Электр энергиясини тежаш — ундан оқилона фойдаланиш демакдир!

Электр энергиясини тежаш — ундан оқилона фойдаланиш демакдир!


Маълумки, иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, турмуш даражаси яхшилангани сари энергияга талаб ҳам ошиб боради. Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда юртимизда электр энергияси истеъмоли 20 фоизга, жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоизга ошган. Бу кўрсаткич йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда.

Шу боис энергия ишлаб чиқариш изчил ривожлантирилмоқда, бунга қўшимча сув, қуёш, шамол энергетикаси станциялари барпо этилмоқда. Шу билан бирга, электр энергияси ва табиий газ сарфини ҳисоблаш тизими ҳам тартибга келтирилди. Эндиги муҳим вазифа – бу неъматни қадрлаб, тежаб, ўз ўрнида фойдаланиш.

Хусусан, саноат корхоналарида иш жараёнини оптималлаштириш, энергия ишлаб чиқариш технологиясини модернизация қилиш, қозонхоналарни янгилаш ва таъмирлаш, қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига табиий газ ва электр энергиясини қисқартириш мумкин.

Бу борада Бухорода ҳам изчил ишлар олиб борилмоқда.

Чунки бугунги кунда дунёда энергия ресурслари тақчиллиги сезилмоқда. Шунинг учун кўплаб давлатларда энергия сарфини тежаш ва аҳоли хонадонларида иссиқлик ҳароратини мўътадиллаштириш чоралари кўрилмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, дунёда энергия истеъмолининг 23 фоизи хусусий турар жой фондига тўғри келса, Ўзбекистонда бу рақам 40 фоизни ташкил этмоқда.  Европада 1 квадрат метр учун энергия истеъмоли йилига 120-150 кВт/соат бўлса, Ўзбекистонда шу майдон учун кўрсаткич 390 кВт/соатдан ошмоқда. Энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни таъминлаш мушкул вазифа бўлиб қолади.

Мисол учун, бугун аҳоли фаровонлиги ошаётганлиги сабабли ҳар бир хонадонда камида битта телевизор, кир ювиш машинаси, чангюткич, кондиционер каби маиший техникалар бор. Электрон уй жиҳозларидан фойдаланиб бўлгач, розеткадан узиб қўйилмаслиги ҳам энергия сарфига сабаб бўлади.

Биргина оддий телефон қувватлагичини олайлик. У электр розеткасига уланган ҳолда куну тун қолса, ўртача бир ойда 1,5 кВт/соат, йилига 18 кВт/соат энергия сарфлайди.  Вилоят миқёсида ўртача 500 минг хонадоннинг ҳар бирида биттадан қувватлагич розеткада қолса, бир ойлик ва бир йиллик энергия сарфи қанча бўлишини ҳисоблаш унчалик ҳам қийинчилик туғдирмайди.

Маълумки, электр энергияси энг кўп вилоят, шаҳар-туманлар марказида исроф қилинади. Кўчадаги иллюминация, кераксиз чироқлар... Мана шу йўналишда Бухорода ҳам янги иш тартиби жорий этилди. Бунда маълум соатдан сўнг беҳуда ёнаётган чироқларнинг барчаси ўчирилади, маълум соатлар орасида реклама иллюминацияси учун сарфланаётган электр энергияси тўлиқ тўхтатилади ва иқтисод қилинган ресурслар чекка ҳудудларга етказилади. Бу пировард натижада халқимизни энергия манбалари билан узлуксиз ва барқарор таъминлашга хизмат қилади.

Report Page