ЭСДАЛИККА ТУШИЛГАН СУРАТ АТРОФИДАГИ УЙДИРМАЛАР

ЭСДАЛИККА ТУШИЛГАН СУРАТ АТРОФИДАГИ УЙДИРМАЛАР

Раддия
Ёлғон хабар!
Ижтимоий тармоқларда “Кун фотоси!” сарлавҳаси остида тарқалган ушбу сурат ва маълумотда Самарқанд шаҳридаги 10-оилавий поликлиника бош врачи шифокор ва ҳамшираларни жазолаш мақсадида ташқарида -6 даража совуқда мажбуран ушлаб турганлиги айтилган.

Ушбу ҳолати бўйича ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йил бошидан мамлакатимизда аҳолининг соғлом турмуш тарзига риоя қилишини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллик даражасини оширишга қаратилган тадбирлар мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Бу борада эса тиббиёт ходимлари нафақат тарғибот ишларида балки, баҳор, ёз мавсумида ўзлари намуна сифатида эрталабги юриш марафони ва бадантарбия машқлари билан ҳам шуғулланишди.

Қувонарлиси, ҳар куни тонгдан вилоятимизда фаолият юритаётган соҳа ходимлари иштирокида ўтказилган бу каби машғулотларда шаҳар ва туман аҳолиси, бошқа корхона ва ташкилотлар жамоалари ҳисобидан қатнашчилар сони кун сайин ошиб борди. Ҳасталикка чалинмаслик ва ишчанликни таъминлаш учун эрталабки бадантарбиянинг қанчалик аҳамиятли эканлигини тушуниб етган кўплаб юртдошларимиз тиббиёт ходимлари сафида туриб, эрталабки бадантарбия машқларида иштирок этишди.

Кузги-қишки мавсум бошланиб, кунлар қисқариши ва совуб бориши сабабли вилоятимизда бу каби оммавий тадбирлар ўтказилиши кўкламгача тўхтатилганди. Бироқ, соҳа ходимлари ўз ихтиёри билан ўзи фаолият юритаётган муассаса биноси ичида эрталабки бадантарбия машқларини ўтказиб, анъанани давом эттиришмоқда.


Юқоридаги “Кун фотоси” номи билан ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлаётган сурат хабар муаллифи айтганидек жазоланаётганларнинг эмас, балки муассаса биноси ичида эрталабки бадантарбия машқларидан сўнг ташқарида атрофга ўзгача чирой бериб ёғаётган қор фонида эсдалик учун суратга тушган ўрта тиббий ходимларнинг суратидир.

Бугун ОАВ ва ижтимоий тармоқларда сўз эркинлиги яратилганлиги боис барча соҳалардаги камчиликлар эмин-эркин, очиқ-ошкора танқид қилинмоқда. Бунинг учун журналистлар ва блогерларга катта раҳмат. Бироқ, қўлига тушган хабарнинг асосини ўрганмай туриб, кўр-кўрона, суриштирув ўтказмасдан ёлғон маълумотни бутун оламга шов-шув қиладиган журналист ва блогерларни ким деб аташ керак?

Бугун юртдошларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини жуда яхши билишади. Агар у поймол бўлса, қайси ташкилотга қандай мазмунда мурожаат қилиш кераклигини уларга ўргатишнинг ҳожати йўқ.

Аммо, ёлғон хабарларни атайин тарқатаётган айрим ижтимоий тармоқ фаолларига айтадиган гапимиз шу: ёлғон ва бўҳтондан иборат маълумот тарқатганлик учун қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари мавжуд.

 Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш

бошқармаси ахборот хизмати.

Report Page