Эндиликда талабалар ҳам устозлари билан бирга хорижий сафарларга бориши мумкин
@eduuzХабарингиз бор, шу кунларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири мамлакатимиздаги давлат, нодавлат, хорижий таълим масканлари ва уларнинг филиалларида бўлиб, ўқув юртининг илмий салоҳияти, унинг имкониятлари, талабалар билим даражаси билан яқиндан танишмоқда.
Вазир бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кампусига бориб, талабалар билан очиқ мулоқот қилди.
Учрашув аввалида университет илмий салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма билан танишилди. Унда университетнинг барча факультет талабалари, ўзларининг "Start-up" ва инновацион лойиҳалари, ишланмаларини тақдимот қилишди.
Вазир лойиҳалар билан танишар экан, маҳаллий амалиётни янада кучайтириш, лойиҳалар сони ва сифатини ошириш, бола тарбиясида ташқи омиллардан ҳимоя қилувчи лойиҳаларни жонлантириш, инклюзив таълим, ижтимоий сўровномалар сифатини яхшилаш орқали омма фикрини ўрганиш ҳамда энг фаол талабаларни вазирликка амалиёт ўташ ва ишга олиш юзасидан бир қатор топшириқлар берди.
Шундан сўнг, бугунги кунда таълим тизимида амалга оширилаётган сўнгги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтириш, таълим олиш жараёнида учраётган айрим муаммоларни бевосита талабаларнинг ўзидан эшитиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш мақсадида таълим маскани раҳбариятидан холи, расмиятчиликдан йириқ шаклда Вазир ва талабалар учрашуви бўлиб ўтди.
Самимий мулоқотда ЎзМУнинг 100 дан ортиқ талаба ёшлари иштирок этди. Абдуқодир Тошқулов сўнгги вақтда президент ташаббуси билан олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан биргина қабулнинг 3 баравар ошгани ҳақида тўхталиб, агар бу ишлар қилинмаганида балки ҳозир бу ерда сизларнинг учдан икки қисмингиз иштирок этмаган бўлар эдингиз дея сўзини давом эттирди. Бу яратилган шароитларга жавоб бериш, давлатни корига яраш, халқ хизматини қилиш барчанинг бурчи эканлиги қайд этилди.
Мулоқотда талабалар вазир учун аталган бир неча ўнлаб таклиф ва ташаббусларини билдиришди.
Жумладан, кутубхоналар, очиқ ҳавода китоб ўқиш учун махсус жойлар, талабалар турар жойларида Маънавият хоналарини қайта ташкил этиш, айрим фанлардан ўзбек тилида адабиётлар келтириш, Вазир грантини йўлга қўйиш орқали талабаларни рағбатлантириш, талабалардан иборат Вазир Маслаҳат гуруҳини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар ўртасида спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларини ўтказиш, компьютер саводхонлиги курсларини кўпайтириш каби асосли таклифлар билдирилди ва буларнинг барчаси вазир томонидан маъқулланди.
Талабалар томонидан билдирилган яна бир фойдали таклиф бу уларнинг ҳам хизмат сафарларига бориши ва хориж тажрибасини ўрганиши бўлди.
Шунда вазир "агар тажриба алмашиш мақсадида хориж сафарига борувчи профессор-ўқитувчилар ўзи билан камида бешта талабани қўшиб олиб кетмаса, унга хориж сафарига чиқишга рухсат берилмайди", - деди.
Шунингдек, Журналистика факультети талабалари томонидан сухандонлик фанларини жорий этиш, халқаро маданият ва хориж таълим тизимидаги тажриба билан яқиндан танишиш, махсус студия ташкил этиш таклифлари билдирилди. Абдуқодир Тошқулов бу таклифларни ҳам ижобий ҳал этилишини қайд этди.
Таълим сифатини яхшилаш учун, албатта, назария ва амалиёт бир-бирига ҳамоҳанг тарзда олиб борилиши керак. Учрашувда, айниқса, география, геология, археология йўналишларида амалиёт соатларини кўпайтириш ва дарсларни сўнгги ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда дарс олиб борилиш каби масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Йиғилишда талабаларга бугунги кун муаммоси бўлган ахборот ҳуружи, дангасалик, лоқайдлик, ватанпарварлик ҳиссининг йўқлиги, беқарорлик, вақтичоғлик, тушкунлик каби хатарлардан йироқ юриш тавсия этилди.
Самимий мулоқот якунида билдирилган барча фикрлар умумлаштирилиб, таклиф ва мулоҳазаларни тез фурсатда амалга ошириш юзасидан вазирлик мутасаддиларига кўрсатмалар берилди.
Учрашув сўнггида энг яхши таклиф берган талабаларга вазирнинг эсдалик совғалари топширилди.