Электротехника саноатида кадрлар тайёрлаш тизимида янгича ёндашувлар ва ёшларни касбга ўқитиш чора-тадбирлари

Электротехника саноатида кадрлар тайёрлаш тизимида янгича ёндашувлар ва ёшларни касбга ўқитиш чора-тадбирлари

https://t.me/aoka_uz

Электротехника йўналишида 2021 йилда мамлакатимизда умумий қиймати 152 миллион долларлик янги ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга тушган бўлса, бунинг натижасида 3200 ортиқ янги иш жойлари яратилди. Бу ўз навбатида ишлаб чиқаришга юқори билимли, муҳандис-технологлар, лойиҳаловчи дастурлаш мутахассислари, автоматик бошқарув билан ишлайдиган замонавий IT (АйТи) мутахассис кадрларга бўлган талаб катта эканлигини кўрсатмоқда.

2025 йилга келиб қўшимча ишчи касбларга бўлган эҳтиёж 18 минг нафарга етади. Шундан, 14 минг нафари ўрта маълумотга эга мутахассислар ҳисобланади.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам соҳага малакали мутахассис-кадрларни етказиб беришнинг янгича тизимини йўлга қўйиш устида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Германиянинг Siemens Energy компанияси билан кўпгина мамлакатларда ўз самарасини берган «Дуал таълим» дастурини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш бўйича тажрибалар ўрганилмоқда. Шунингдек, умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари учун электротехника соҳаси бўйича махсус тўгарак машғулотлари, уларда бу касбга болаликдан меҳр уйғотиш мақсадида электротехника соҳасидаги корхоналарга “саноат туризми” ташкил этилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг энг чекка Нукус ва Хоразм, Фарғона ва Наманган вилоятларида фаолият олиб бораётган корхоналарда ишлаб чиқариш йўналишидаги мутахассисларга талаб юқорилиги боис, ўша ҳудудларда ташкил қилинаётган “Ишга марҳамат” мономарказларида пайвандловчи, электрик, электромонтёр, оператор, электромеханик, маиший техникаларга хизмат кўрсатувчи усталарни тайёрлаш бўйича махсус ўқишлар ташкил қилинмоқда. Бу марказларга корхона талабидан келиб чиқиб, ўқиш истагини билдирган ёшлар касбга ўқитилмоқда.

Шу билан бирга, корхоналар ҳам ўз салоҳияти ва имкониятидан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш учун мустақил кадрлар тайёрлаш сиёсатини амалга оширмоқда. Мана яқинда “Ностандарт” (Наманган вилояти) корхонамизда худди шундай касбга ўқитиш маркази ташкил қилинди. Бу ерда токарь, фрезировкачи, конструктор, чилангар, металл қуювчи каби мутахассисликларда кадрлар тайёрланмоқда. Энг муҳими бу ерда стажировка ўтаган ёшлар ушбу корхонанинг ўзида ишга жойлаштирилади. Доимий иш билан бандлиги кафолатланади. Ҳозирда корхона ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича янги лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бунинг натижасида яқин икки-уч ойда 150 нафар ходимни ишга жойлаштириш имконияти юзага келади. Эътиборли жиҳати, айни кунда таҳсил олаётган тингловчилар корхона ҳисобидан 1 000 000 сўмгача стипендия, иссиқ овқат ва ётоқ-жой билан ҳам таъминланмоқда.

Албатта, ташкил этилаётган янги корхоналарнинг қарийб 60 фоизини ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар ташкил этади. Бу ишчи ўринларини тўлдириш мақсадида Тошкентдаги Чилонзор 1-сон касб-ҳунар мактаби билан бошланғич касб мутахассисликларини тайёрлашга катта эътибор қаратиляпти.

Бугунги кунда ушбу касб-ҳунар мактабида 10 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича бошланғич кадр тайёрланмоқда. Ёшларга болаликдан бу касбга қизиқишини ошириш мақсадида уюшма ҳузурида “Makerspace” ва “Co-working” хоналари ташкил этилди. Ушбу техник ижодкорлик хоналари махсус техникалар билан жиҳозланган. Бу ерда болалар мактаб давридан бошлаб, техникага оид билимларини мустаҳкамлаб боради. Янги ғоялар, стартап лойиҳалар, ишланмаларини шу жойнинг ўзида синовдан ўтказади. Эндиликда умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчилари учун Меҳнат фани таълимида электротехника йўналишида касб ҳунар ўқитилади.

Яна бир олдимиздаги долзарб масала электротехника соҳасида илмий-тадқиқот ишларининг етарли эмаслиги. Кўпгина тадқиқот ишлари, афсуски қоғозда қолиб кетяпти, амалиётга татбиқ этилаётгани йўқ. Бу борада ҳозир илмий–тадқиқот ва тажриба-конструкторлик (R&D) марказини ташкил этиш вазифаси қўйилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз олий таълим муассасалари талабалари учун «Мастер класс» машғулотлари ташкил қилинмоқда. Худди шундай машғулотлар Урганч давлат университетида, Жиззах политехника институтида, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт, Бухоро муҳандислик-технология институтларида юқори муваффақиятларга эришган тадбиркорлар иштирокида «Маҳорат дарслари» ташкил қилинди. Ҳатто шу жойнинг ўзида ёшларга тадбиркорлар томонидан бўш иш ўринлари таклиф қилинмоқда. Машғулот натижаларига кўра, ёшларни ишга жойлаштириш чоралари ҳам бир пайтда ҳал қилинмоқда.


Report Page