Экиннинг ҳолати асосида суғориш вақтини белгилаш

Экиннинг ҳолати асосида суғориш вақтини белгилаш

Томчи канал


Экиннинг суғориш вақтини ундаги физиологик ўзгаришлар асосида аниқлаш мумкин:

•     баргларни тўқ яшил рангга кириши,

•     барг бандлари тўқимасининг бўшашиб кетиши,

•     баргнинг асосий ўзагини кундузи соат 14–15 ларда синмасдан эгилиши.

Барглар рангини ва банди таранглигининг ўзгариши асосида

Тупроқда намликнинг камайиши билан ўсимлик барглари ҳужайра сокининг концентрацияси ва унинг сўриш кучи ошиб боради. Бунда барглар сўлиб тўқ яшил рангга киради. Экин майдонидаги 20 % барглар тўқ яшил рангга кирганда суғоришнинг вақти келган бўлади.

Пахта етиштиришда бу услубдан ғўзанинг шоналаш босқичида фойдаланиш яхши самара беради. Ғўзани суғорилгандан сўнг, барглари оч-яшил тус олади.

Суғориш муддатини куннинг энг иссиқ соатларида (кундузги соат 14-15 ларда) баргларнинг секин сўлиб боришидан аниқлаш мумкин. Бунда баргларнинг таранглиги сусайиб, ўртадаги банди букилганда қирсиллаб синмаса ва ушбу ҳолат даладаги экиннинг 20 % ида кузатилса, экинни суғориш лозим бўлади.

Асосий поянинг ўсиш нуқтасига нисбатан жойлашган ўрни асосида

Суғориш вақтини ғўза гулини асосий поянинг ўсиш нуқтасига нисбатан жойлашуви асосида аниқлаш суғориш муддатини аниқлашнинг энг ишончли усулларидан бири ҳисобланади.

Бу усул асосий поянинг ўсиши, унда янги симподиал шохчаларнинг пайдо бўлиши қонуниятларига асосланган.

Суғориш натижасида ғўза энг юқоридаги гулининг ўсиш нуқтасига нисбатан силжиши 4 – 5 см ни ташкил қилиши лозим.

Масалан, сизот сувлари сатҳи чуқур жойлашган бўз тупроқларда ғўза гуллай бошлаганида, гуллар асосий поянинг ўсиш нуқтасидан 8 – 9 та ҳосил шохи масофасида турганида, июль ойида 7 та ҳосил шохи масофасида, август ойида 4 – 5 та ҳосил шохи масофасида гуллаганида суғорилади.

Гуллаш тугунининг баландлигини аниқлашда, майдон диагонали бўйича бир гектар майдонда 30 – 40 та ўсимлик танлаб олинади.

Гуллаш тугуни баландлигининг ўзгариши асосида

Тупроқ намлиги камайганида ғўза гуллаш бўғинлари орасидаги масофа қисқаради, гуллаш ғўзанинг учига яқинлашади. Бу эса экиннинг чанқаганлигини ва суғориш зарурлигини билдиради.

Кузатувлар махсус танланган ўсимликлар устида олиб борилади.

Экиннинг ҳолати асосида суғориш вақтини аниқлаш

Буғдой баргининг ҳолатига қараб, суғориш вақтини етарлича аниқликда билиш мумкин.

Бунинг учун буғдойнинг пастки қисмидаги 5 −6 см узунликдаги яшил барги узиб олинади ва баргнинг туб қисмидан ушлаб туриб иккинчи қўл билан унинг учки қисми пастга эгилади ва қўйиб борилади. Бунда:

‒    агар барг эгишдан олдинги горизонтал ҳолатдан юқорироққа кўтарила олса намлик етарли ва суғоришга ҳали эрта дея хулоса чиқарилади;

‒    агар барг фақат горизонтал ҳолатгача кўтарилса суғоришни бошлаш лозим деган хулоса чиқарилади;

‒    агар баргнинг ҳолати горизонтал ҳолатигача кўтарила олмаса суғориш даври ўтказиб юборилган бўлади.

Ушбу синов ишларини куннинг иссиқ пайтида, соат 11 дан 15 гача бўлган оралиқда бажариш тавсия этилади.


Report Page