Экспорт – мамлакат иқтисодиёти учун самарали ривожланиш манбаи саналади

Экспорт – мамлакат иқтисодиёти учун самарали ривожланиш манбаи саналади


Экспорт – мамлакат иқтисодиёти учун самарали ривожланиш манбаи саналади. Бугунги кунда Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун барча зарур имкониятлар яратилган.

Президентимиз томонидан ўтган йили қабул қилинган Фармон билан маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларини қоплаш учун маҳаллий корхоналарга субсидиялар берилаётгани, аккредитация ва сертификатлаш билан боғлиқ харажатлар Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қопланаётгани бежиз эмас. Мақсад — мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш ва халқимизнинг фаровонлик даражасини яхшилашдан иборат.

Қилинган ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Ўзбекистон яқин тарихида илк марта Италия ва Латвияга ипакдан аёллар кўйлаги, Камерунга мис сим маҳсулотлари, Туркия ва Эронга тикув машинаси, Молдовага кир ювиш машинаси, Исроилга миллий чолғу асбоблари, Кореяга мош уни ҳамда Анголага автомобиль эҳтиёт қисмлари етказиб берилди.

Экспортёрни қийнаб келган бир қанча масалалар ижобий ҳал этилгани ҳам умумий натижага таъсир кўрсатди, албатта. Хусусан, сўнгги йилларда божхона ва солиқ маъмуриятидаги тартибларнинг соддалаштирилганлиги, имтиёзлар тақдим этилгани билан боғлиқ ислоҳотлар амалга оширилди. 

Давлат ва нодавлат ташкилотларининг кўмаги билан маҳаллий тадбиркорларимизнинг маҳсулотлари дунё мамлакатлари бозоридан ўрин эгалламоқда.

Масалан, биргина Савдо саноат палатаси томонидан сўнгги даврда жами 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига умумий қиймати 548,7 млн АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларни хорижий мамлакатларга экспорт қилишга кўмаклашилди.

Бу борадаги ишлар янада изчиллик билан давом эттирилади. 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар доирасида экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 500 тадан 15 000 тага, товарларнинг экспорт географиясини 115 тадан 150 тага етказиш мақсад қилинган. 

Ўйлайманки, шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммити якуни натижаларига кўра, Ўзбекистон экспорт географияси янада кенгайиб, иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида янги иш ўринлари яратилишига замин яратади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Эргашев

Report Page