Энг яхши болалар қаҳрамонлари танлаб олинди

Энг яхши болалар қаҳрамонлари танлаб олинди


Буюк болакайлар

Кеча, 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Энг яхши болалар қаҳрамони/қаҳрамонлар гуруҳи” кўрик-танлови якунланди.

Мазкур танлов мактабгача таълим материалларини ўргатувлар учун энг яхши болалар қаҳрамонини яратиш мақсадида ташкил этилган бўлиб, унга 270 нафар ижодкордан 1000 дан зиёд иш келиб тушди.

Асарларнинг 17 таси кўрик-танловнинг якуний – финал босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Финалчиларнинг 10 нафари онлайн овоз бериш йўли билан сараланган бўлса, қолган 7 нафари ташкилотчилар томонидан танлаб олинди.

Финал босқичида иштирокчиларнинг ишларини Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутахассислари, таниқли санъаткорлар, дизайнерлар ҳамда блогерлар баҳолаб боришди.

Ҳакамлар ҳайъати баҳоларига асосан, биринчи ўрин 172 балл тўплаган Тоҳир Исломовга насиб этди. Унинг “Буюк болакайлар” персонажи энг яхши иш деб топилди ва муаллиф ташкилотчилар томонидан 10 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.

Тоҳир Исломов

“Барча тарихий шахслар – ҳукмдорлар, олимлар, шоирлар, санъат намояндалари бир пайтлар бола бўлишган. Шундан келиб чиқиб, менда уларни боғча ёшида акс эттириш ғояси пайдо бўлди, – деди танлов ғолиби Тоҳир Исломов. – 4-5 ёшда болалар келажакда ким бўлишларини аниқ билишмайди, бироқ келажакларини белгилаб берувчи иқтидор ва қизиқишларини шу ёшдаёқ намоён этишади. Шунинг учун бу танлов болаларни тарбиялашда, йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади”.

Иккинчи ўринни эса Хуршид Турсунбоев эгаллади. У яратган “Турсунбой ва Қўчқорвой” персонажи ҳакамлар томонидан 152 баллга лойиқ кўрилди. Муаллифга ташкилотчилар томонидан 6 миллион сўм пул мукофоти топширилди.

Турсунбой ва Қўчқорвой

“Менинг персонажим – Турсунбой реал ҳаётдан олинган. У ширинликларни жуда яхши кўради, тишларининг тўкилиб тушгани ҳам шундан. Унинг энг яқин дўсти – Қўчқорвой. Лекин Қўчқорвой дўстининг қучоқлаши, у билан ўйнашини кўпам ёқтирмайди, унга ўт ва ем бўлса бўлди. Танловда ишим иккинчи ўринга муносиб кўрилганидан жуда хурсандман. Ўйлайманки, ушбу персонаж болалар учун жуда қизиқарли бўлади”, – деди Хуршид.

Хуршид Турсунбоев

Учинчи ўрин Лейла Мўминовага насиб этди. Унинг “Анора” персонажи 145 балл тўплаб, 4 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.

Анора

“Танлов ҳақида менга онам айтдилар. Ўша кундан бошлаб хаёлимда ҳар хил образларни ўйлаб юрдим, қоғозга чизгилар туширдим, – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашди Лейла.

Лейла Мўминова

– Дастлабки чизмаларимни ўзбек халқ эртакларидаги персонажлар тасвиридан таъсирланиб яратдим. Лекин менинг қаҳрамоним замонавий, ташқи қиёфаси ва ички дунёси бугунги болаларга яқин бўлиши керак эди, шунинг учун ишга ижодий ёндашишга қарор қилдим. Қаҳрамоним либосларини ва исмини танлашда анор мевасидан илҳомландим.

Танловга жуда яхши асарлар топширилган, рақобат катта эди, мен ўрин ололмасам керак деб ўйлагандим. Бу эътибор ва ғамхўрлик мени янги ишларга рағбатлантиради”.

“Мактабгача таълим вазирлиги билан ушбу йўналишда бир қатор лойиҳаларни амалга оширяпмиз, – деди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Ҳикматилла Убайдуллаев. – “Энг яхши болалар қаҳрамони/қаҳрамонлар гуруҳи” кўрик-танлови ҳам ана шуларнинг бири. Ўйлайманки, бугун биз ўзбекистонлик болалар учун севимли персонажлар, бир-биридан чиройли миллий қаҳрамонларнинг яратилганига гувоҳ бўлдик. Танловга тақдим этилган барча ишлардан имкон қадар фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Ушбу қаҳрамонлар яқин келажакда мультфильм, эртак ва ҳикоя қаҳрамони бўлиб болалар орасига, уларнинг қалбига кириб боради. Ушбу лойиҳага бефарқ бўлмаганлардан миннатдормиз”.

Шаҳзода, Убайдуллаев Хикматилла, Тен Елена

“Ўзбекистонда истеъдодли ва фаол ёшлар шунчалик кўп эканини кўриш кишини хурсанд қилади, – деди Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш ва стратегик ривожланиш Бош бошқармаси бошлиғи Тен Елена. – Танловда ҳар хил ёш тоифасидаги одамлар, жумладан, мактаб ўқувчилари, талабалар ва профессионал мутахассислар қатнашди. Саралаш босқичидаёқ биз илиқ ҳиссиётлар уйғотадиган персонажларга дуч келдик. Мактабгача таълим вазирлиги режалаштираётган маърифий лойиҳаларга тайёр маҳсулот бўладиган ажойиб ғоялар учун иштирокчиларга миннатдорчилик билдирамиз. Янги персонажлар болаларимиз учун хаёлот оламига эшик очади, дунёқарашини кенгайтиради”.

Дейл Аҳмади, Умид Ғофуров

Танлов ҳалол ва адолатли ўтди, – деди Умид Ғофуров, ҳакамлар ҳайъати аъзоси, Troll.uz лойиҳаси асосчиси. – Чиндан ҳам муносиб бўлган ишларнинг муаллифлари ғолиб бўлди. Ушбу қаҳрамонлар янги медиа маҳсулотлар учун асос бўлишига, болаларни тўғри тарбиялашга хизмат қилишига ишонамиз”.

Мана шундай муҳим тадбирда ҳакам сифатида иштирок этишнинг ўзи ёқимли, деди ҳакамлар ҳайъати аъзоси, хонанда Шаҳзода. – Иштирокчиларнинг барчаси иқтидорли ва салоҳиятли ижодкорлар эканига амин бўлдим. Ишончим комилки, фарзандларимиз бугун тақдим этилган қаҳрамонлар ёрдамида билимли ва ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етади”.

Қайд этиш керакки, томошабинлар эътирофи совринига овоз бериш мактабгача таълим муассасаларида давом этмоқда. Натижалар тез кунларда Мактабгача таълим вазирлигининг www.mdo.uz сайтида эълон қилинади.

Хуршид Турсунбоев
Лейла Мўминова


Report Page