Энди айрим тоифадаги академик лицей раҳбарлари ва педагог ходимлари учун малака ошириш курслари масофавий шаклда ташкил этилади
@eduuzОлий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Бош илмий методик марказда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 июндаги “Академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимларининг узлуксиз малака ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги 296-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси бўйича давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда мазкур қарорнинг мазмун- моҳияти, амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида фикр алмашилди.
Қарорга кўра, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари “Ҳаёт давомида таълим олиш” тамойили асосида узлуксиз равишда ўз малакаларини ошириб борадилар. Бундан ташқари, малака оширишнинг касбий фаолиятга алоқадор янги мустақил ва муқобил шакллари амалиётга жорий этилади.
Педагог ходимларининг узлуксиз касбий малакасини ошириш тизимини ташкил этиш, уларнинг малакасини ошириш жараёнларини узлуксиз назорат қилиш ва шахсий ҳисобини юритиш имкониятини таъминловчи электрон платформа тизими яратилиши ҳам режалаштирилган. Шунингдек, амалиёт кредит-модуль тизими асосида амалга оширилиб, малака оширишнинг ҳар бир шакли учун кредитлар миқдори белгиланади.
Шуни таъкидлаш жоизки, Академик лицей раҳбар ва педагог ходимларининг малака оширишдан ўтди деб топилиши, тингловчидан бир йил давомида камида 8 кредит бирлик тўплашни назарда тутади. Шу билан биргаликда, академик лицейлар раҳбар ва педагог ходимлари таркибидаги уч ёшга тўлмаган боласи бўлган аёллар, пенсия ёшидагилар ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун малака ошириш курслари масофавий шаклда ташкил этилади.
Шунингдек, ушбу қарор билан сертификатнинг қоғоз шаклидан воз кечилиб, QR-код қўйилган электрон шаклини бериш тартиби амалиётга жорий этилмоқда.