Эй, Раббим! Менга зиндон маъқулроқдир...

Эй, Раббим! Менга зиндон маъқулроқдир...

vaqf.uz


Дуо хусусида Юсуф алайҳиссалом қиссаси мўминлар учун гўзал ибратларга тўла. Юсуф алайҳиссалом ҳар бир ҳолатда Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишонч, таваккул ва садоқат билан чин мўминнинг барча аломатларини ўзларида кўрсатганлар. У зот ва оталари Ёқуб алайҳиссаломга келадиган машаққатлар кичик ёшдаги Юсуф алайҳиссаломнинг акалари томонидан қудуққа ташланишидан бошланган. Ёқуб алайҳиссалом энг севган ўғлидан ажралсада, Аллоҳга бўлган мустаҳкам ишончни сақлаганлар: «Унинг кўйлаги узра сохта қон (қўзичоқ қони) билан келдилар. (Яъқуб) деди: «Йўқ! Сизларни (ўз) нафсингиз (бундай мудҳиш) ишга ундаган. Бас, (менинг бурчим) чиройли сабрдир. Сизлар тавсифлаётган нарсага (сабр қилишга) Аллоҳ (менга) мададкордир»» (Юсуф сураси, 18-оят).

Қудуққа ташланиб ўлимга ҳукм қилинган Юсуф алайҳиссалом дам олиш учун тўхтаган йўловчи савдо карвони томонидан топиб олинади. Қудуқдан сув олишга келган одам Юсуф алайҳиссломни кўриб, сотиб юборишни ўйлайди. Мисрга келгач, у ўзининг ниятини амалга ошириб, Юсуф алайҳиссаломни арзон нархга сотиб юборади. Уни сотиб олган одам Юсуф алайҳиссломни оддий одам эмаслигини ҳис қилади ва уни яхшилаб жойлаштиришларини тайинлаб, фарзанд қилиб олишни ният қилади. Шундай қилиб, ҳар нарсага қодир Аллоҳ Мисрга қул бўлиб келган Юсуф алайҳиссломга тушларни таъбир қилишни ўргатади. Бу ҳақда Қуръонда шундай дейилган: «Ва уни Мисрда сотиб олган (одам) ўз хотинига: «Уни яхшилаб жойлаштир, шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак», деди. Мана шундай қилиб, унга тушларнинг таъбирини ўргатишимиз учун Юсуфни жойлаштириб қўйдик. Аллоҳ ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар» (Юсуф сураси, 21-оят).

Юсуф алайҳиссалом вояга етгач, Аллоҳ У зотга тўғри ҳукм чиқариш ва илм фазлини берди. «Вояга етгач, унга ҳукм (ҳакамлик) ва илм ато этдик. Чиройли иш қилувчиларни (Биз доимо) шу тарзда мукофотлаймиз» (Юсуф сураси, 22-оят).

Юсуф алайҳиссалом ҳуснда лол қоладиган даражада вояга етдилар. Шу сабабли у зотни сотиб олган кишининг хотини Юсуф алайҳиссломни фаҳш ишга чорлайди. Аммо Юсуф алайҳиссалом Аллоҳдан қўрқиб, бу ишга қўл урмайдилар. Лекин шаҳар аёллари ўртасида у аёлнинг номақбул иши ҳақида миш-миш тарқалади. Ҳалиги аёл уйига шаҳар аёлларининг барчасини меҳмон қилиб чақиради. Уларнинг ҳар бирининг қўлига пичоқ беради ҳамда Юсуф алайҳиссаломга уларнинг олдиларига чиқишни буюради. Юсуф уларнинг ҳузурига чиққанларида аёлларнинг барчаси у кишининг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиб, қўлларини пичоқ билан кесиб олишади. Шунда аёл: «(Зулайхо) деди: «Мени у тўғрида маломат қилганларинг шу (йигит) эди. Ҳақиқатан, ундан нафси (жинсий яқинлиги)ни талаб қилганимда, у сақланди. Қасамки, агар (у) менинг буйруғимни бажармас экан, албатта, зиндонбанд қилиниб, ҳақирлардан бўлиб қолур»» (Юсуф сураси, 32-оят).

Юсуф алайҳиссалом бу гапларни эшитиб ҳаром ишдан кўра қамоқни афзал биладилар ва шундай дуо қиладилар: «(Юсуф) деди: «Эй, Раббим! Менга таклиф этишаётган нарсадан кўра зиндон маъқулроқдир. Агар уларнинг макрларини мендан дариғ тутмасанг, уларга мойил бўлиб, жоҳиллардан бўлиб қолурман»» (Юсуф сураси, 33-оят).

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарининг дуосини қабул қилади: «Бас, Рабби (дуосини) ижобат қилди ва у (аёл)ларнинг макрларини ундан бартараф этди. Албатта, У эшитувчи ва билувчидир» (Юсуф сураси, 34-оят). Фаҳшдан кўра зиндонни афзал билиб, қалбан Аллоҳга дуо қилган Юсуф алайҳиссаломнинг дуоси қабул бўлиб, Аллоҳ уларни аёлларнинг макридан нари қилади. Лекин беайб эканлиги маълум бўлгани ҳолда Юсуф алайҳиссалом қамоққа ташланадилар. Қамоқда одамлар Юсуф алайҳиссаломни тақволи, инсофли одам деб билиб, у зотдан маслаҳат сўрайдиган бўлишади. Юсуф алайҳиссалом ҳамзиндон бўлган икки йигитга уларнинг тушларини таъбир қилиб беради. Юсуф алайҳисслом йигитлардан бирига ўзини қамашга амр этган кишига у зотни эслатишини тайинлайди. Ҳалиги йигит қамоқдан чиққач Юсуф алайҳиссаломнинг гапини унутади. Шундай қилиб, Юсуф алайҳиссалом яна бир неча йил қамоқда қоладилар. Бу орада Мисрнинг подшоҳи қайта-қайта алғов-далғов тушлар кўради. У ўз аъёнларидан тушининг таъбирини сўрайди. Шунда зиндонда ётган, озод бўлгач эса подшоҳга соқийлик қилётган ҳалиги йигит Юсуф алайҳиссаломнинг гапларини эслайди. Йигит подшоҳдан изн олиб, Юсуф алайҳиссалом ёнига борадилар. Юсуф алайҳиссалом унга тушнинг таъбирини айтадилар. Тушнинг таъбирини эшитган подшоҳ Юсуф алайҳиссаломни ҳузурларига олиб келишни амр этади. Лекин Юсуф алайҳиссалом подшоҳга ҳам, бошқаларга ҳам ўзларининг беайб эканликларини билдиришни хоҳлайдилар. Шу сабабли қамалишларига сабаб бўлган воқеани қайта текширтиришни сўрайдилар. Подшоҳ у кишининг талабларини бажарадилар. Кетма-кет келган машаққатлардан сўнг Юсуф алайҳиссаломнинг беайб эканлиги исбот этилади. Аллоҳ иймонли, тақводор бандаларини, айниқса, Ўз Пайғамбарларини ҳеч қачон хор қилмайди. Гўзал амаллари учун чиройли мукофотлар беради. Юсуф алайҳиссалом ҳам йиллар давомида кўрган машаққатлари олдида бўйин эгмай, Аллоҳга мустаҳкам эътиқодда бўлганлари учун Аллоҳ у зотни мукофотлайди.

Вақф хайрия жамоат фонди
матбуот хизмати

Report Page