“Экстремизм ва терроризм - миллат кушандаси”
Buxoro.uz
Маълумки, Ўзбекистон давлати мустақилликнинг илк кунлариданоқ ўзининг динга муносабатини аниқ ва қатъий белгилаб олди. Давлатнинг динга муносабати “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди”, “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” деган аниқ тамойиллар асосида белгиланди. Бу тамойил Бош Қомусимиз–Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда ўзининг ҳуқуқий ифодасини топган. Бугунги кунда динга бўлган қизиқишнинг кучайиб бориши глобаллашув жараёнларининг ўзига хос инъикоси дейиш мумкин. Зеро, глобаллашув дунёни бир бутун ва яхлит қила бориши билан бир қаторда, унинг ҳосиласи сифатида алоҳида олинган миллат ва жамиятлар даражасида ўз-ўзини англашга бўлган интилишнинг чуқурлашувига ҳам замин яратмоқда.

Афсуски, коммуникация ва информацион технологияларнинг тез суръатлардаги тараққиёти ғоявий таъсир ўтказиш имкониятларининг кенгайишига туртки бўлиб, геосиёсий мақсадларга бўйсиндирилган, инсон қалби ва онги учун курашларнинг янгидан-янги усул ва воситаларининг кўпайиб бораётгани, айниқса, бу борада дин омилидан фойдаланишга уринишларда яққол намоён бўлмоқда. Аксарият ҳолатларда ушбу кураш қуролли тус олиб, кўплаб халқларнинг бошига фожиали кунларни солмоқда.
Бухоро шаҳридаги тиббиёт техникумида “Экстремизм ва терроризм - миллат кушандаси” мавзусида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда ҳам айни шу жиҳатлар алоҳида тилга олинди.
Тадбирда Бухоро шаҳрида мавжуд маҳалла фуқаролар йиғини раислари, хотин-қизлар фаоллари, шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларининг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосарлари, имом-хатиблар, отинойилар, вилоятдаги диний таълим муассасалари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда фаол жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Э.Мажидов мамлакатимизда фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш, бағрикенглик, маърифий ислом ғояларини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади.
Аммо аҳоли, айниқса, ёшларнинг билиб-билмасдан ёки кимларнингдир таъсири остида ҳар хил диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда. Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”.
Анжуманда вилоятимиздан айрим диний экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган юртдошларимизнинг аянчли тақдири ҳақида сўз юритилиб, бу борада тайёрланган махсус видеослайд йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди.


Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси етакчи мутахассиси Э.Қудратов ўз нутқида диний экстремизм шахс, жамият ва давлатнинг ҳаётий муҳим манфааатларига таҳдид солаётганлиги, айни вақтда, ёшларнинг турли норасмий, ноисломий диний жамоаларнинг таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда ўқув муассасалари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳим ўрин тутиши, шу билан бирга, миссионерликнинг олдини олиш билан боғлиқ тарғибот ва тушунтириш ишларида республикада виждон эркинлиги қонунан кафолатланганини ҳисобга олган ҳолда масалага ёндашиш, миссионерликнинг реал таҳдидини ҳаётий мисолларда ёритиб бериш ва бундай фаолият республикада қонунан ман этилганини тушунтиришга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида сўз юритди. Нотиқ бу борада аниқ факт ва далилларга алоҳида тўхталди.



Тадбирда Бухоро шаҳар бош имом-хатиби О.Авезов, “Хўжа Исмат” жомеъ масжиди имом-хатиби С.Гадоев, Бухоро шаҳридаги “Шайх ул олам” МФЙ раиси М.Тошова ва бошқа фаоллар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати