“Энергетика болажонлар нигоҳида” расмлар танлови
Бўм-бўш, тоза асфальт йўл, ер, рангли бўрлар..... Тасаввурингизга биринчи бўлиб нима келди? Албаттада, қийқириб ўйнаётган ва ҳаётни ўз фикр ва тасаввур доирасида турли рангларда кўраётган бахтиёр болажонлар эмасми?!
“Ўзатом” агентлиги ҳовлисида “Энергетика болажонлар нигоҳида” мавзуида болалар иштирокида расмлар танлови ўтказилди. Ҳозирги мураккаб пандемия шароитида барча санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда бўлиб ўтган ушбу қизиқарли тадбирда 5 ёшдан 14 ёшгача, расм чизишга иштиёқ ва истеъдоди бўлган ўғил-қизлар иштирок этишди.
Танловда ҳайъат аъзоси сифатида Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти совриндори, ҳайкалтарош Рустам Ерметов, “Ўзатом” агентлиги атом энергетикаси ва ядро технологиялари бошқармаси бошлиғи Қосим Тўхтаохунов ва “Атом электр станцияларини қуриш бўйича дирекция” ходимлар бошқармаси бошлиғи Нозимахон Зиявитдинова қатнашдилар.
Бадиий ижод учун болаларга хизмат қилган майдонча, уларнинг беғубор, позитив шу билан бирга олам-олам маъно мужассам расмлари билан тўлди.
Тадбир сўнгида 5-7 ёш, 8-10 ёш ва 11-14 ёш гуруҳи бўйича энг креатив ва энергетика мавзусига яқин ҳамда маъно жиҳатдан ҳайъат азоларига маъқул келган 3 та расм танлаб олиниб, мукофотлар тақдим этилди.
Конкурснинг энг қувонарли томони тадбирда ҳатто 2 ва 4 ёшдаги жажжи ширинтойларнинг ҳам борлиги бўлди.
“Энергетика болажонлар нигоҳида” конкурсида расмлар орасидан энг сараларини танлаб олиш осон кечмади. Чунки ҳар бир расм ўзгача маънога ва креатив ғояга эга эди. Энг асосийси, уларнинг барчасида болаларнинг интилиш ва ҳаракатлари, ўзгача меҳр ва муҳаббатлари сезилиб турар эди. Тадбирда ҳеч бир бола ютқазмади ва улкан завқ ва шавқ билан уйларига қайтдилар. Фарзандларнинг барчалари “Ўзатом” агентлигининг эсдалик совғалари ва ажойиб ширинликлар билан тақдирландилар.
Бу тадбирдан олган таассуротларимиз билан расмларда бўлишамиз, Сиз ҳам болажонларнинг самимият ва беғуборлигидан баҳраманд бўлинг!