ЭШОН КИМ, САЙЙИД-ЧИ?

ЭШОН КИМ, САЙЙИД-ЧИ?

Ҳар бир нарсанинг улуғи бўлади. Кунларнинг ичида жума шарафли бўлса, ойлар орасида Рамазон алоҳида эҳтиромга сазовор. Башарият…

Пайғамбар авлодлари “саййид” дейилади. Саййид – ўзбек тилида хўжа, улуғ, мустақил, ҳукмдор, жаноб маъноларида келади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 3-жуз). Айримлар саййидларни тўралар ҳам дейишади. Саййидларга Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос авлодлари киради.

Айрим манбаларда Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг хотинлари Фотима розияллоҳу анҳодан туғилган фарзандлари “саййид”, бошқа хотинларидан туғилганлари “Хўжа” дейилади, деб ёзилган. Бу нотўғри. Ҳазрат Алининг бошқа хотинларидан туғилган фарзандлари ҳам саййидлар дейилади. Саййидлар фақат Ҳазрат Али зурриёдлари эмас, юқорида номлари зикр қилиган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос зурриёдлари ҳам саййидлар ҳисобланади.

Пайғамбаримизнинг авлодларини, яъни “саййид”ларни ҳурмат килиш лозим. Аммо ўзлигини унутиб, Яратганнинг амрларига бўйсунмасдан “айниган”, “диндан узоқлашган” бўлса-чи? Унда улар асло ҳурмат қилинмайди. Зеро, “саййид”лик даражаси уларга дин туфайли берилгандир. Динини унутиб, ибодат қилмаса, у кунига юз мартабалаб “Мен саййидларданман!” деб жар солса ҳам “саййид” бўлиб қолмайди.

Чунончи, Пайғамбар авлоди бўлган киши амалий жиҳатдан Пайғамбар меросхўри бўлиб, у зотнинг ишларини давомчиси, дин кўрсатмаларини мукаммал бажариб, одоб-ахлоқ жиҳатидан инсонларга пешво бўлиши керак. Қуруқ “саййид”лик даъвоси билан уни насаби унга заррача ҳам наф бермайди. Бу каби сохта “саййид”ларни ҳурмат қилганлар эса гуноҳкор бўладилар.

Имом Табороний Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки фосиқни ҳурмат қилиб “Саййидим” деса, шак-шубҳасиз Роббисини ғазаблантирибди”, деганлар.

Инсон савлати, бойлиги, молу дунёси, насабию мансаби, оқу қоралигига қараб эмас, тоат-ибодати, тақвоси, парҳезкорлиги билан эъзозланиб, яхши амалларига яраша мукофотланади.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида: “…Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир…» деб адолат мезонини ўрнатиб қўйган.

Саййидлар ҳурмат қилинишининг сабаби, улар Аллоҳни таниб, Унинг қил деганларига амал қилиб, қилма деганларидан четланганлари учундир. Агар улар Аллоҳ берган қадру қийматига, улуғлигига яраша амал қилмасдан куфрони неъмат қилсалар, ўзларининг кимлигини унутиб, айниган, фосиқ бўлишса, уларнинг биронтасини ҳам ҳурмат қилиб бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизлари Фотимага: “Эй, қизим! Отам пайғамбар, деб насабингга суянма, амалиигни билиб қил, зеро, ҳар бир жон қилган амалига қараб мукофотланади”, деганлар.

Одамларда табиатан ўзларини бошқалардан юқори олиб мақтаниш одати бор. Шу сабабдан олдинги замонда ўтган боболаридан бири хон бўлган бўлса, биз хонларданмиз, деб исмларига хон қўшиб айтиши, тўра ўтган бўлса, биз тўраларданмиз, деб тўра қўшиб айтиши, бек ўтган бўлса, бек қўшиб айтиши, шоҳ ўтган бўлса, биз шоҳларданмиз, деб шоҳ қўшиб айтиши, амир ўтган бўлса, биз мирларданмиз, деб мир қўшиб айтиши одат бўлган. Аслида эса бошқалардан ҳеч қандай ортиқлиги йўқ. Бир ота – Одам алайҳиссалом ва бир она – Момо Ҳавводан таралган оддий инсондир. Аслида инсоннинг бошқалардан ортиқлиги фақат парҳезкорлиги ва тақвоси билан бўлади.

Бу борада ҳақикат куйчиси, оташнафас Бобораҳим Машраб ҳазратлари:

Саййидсан, Ҳожасан зинҳор,

Мағрури насаб бўлма!, деб ҳақиқатни баён қилганлар.

Насабига қараб сийланадиган бўлса, Нуҳ ва Лут алайҳиссаломларнинг аёллари сийланарди. Аммо бу иккала аёл улуғ зотларнинг жуфтлари бўлишларига қарамай, кофир бўлганлари учун жаҳаннамга лозим топилди. Шунингдек, Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига қарамай, Ём исмли ўғиллари кофир бўлиб, Тўфонда ғарқ бўлиб ўлди. Иброҳим алайҳиссалом жами пайғамбарларнинг отаси бўлишига қарамай, оталари Озар кофир бўлди. Бунинг акси, худолик даъвосини қилган ашаддий кофир Фиръавннинг хотини Осиё мусулмон бўлди. Демак, инсон кимни ўғил-қизи, кимни ота-онаси, кимни яқини ва дунёдаги мартабасига қараб эмас, қилган ишига, амали солиҳига қараб мукофот олади.

Шунинг учун илгарилари ўтган улуғларимиз насаблари саййид авлодидан бўлсалар ҳам ўзларини паст олиб, камтарлик билан исмларига қул қўшиб айтишган. Масалан, Қул Хожа Аҳмад, Асрорқул, яъни Аллоҳнинг қули, бандаси эканликларига иқрор бўлишган. Дарҳақиқат, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, яъни қулимиз. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримизнинг номлари зикр қилинган жойда Муҳаммад абдуҳу деб, у зотнинг банда эканлигини қўшиб айтилади. Биронта китобда Пайғамбаримизни Муҳаммадхон дейилган эмас.

Халқимиз орасида эшонлармиз, деб ўзини юқори оладиганлар ҳам бор. Хўш эшон ким? Бизнинг диёримизда тариқат илми ривожланган бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Али Ромитаний, Бобои Саммосий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Хўжа Аҳрор Валий, Шайх Ховандитоҳур, Занги ота ва бошқа бир қанча авлиёлар етишиб чиққан. Булар халқимизни комиллик сари етаклаб, комил инсон бўлиш йўл-йўриқларини ўргатишган. Буларни араб тилида шайх, форс ва ўзбек тилларида пир дейишган. Шайх ёки пирнинг луғатдаги маъноси чол, қариядир. Истилоҳда эса, устоз маъносида ишлатилади. Яъни тариқат илмининг устози. Бу йўлни хоҳловчиларни мурид, яъни шу йўлни хоҳловчилар дейилгани бўлади. Тариқат пирлари хоҳ катта, хоҳ кичик бўлишига қарамай, халқимиз уларни зъзозлаб, ҳурматларини жойига қўйиш учун беодоблик бўлмасин деб, исмларини айтмасдан эшон дейишган. Эшон форс, тожик тилларидан олинган бўлиб, “улар” маъносида келади.

Бу насаб эмас, фақат ҳурмат учун айтиладиган сўз. Демак, бир киши кўп ибодат-у зикрлар қилиб, ҳурматга сазовор бўлиб, эшон бўлган бўлса, унинг ўғил-қизи ҳам эшон бўла олмайди, уларни эшон авлодлари дейилмайди. Эшон бўлиш учун отасидек динга, шариату тариқатга хизмат қилган бўлиши керак.

Содда халқимиз тушунмаган ҳолда, ундай даъвогарларни ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, чўчқа гўшти еса ҳам, ҳаром ичкиликларни истеъмол қилса ҳам, намоз ўқимаса хам, турли-туман гуноҳлардан қайтмаса ҳам эшон деб юришади. Улар асло эшон эмас.

Бугунги кунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг авлодлари дунёнинг турли тарафларида ҳаёт кечириб келмоқдалар. Улар қайси номлар билан аталмасин, қандай ҳаёт кечирмасинлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳурматлари сабабли ҳурмат қилинишга ва иззат қилинишга муносиб ва сазовордирлар.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ҳасан ҳадис деб ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳабиби муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилган эдилар: «Шак йўқки, мен сизларга иккита нарсани ташлаб кетаяпман. Мадомики ул иккисини маҳкам ушларкансиз, мендан сўнг ҳаргиз залолатга кетмайсиз. Икковидан биринчиси кейингисидан улуғроқдир: Аллоҳнинг китоби – осмондан ергача чўзилган арқондир ва (кейингиси) аҳли байтим – менинг авлодимдир. Иккови ҳавзи кавсарга келгунча айрилмагай. Демак, иккови борасида менга қандай хилоф қилаётганингизга эътибор қаратинглар!» Имом Дайламий эса Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга авлодимга яхшилик қилишни васият қиламан!» деган эканлар. Уни Имом Ҳоким саҳиҳ деган. Шу маънодаги бошқа бир ривоятни эслаш лозим. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли неваралари Ҳасан (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилишича, ул Зот ўз хутбаларида бундай деган эканлар: «Мен Аллоҳ таоло уларнинг муҳаббатини ҳар бир мусулмонга фарз қилган аҳли байтдан бўламан!» Ҳазрат Ҳасан (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу сўзларига далил қилиб уламоларимиз Қуръони каримнинг Шўро сурасининг 23-оятини кўрсатганлар: «Айтинг, мен сизлардан бу даъватим учун ҳақ сўрамайман, фақат қариндошликдаги дўстлик-яқинликнигина сўрайман!» Расул алайҳиссалом Қурайш қабиласидан бўлганлари учун, шу қабила мушрикларидан озор бермасликни сўраганлар; даъватлари эвазига ҳақ сўрамасалар-да, ўзларининг авлод ва зурриётига силаи раҳмда бўлишга чақирганлар. Имом Табарий ҳам мана шу таъвилни ихтиёр қилган эканлар.

Пайғамбаримизнинг чеваралари Зайнул Обидин буюк саҳоба Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг олдиларига кирсалар, ул зот: «Марҳабо, эй ҳабиб ибн ал-ҳабиб!» деб кутиб олишлари нақл қилинган. Бир куни саҳобаларнинг улуғ олимларидан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу жаноза намозида қатнашиб, яқинида турган хачирга минқмоқчи бўлганларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳазратлари узангисини тутдилар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: «Эй, Расулуллоҳнинг амакиваччаси, қўйинг, қўйинг...» дедилар. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Уламо ва кубароларга шундоқ муносабатда бўлишга буюрилганмиз», дедилар. Зайд ибн Собит: «Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли байтига мана шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз», дедилар.

Тобеинлардан бири ҳикоя қилади: «Абу Бакр, Умар ва Али розияллоҳу анҳумлар бизнинг олдимизга бирор иш билан келсалар, аввал Пайғамбаримизнинг амакиси ўғли Ҳазрат Али нинг ҳожатларини битказиб жўнатар эдик».

Соҳибқирон Амир Темур даврида Самарқандда икки аллома – Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний илмий фаолият олиб боргани маълум. Бу икки аллома ўртасида бўлиб ўтган баҳс-мунозаралар жуда машҳур бўлиб, тарихий манбаларда батафсил баён этилган. Ана шундай баҳслар Амир Темур саройида ўтказиб турилган. Саъдуддин Тафтазоний ва Саййид Шариф Журжоний мунозарада тенг бўлиб қолганида, Соҳибқирон Амир Темур: «Саййид Шариф Журжонийнинг саййидлиги туфайли баҳсда ғолиб бўлди, деб эълон қилиниши мақсадга мувофиқ», дегани ва Саййд Шариф Журжонийнинг ёнини олгани ҳам тарих китобларида муҳрланган. Бу Марказий Осиё халқлари ва султону хонлари ҳам саййидларни ниҳоятда ҳурмат қилиши, қадрлашини кўрсатувчи далилдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам авлодларини юртимизда саййидлар, эшонлар, хўжалар, тўралар каби турли номлар билан атаб улуғлашади. Пайғамбаримизнинг авлодларини ҳурмат ва иззат қилиш лозим.

 

Толибжон НИЗОМ




Report Page