Энг яхши кун – бугун...

Энг яхши кун – бугун...


Тўйдан кейин келин ва куёв ҳамда уларнинг келажакдаги ҳаёти қандай кечиши доим барча учун жуда қизиқарли ҳолат ҳисобланади. Ҳамма уларга ёш йигит ёки қиз сифатида эмас, муқаддас оилани барпо этган етук шахслар сифатида муносабатда бўла бошлайдилар. Шундай экан, оила бошлиғи бўлган кечаги ёшлар турмушнинг оғир-енгилини, аччиқ-чучугини биргаликда тотиб, муаммоларни ҳамжиҳатликда ечиши қўрғон мустаҳкамлигида муҳим ўрин тутади.

Андижон туманида оилавий келишмовчиликлар туфайли ажрим ёқасига келиб қолган вилоятимиздаги 16 та оилани яраштириш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш масалаларига бағишлан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Маҳаммаджон Нишонов иштирок этиб, оила муқаддаслиги, унинг фаровонлигини таъминлашда оила бошлиқларининг вазифалари ҳамда ўзаро жанжал ва келишмовчиликнинг фарзандлар ҳаётига таъсири хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Самимий мулоқот давомида ажрим ёқасига келиб қолган оила вакилларининг ҳар бири билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди. Уларга вилоят ҳокимининг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси Мавлюда Низомова бошчилигида ҳуқуқ-тартибот ҳамда диний идора вакиллари ва бошқа мутасаддилар ҳаётий тажрибалари асосида ажримларнинг оқибатлари ҳамда эр-хотинлик вазифалари, мустаҳкам оила қуриш талаблари юзасидан тушунчалар бериб ўтдилар.

Жараёнда барча оилаларнинг қўрғони тикланиб, уларга бахт ва омад тиладилар. Шунингдек, «Оила» илмий-амалий тадқиқотлар маркази томонидан нашр этилган китоблар туҳфа этилди. Шу боис, улар учун энг яхши кун – бугун, дейишга асосимиз бор.


Андижон вилояти ҳокимлиги
матбуот хизмати

Report Page