«Эл-юрт умиди» жамғармаси: Президент фармони ижроси, 2021 йилда ўтказилган стипендия танловлари ва келгуси режалалар
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБугун АОКАда «Эл-юрт умиди» жамғармаси ижрочи директори Адҳам Бекмуродов, директор ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов, ахборот хизмати раҳбари Мирзиё Содиқов иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида мавзу юзасидан маълумот берилди:
Мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кўлами, шиддати ва кенг қамрови билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сиёсатчи ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани тилга олмоқда. Бундай эътироф ҳеч муболағасиз юртимиздаги шиддатли ўзгаришларга берилган муносиб баҳодир.
Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига қилган Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналишига устувор аҳамият қаратилиб, уларни жадал ривожлантирилишини таъкидлаган эди. Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илк маротаба бакалавриатга 100 ўрин, магистратура ва докторантурага эса олдинги йилларга нисбатан 5 баробар кўп ўрин ажратиш ташаббуси эълон қилинди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6168-сон Фармони қабул қилинди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан 2021 йилда ўтказилган стипендия танловларидан келиб чиқиб стипендия танловларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар ишлаб чиқилиб, норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 9 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ПФ-3-сон Фармони қабул қилинди, мазкур Фармон билан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6168-сон Фармонига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
а) 6-бандининг саккизинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
стипендиат узрсиз сабабга кўра таълим дастурларидан четлаштирилган тақдирда ёки Жамғарма таълим дастурлари тугалланганидан сўнг меҳнат фаолиятини вазирликлар, идоралар ёки бошқа давлат ташкилотларида давом эттиришдан бош тортган ҳолларда, Жамғарма томонидан стипендиатнинг таълим олиши учун сарфланган барча молиявий харажатлар у билан имзоланган шартнома шартларига мувофиқ унинг молиявий кафиллари (юридик ва жисмоний шахслар) ва унинг ўзи томонидан солидар тартибда қопланади.
б) 2-илованинг 9-банди қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
таълим дастурлари ва номзодларни саралаш танловини ўтказиш йўналишлари бўйича истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликларни ҳисобга олган ҳолда таълим соҳалари кесимида стипендиялар квоталарини ажратади, шунингдек, танловда рақобат даражасини эътиборга олган ҳолда, квоталарга ўзгартиришлар киритади.
4-илованинг 4-банди қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:
Шу билан бирга, қоидага кўра, ўз назарий билим ва/ёки амалий тажрибалари натижасида хорижда таълим олиш учун хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассаса томонидан номзодга таклиф этилган грант (стипендия ёки бошқа молиявий имтиёз)лар миқдори ёхуд таълим муддатининг қисқалиги танлов жараёнида устунлик берувчи ҳолат сифатида эътиборга олинади.
4-илованинг 7-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
Жамғарма стипендиялари белгиланган тартибда Жамғарма Васийлик кенгаши томонидан ҳар йили тасдиқланадиган таълим дастурларига мувофиқ етакчи хорижий таълим, илмий ва бошқа муассасаларда қуйидаги дастурлар бўйича таълим олиш учун ажратилади:
докторантура (аспирантура)да — 3-4 йилга қадар;
магистратура — 1-2 йилга қадар;
бакалавриат— 3-4 йилга қадар.
Айрим ривожланган давлатлар таълим муассасаларида бир йилгача бакалавриатга тайёрлов курслари (Foundation year/course) харажатлари Жамғарма томонидан молиялаштирилиши мумкин. Бунда тайёрлов курси ва бакалавриатда ўқишнинг умумий муддати 4 йилдан ошмаслиги лозим.
Докторантура (шу жумладан аспирантура орқали фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) даражасини олиш учун), магистратура ёки бакалавриатда таълим олиш тегишли хорижий мамлакатларнинг таълим, илмий ёки бошқа муассасалари томонидан қабул қилинган стандартлар, талаблар ва ўқув режаларига мувофиқ амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияси ва Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ республика учун алоҳида аҳамиятига эга тиббий мутахассисликлар бўйича икки йилгача клиник ординатурани ўташ учун стипендиялар ажратилиши мумкин. Бунда клиник ординатурага магистратура дастури бўйича ўқишнинг ўзига хос шакли сифатида қаралади.
Жамғарма буюртмачи ташкилотнинг асосланган таклифига мувофиқ, истисно тариқасида, хорижий олий таълим, илмий ва бошқа муассасаларнинг мурожаатлари асосида докторантура ва магистратурада таълим олиш муддатини, қўшимча молиялаштириш ҳуқуқисиз, бир семестргача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
4-илованинг 10-“г” кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
узрсиз сабабларга кўра Стипендиат билан тузилган шартнома бекор қилинган тақдирда, Жамғарма молиявий харажатларини (ўтган йиллар давомида истеъмол нархлари индексининг ўртача йиллик даражасига тенг жарима билан) қоплаш тўғрисида манфаатдор вазирлик, идора, корхона ва ташкилотлар – юридик шахслар ва жисмоний шахслар (устувор равишда Стипендиатнинг ота-онаси, ака-укаси ёки опа-синглиси, улар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кафил бўла олмаган тақдирда уларга тенглаштирилган бошқа шахслар) томонидан берилган кафолат хати, банк кафолати ёки суғурта ташкилотининг суғурта полиси (танлов ғолиблари учун).
Бунда, номзод тўғрисидаги маълумотлар белгиланган тартибда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига тўлиқ киритилиши таъминланиши шарт.
4-илова 16-банднинг 4-хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
2-босқичда номзодлар билан хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни, шунингдек, давлат тилини билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказилиши кўзда тутилади.
4-илованинг 28-банд қуйидаги мазмундаги 4-хатбоши билан тўлдирилсин:
Стипендиатнинг ўз хоҳишига кўра хорижда таълим олиш харажатларини молиялаштиришда унинг ўзи ёки молиявий кафиллари қисман иштирок этган тақдирда Стипендиатнинг мажбурий ишлаб бериш муддатига ўзгартириш киритилмайди.
4-илова 30-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
30. Стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилган ёки Жамғарма таълим дастурлари тугагандан сўнг у билан тузилган шартнома шартларига мувофиқ вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ёхуд давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортган тақдирда, Жамғарма томонидан уни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар Стипендиат ва унинг молиявий кафиллари (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан солидар тартибда қоплаб берилади.
2018-2020 йиллар мобайнида жами 1002 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати деган юксак мақомга эга бўлишди. Стипендиантларнинг барчаси Жамғарма томонидан хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди.
Стипендиатлар дунёнинг жами 40 га яқин давлатларида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 240 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олишиб, бугунги кунда 955 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб турли соҳаларда, хусусан таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларда самарали фаолият олиб бормоқдалар.
2018-2020 йиллар давомида Жамғарманинг 4 та таълим дастури бўйича докторантура 49 нафар, магистратура 63 нафар, малака ошириш 698 нафар ва стажировка 192 нафар стипендиатлар хориждаги ривожланган давлатларнинг илғор университетлари ва илмий марказларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилган.
Бугунги кун ҳолатига 47 нафар магистр ва докторантлар АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларда ўқишларини давом эттирмоқдалар.
Хорижга юборилган стипендиатларни йиллар кесимида таҳлил қилганимизда:
2018 йил давомида Жамғарманинг 4 та таълим дастурлари бўйича жами — 380 нафар;
2019 йил давомида Жамғарманинг 4 та таълим дастурлари бўйича жами — 605 нафар;
2020 йил давомида Жамғарманинг 4 та таълим дастурлари бўйича жами — 15 нафар (пандемия даври) стипендиатлар таълим олиш ва стажировка ўтиш учун юборилган.
Жамғарманинг 2021 йилдаги 1-очиқ стипендия танлови январь-март ойларида бугунги кунда устувор ҳисобланган математика, кимё, биология ва геология фанлари бўйича магистратура, докторантура, малака ошириш ва стажировка ўташ дастурлари асосида 250 ўринга мўлжаллаб ўтказилди.
Жамғарманинг мазкур стипендия танловида жами 2 957 нафар номзодлар рўйхатдан ўтган ҳамда охирги босқичга суҳбат жараёнига 283 нафар номзодлар иштирок этган бўлиб, улардан жами 115 нафар стипендиатлар ғолиб деб топилди. Бугунги кунга келиб уларнинг 66 нафари хорижий давлатларга таълим олиш ва стажировка ўтиш учун юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Давлат хизматчилари ва мутахассисларни хорижда тайёрлаш ҳамда уларнинг салоҳиятини янада ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6168-сон Фармонида белгиланган янги тартиб асосида 2021 йилда бакалавриат дастурига 100 та, магистратурага – 150 та, докторантурага – 100 та ўрин ажратилган (жами – 350 та).
Жамғарманинг 350 ўринга мўлжалланган 2-очиқ стипендия танлови 2021 йилнинг апрель-май ойларида ўтказилди.
Мазкур танловда жами 3 810 нафар номзодлар танловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтган. Техник гуруҳ томонидан Низом талабларига жавоб берадиган биринчи босқичида зарур ҳужжатларни электрон шаклда платформага юклаган жами 196 нафар номзодлар иккинчи босқичга тавсия этилган ва жами 78 нафари стипендиат деб эътироф этилди.
Бугунги кунда уларнинг 62 нафари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея, Россия каби энг илғор мамлакатларнинг нуфузли университетлари ва илмий марказларига таълим олиш учун юборилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 1 июлдаги “Н.И. Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-5169-сон қарорига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2021 йил 31 августдаги 08-2672-сонли топшириғида келтирилган 37 нафар ординаторлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали ўқишга юборилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг 272 ўринга мўлжалланган 3-очиқ стипендия танловига жорий йилнинг 20 июлдан 20 августга қадар республиканинг барча ҳудудларидаги фуқаролар учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда номзодлардан ҳужжатлар қабул қилинди.
Мазкур стипендия танловига жами 2693 нафар номзодлар электрон рўйхатдан ўтган бўлиб, улардан 199 нафар номзодларнинг ҳужжатлари иккинчи босқичга (суҳбатга) тавсия этилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг 2021 йил 30 сентябрдаги қарорига мувофиқ 272 ўринга мўлжалланган навбатдаги 3-стипендия танловида 141 номзодлар стипендиат деб эътироф этилди.
Жамғарманинг 2021 йилдаги 3-стипендия танлови натижаларига кўра 141 нафар номзод, жумладан, 56 нафари бакалавриат, 67 нафари магистратура ва 18 нафари докторантура таълим дастурлари бўйича ғолибликни қўлга киритган.
Бугунги кунда уларнинг 40 нафаридан ортиғи хорижий давлатларда ўқишини бошлаган. Бакалавриат дастури бўйича 10 нафари, магистратура дастури бўйича 23 нафари ва докторантура таълим дастурлари бўйича 9 нафари АҚШ, Буюк Британия, Япония, Италия, Россия каби илғор давлатлар 18 дан зиёд университетларига таълим олиш учун юборилган.
Бугунги кунда стипендиатлар таълим олиши режалаштирилган 70 ортиқ хорижий нуфузли университетларга Жамғарма номидан ўқиш харажатлари билан боғлиқ чегирмалар олиш учун расмий мурожаатлар қилинди. Бакалавриат дастури бўйича хорижий олий таълим ташкилотларидан стипендиатлар ва Жамғарма томонидан жами 560,700 АҚШ доллари, магистратура дастури бўйича 195,600 АҚШ доллари, докторантура таълим дастурлари бўйича 60,000 АҚШ доллари миқдорида чегирмалар олинди.
Шунингдек, магистратура ва докторантура таълим дастурлари бўйича 16 нафар Жамғарма стипендиатларини ўқиши тўлиқ грант асосида бўлиб, ўрта ҳисобда ҳар бир стипендиатдан 25,000 АҚШ долларидан жами 400,000 АҚШ доллари миқдорида давлат бюджетдан ажратилиши режалаштирилган маблағлар иқтисод қилинмоқда.
Хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш, Жамғарманинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб қўйилган.
Жамғарма қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларни 30 нафарини Ўзбекистон Республикасига ишга таклиф этиш юзасидан ижобий кўрсаткичларга эга бўлди. 100 нафардан ортиғи вазирлик ва идоралар томонидан кадрлар захирасига олинди.
Хорижий давлатларда истиқомат қилаётган замонавий билим ва профессионал тажрибага эга бўлган 6000 нафар ватандошларнинг маълумотлари электрон реестрга киритилди.
Хорижда Ўзбекистоннинг халқаро имиджини илгари суриш ва мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида олиб борилаётган туб ўзгаришларни намоён қилиш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида Халқаро экспертлар кенгаши ташкил этилган. Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мунтазам равишда учрашувлар, тақдимотлар, «давра суҳбатлари» ва бошқа тадбирлар ўтказилиб, улар билан ҳамкорликда турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.
Жамғарма томонидан 2022 йилда амалга ошириш режалаштирилган устувор вазифалар:
Республика вазирлик, идора ва ташкилотларнинг хорижда тайёрланган кадрлар, шунингдек, республика ёшларининг хорижда таълим олишга бўлган эҳтиёжи йилдан йилга ошиб бормоқда.
2022-2026 йиллар давомида Жамғарма таълим дастурлари бўйича хорижга таълим олиш учун юбориладиган ёшлар ва мутахассислар сони йилдан-йилга оширилиб, 2021 йилдаги 350 нафар ўриндан 2026 йилга келиб 700 нафарга етказиш белгиланмоқда.
Шунингдек, Жамғарма танловларини ўтказишда, 2021 йилда орттирилган тажрибадан келиб чиқиб, 2022 йилдан бошлаб стипендия танловларини етакчи хорижий давлатларнинг таълим тизими, қабул ва ўқув жараёнларига мос даврларда ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, вазирлик, идора, ташкилотлар ҳамда таълим муассасаларининг мутахассислари ва профессор-ўқитувчиларни хорижга малака ошириш ва стажировкадан ўтишга юборишда, вазирлик, идора, ташкилотлар ва таълим муассасаларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, буюртмачи ташкилотларнинг мақсадли буюртмасига асосан мутахассислар ва профессор-ўқитувчиларни хорижда тайёрлашни ташкил этиш режалаштирилган.
Тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан мулоқотларни ташкил этиш ва улар билан ҳамкорликда турли лойиҳаларни амалга ошириш каби вазифалар режалаштирилган.