Экин далаларида ихота тўсиқларини ташкил қилиш

Экин далаларида ихота тўсиқларини ташкил қилиш

Телеграм канал

Қурғоқчил келган йилларда экинларнинг ривожига нафақат тупроқнинг қуруқлиги, балки ҳавонинг қуруқлиги ҳам жиддий (салбий) таъсир кўрсатади. Ҳавонинг қуруқлиги сув кам бўлган йилларда кескин равишда ошиб кетади.

Бунинг устига, Ўзбекистоннинг жанубий ва ғарбий минтақаларида ёз мавсумида иссиқ (гармсел) шамолларнинг эсиши кузатилади ва улар экинларнинг ривожига салбий таъсир кўрсатадилар.

Мазкур минтақаларда ёғингарчиликларнинг миқдори меъёрида ва сув етарли бўлган йилларда ҳам иссиқ (гармсел) шамолларнинг эсиши 2 мартадан 6 мартагача кузатилади ва давомийлиги одатда 1 суткадан ошмайди. Сув кам бўлган йилларда эса иссиқ шамолларнинг эсиши 7 мартадан 18 мартагача кузатилади, давомийлиги эса доим 1 суткадан ортиқ бўлади.

Иссиқ шамолларнинг эсиши барча экинларга салбий таъсир кўрсатади ва уларнинг ҳосилдорлигини пасайтириб юборади.

Ушбу салбий ҳодисанинг олдини олиш учун далалар атрофида ихота дарахтзорлари ташкил қилиш билан бир қаторда, экин даласининг ичида (шамол таъсирига қарши) қўқонжўхори (сорго), супурги, амарант, топинамбур каби ўсимликлардан яшил деворлар ташкил қилиш яхши самара беради.

Бу экинлар тезда 2-3 метрдан баландга бўй чўзиб, яшил девор ҳосил қиладилар ва асосий экинлар (ғўза, дон экинлари, сабзавотлар ва полиз экинлари) учун иссиқ шамоллардан ишончли ҳимоя воситаси сифатида хизмат қиладилар.

Яшил деворларнинг кенглиги ишлов тракторининг бир ўтиши кенглигига (1,8 м) тенг бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Экин даласидаги яшил деворларнинг сони одатда иқтисодий ҳисоб китоблар асосида тайинланади. Одатда улар бири иккинчисидан 20-30 метр масофада ташкил қилинади.

Яшил деворларни амалиётда қўллаш асосий экин ҳосилини 10-20 % га ортиқ бўлишини таъминлайди ҳамда мавсум давомида 500-600 м3/га миқдордаги сувни тежаш имкониятини яратади.


Report Page