Энди ОАВлар давлат хизматлари маркази орқали рўйхатдан ўтади
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасиТошкент вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги “Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан семинар ташкил этилди.
Унда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар ва Давлат хизматлари агентлиги бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар, босма, электрон ахборот воситалари журналистлари ва мутахассислар иштирок этди.
Мазкур қарорга кўра, оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш, ноширлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди.
Унга мувофиқ, кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали мурожаат қиладилар. Регламентга кўра, ОАВларини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чекланмаган муддатга, матбаа фаолиятини амалга ошириш учун гувоҳнома эса беш йил муддатга берилади.
Тадбирда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи Зарифа Эралиева давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши юзасидан тушунча бериб, эндиликда, тадбиркорлик субъектларининг тўғридан-тўғри Агентликка мурожаат этиш амалиёти бекор қилиниб, юридик ва жисмоний шахслар ўз ҳудудларидаги давлат хизматлари марказларига ҳужжатлар тақдим этиш имконияти яратилганлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматлари кўрсатиш бўйича маъмурий регламентларнинг талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги ҳам таъкидланди.
Тадбир якунида бундай учрашувларни келгусида яна ўтказишга келишиб олинди.
Давлат хизматлари агентлиги
Тошкент вилояти бошқармаси
Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими