаши, қўмсаши, у билан фахрланиши мумкин, аммо ўтмиши учун яшамайди. Бунинг иложи йўқ. Бесамар ҳам. «Пайғамбар ҳам бугунини кўрибди», «Дам шу дамдир, ўзга дамни дам дема», «Бугунингни

кўриб турсанг-чи, эртага бир гап бўлар» деган нақллар фоний умрнинг барча фаслларига бирдай дахлдор қатъий ақида ёки ҳикмат эмас, анчайин бир мавриди гап, холос. Лекин атрофга назар солинг-а: охиратни-ку қўятурайлик, оқибатини, ҳатто эртасини ҳам паққос унутиб, яккаш айни шу ўтаётган куни, дами, дақиқасининг қулига айланиб қолганлар қанча!

Эртанги савол-жавобдан қўрқса, андиша қилса, одам одамни хўрлармиди, одам одамга фириб бериб, риё қўллармиди, ўткинчи дунё матоҳига инсонлик шаънини алмаштирармиди ?!

Бир думалаб бойваччага айланган мардум яқин биродарини, ночорроқ ҳамсоясини оёқ учида кўрсатади! Омади чопиб бирор мансабни эгаллаган бошқаси ўзини дунёнинг дўкайи чоғлаб, кечагина бир майизни бўлиб еган ҳамдамига осмони фалакдан келиб муомала қилади! Нега бундай? Негаки — бугуннинг эгаси, бугуннинг хўжайини у! Эртанги кундан қўрқмайди.

Эртанги кун ҳам ўзимники деб ўйлайди. (У кимники бўлишини қайдан билибсан, эй осий банда?!)

Сирасини айтганда, бундай «кунбайчи»лар ҳамма замонда бўлган. Аммо бугун роса урчиб кетганининг сабаби нима? Умумфаровонлик ҳақидаги кечаги чўпчакларга ишонадиган одам қолдими бугун? Ўлимликка дея тийинлаб йиққан жамғармаси бир кунда сомондек совурилган бечоранинг аҳволини тасаввур қилинг! Бозор шароитининг асосий ғилдираги деганимиз бизнес эса толе милидек беқарор: ё чикка, ё пукка. Гардкамига-да. Боз устига — мактаб кўрмасдан ҳам

биппа-бинойи кун кечириш мумкин экан, қаранг! Келажак кафолати — беш йиллик таҳсил шаҳодатномасига гоҳо олғирлик «таланти» тиркалмаса, муддаога эришиш қийин. Айрим дин пешволари ҳам оқибату охират ташвишлари қолиб, бу дунёнинг бошқа ўйинларига берилиб кетди... Хуллас, жамиятдаги ўтиш даврига хос бундай синовлар баъзи «тоши енгил»роқ кимсаларни гангитиб, бир куннинг асирига айлантириб қўйгани бор гап; бугуннинг гаштини сур, эртага — худо пошшо!

Аждодлар эртасини, яъни бугунги кунни ўйламаганида — сизу биз дунёга келармидик, буғдой бошоқ тортармиди, оғоч мева тугармиди, юрт кўриб турганимиздек кўркам, ободон бўлармиди...

Эртага хам кун бор. Эртага ҳам, худо хоҳласа, тонг отажак, бобо Қуёш юз кўрсатажак. Унга тик қарамоқ-ку мушкулдир, бир-бировимизнинг юзимизга, кўзимизга қараш азобидан қўрқайлик, бугуннинг завқи билан маст юрган эй ҳозирийлар!

Report Page