“Эльдарадо”, “М-Видео”, “ДНС Атлас”, “Ашан”, “Сулпак” ва “Технодом” йирик савдо тармоқларида маҳаллий электрон маҳсулотлари экспорти бўйича келишувга эришилди

“Эльдарадо”, “М-Видео”, “ДНС Атлас”, “Ашан”, “Сулпак” ва “Технодом” йирик савдо тармоқларида маҳаллий электрон маҳсулотлари экспорти бўйича келишувга эришилди

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзэлтехсаноати» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Намоз Толипов электротехника саноати корхоналари фаолиятининг 9 ойлик якуни бўйича маълумот берди:

Мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи электротехника саноати бугун жадаллик билан ўсиб бормоқда. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам айнан мазкур соҳани тубдан такомиллаштириш ва юқори қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

2022 йилнинг 9 ойлик якунларини таҳлил қиладиган бўлсак, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 13,6 трлн.сўм сўмни, экспорт ҳажми585 млн.доллардан ошган. Ҳудудларда 36 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 1200 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Бундан ташқари, маҳсулотларнинг экспорт географияси ҳам кенгайтирилди. “GSP+” имтиёзларидан фойдаланган ҳолда Европа давлатларига, умуман олганда 50 га яқин мамлакатларга электротехника маҳсулотлари экспорт қилинди.

Жорий йилда Россиянинг “Эльдарадо”, “М-Видео”, “ДНС Атлас”, Франциянинг “Ашан” ҳамда Қозоғистоннинг “Сулпак” ва “Технодом” йирик савдо тармоқлари ташкил этилди ва маҳаллий маҳсулотларни экспортга олиб чиқиш бўйича келишувларга эришилди. Аввал экспорт фаолияти билан шуғулланмаган Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги 13 та корхона илк маротаба ўз маҳсулотларини экспортга олиб чиқишига эришди.

Айни пайтда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан 2 та йирик кластер амалга оширилмоқда.

Жумладан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида “Мис саноати кластери” ташкил этилмоқда. Умумий қиймати 120 миллион долларга тенг 9 та лойиҳани ўз ичига олган мазкур мажмуада йилига 63 минг 500 тонна мисни қайта ишлаш қуввати пайдо бўлади. Бунинг натижасида 965 та янги иш жойлари ташкил этилади.

Иккинчи йирик лойиҳа: “Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида қуёш сув иситиш ускуналари, қуёш фотоэлектрик панеллари, шамол, биогаз, гидроэлектр қурилмалари ва иншоотларини, электр энергиясини сақловчи аккумуляция тизимлари ва бошқа ёрдамчи жиҳоз ҳамда ускуналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Solar cluster” лойиҳаси ҳисобланади. Бу ерда умумий қиймати 38,7 млн долларлик 6 та лойиҳа амалга оширилади ва бунинг натижасида 500 та янги иш жойлари ташкил этилади.

Шунингдек, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузурида “Лойиҳалаштириш ва инжиниринг хизматини ташкил этиш маркази” ҳам ўз ишини давом этттирмоқда. Давлатимиз томонидан соҳа корхоналарини қўллаб-қувватланиши ва уларга қонунчиликдаги ҳуқуқий кафолатларнинг берилиши тармоқни иқтисодий жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди, дейиш мумкин. Бу ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун, ҳам хорижий инвесторлар учун ҳам ўзаро манфаатли ҳисобланади.

Бундан ташқари, 4 та йирик ишлаб чиқарувчилар қошида электротехника тармоғида изланиш ва ривожлантириш (R&D) марказларини ташкил этиш давом этаётган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 20 млрд сўмни ташкил этади, шундан биринчи тенг қисми корхона ҳисобидан, иккинчи тенг қисми, яъни 10 млрд сўм маблағ Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Бу каби соҳадаги истиқболли изланишларни муттасил давом эттириш, сифатли, энергия тежамкор, атроф-муҳит учун хавфсиз ҳисобланган технологиялардан фойдаланиш олдимиздаги энг катта вазифа экан, бу мақсадларга эришишда биз мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишимиз лозим.


Report Page