ЭРТАЛАБКИ ИБОДАТ

ЭРТАЛАБКИ ИБОДАТ


Осмондаги Отажоним!

Сенинг муқаддас Номингни улуғлайман, Сенга узлуксиз ҳамду сано қурбонликларини келтираман.

 Яратгувчи Эгам, Сен яратувчисан, Сен ҳамма нарсани ўз ҳоҳиш-ироданг ила яратдинг, ҳамма нарса Сен орқали ва Сен учун яратилган, ҳамма нарсадан аввал Сен мавжуд эдинг. Сен азалда бор, ҳозирда бор, келажакда бор бўлгувчи Сарвари коинотсан. Отажоним, жуда улуғсан, жамол ва салобат ила кийингансан, ёруғлик либосига буркангансан, осмонни чодир каби ёйиб қўйгансан, юқори даргоҳларингнинг томини сувдан қургансан, булутларни Ўзингга ароба қилиб шамол қанотлари узра кезасан, шамолларни Ўзингга малак қилиб, хизматчиларинг қилиб ўт-оловни ишлатасан. Ер то абад тебранмасин дея, уни пойдевори узра маҳкам қургансан, уммонни унга либосдай кийдиргансан, юқори даргоҳларингни тоғлардан суғорасан. Сен ҳайвон учун ўт-ўлан ўстириб, инсон учун кўкат яратасан, инсон ерига ишлов бериб овқат топади. Фаслларни аниқлаш учун ойни яратдинг, қуёш эса ботар ерини билади, қоронғулик чўктирсанг, тун бўлади, ўрмондаги барча ҳайвонлар сайрга чиқиб, Сендан ризқ-рўз сўрашади, қуёш чиқса тўпланадилар, ўз инларига кирадилар, инсон эса ўз меҳнатига чиқади, оқшомгача рўзғор тебратиш учун ишлайди, Отажоним, сенинг ишларинг қанчалик кўпдир, ҳаммасини ҳикмат билан яратгансан, ер Сенинг ижодларинг билан тўладир. Мана, буюк бепоён денгиз, унда сон-саноғи йўқ жониворлар, катта-кичик ҳайвонлар бор, уларнинг ҳар бири Сенга кўз тикади, вақтида овқатимизни берсин, деб умид қилади, уларга берганингда териб оладилар, қўлингни очганингда неъматингга тўядилар. Юзингни яширсанг, даҳшатга тушар, руҳларини олиб қўйсанг, ўлиб кетади, яна руҳингни юборсанг, улар қайта яратилади. Отажоним, Сен ер юзига янги қиёфа берасан, Ўз яратганларинг билан Сен севинасан. Сен ерга боққанингда ер титрайди, тоғларга текканингда тоғлар тутун чиқаради, бор эканман, Осмондаги Отажонимни улуғлайман, умрим бўйи Уни куйлайман, мақтайман, менинг суханим Унга хуш келсин, Унга ҳамду санолар бўлсин. 

Эй Подшоҳим, эй Эгам, Сени улуғлайман, мақтайман, Исмингга абадулабад тасаннолар айтаман, кундан кунга олқишлайман. Исмингни мадҳ этаман абадулабад! 

Сен бузрукворсан, буюксан, олийжанобсан, абадийдир Сенинг иноятинг, улуғ илтифотингни мақтайман, одиллигингни куйлаб тараннум этаман. 

Салтанатинг асрлар оша давом этар, асрдан асргача Сен ҳукмронлик қиласан, барча йиқилаётганларга Сен мадад берасан, ҳар бир қадди букилганни Сен ростлайсан, барча йўлларингда адолатли, ҳамма ишларингда содиқ ва иноятлисан. 

Сенга чин қалбдан мурожаат қиладиган ҳар бир инсонга яқинсан. Художўйлар тилагини Сен қондирасан, раҳмат Сенга Отажоним, миннатдорман.

 Яратувчи Эгам, мени Ўз суратингга кўра, Ўзингга ўхшаш қилиб яратганинг учун миннатдорман. Мен ҳайбатли суратда яралганман, бутун ичларимни Сен бунёд этдинг, онам қорнида Сен мени ташкил қилдинг, ҳамон пушт шаклида эканман, кўзларинг кўрарди мени, ҳали бир кун ҳам яшамаганимда, Сен кунларимни тайин қилиб, ҳаммасини ҳаёт китобингга ёзган эдинг. Раҳмат Отажоним, менинг кунларимни тайин қилиб, Ўзининг Китобига ёзган Эгам Худойим, миннатдорман Сендан. Мен чорасиз бўлганимда, гуноҳга ботган чоғимда, Сен мени абадий севгинг билан севиб, менга меҳрли қўлларингни чўздинг, мени шунчалик севдингки, Ягона Ўғлинг Исо Масиҳни мен учун ўлимга топширдинг, Ўғлингни мен учун қурбон қилдинг.

Отажоним раҳмат, улуғ севгинг учун миннатдорман, Севги Худоси, Сенинг Муқаддас Исмингни улуғлайман. Исо Масиҳ Раббим, раҳмат, миннатдорман, Сен Ўз шон- шуҳратингни ташлаб, мен учун ер юзига келганинг учун миннатдорман, мени шунчалар севдингки, мен учун Ўз жонингни бердинг, бегуноҳ қонингни тўкдинг. Сендан миннатдорман. 

Раббим, Сен менинг барча касалликларимни, заифликларимни Ўз танангга олиб яраландинг, Сенинг яраларингдан мен шифо топдим, Сен менинг шифокор Худойимсан. 

Сенинг тўккан муқаддас Қонинг менинг гуноҳимни ювиб, тозалаб оқлайди, виждонимни ўлик ишлардан поклайди, Осмондаги Отанинг ҳузурига эшик очади. Раҳмат Раббим, оқловчи Худойим, қонинг билан ювиб, тозалаб мени оқлаганинг учун Сендан миннатдорман. 

Отажоним Ўз Муқаддас Руҳингни менинг юрагимга юбординг, мени айбсиз, бегуноҳ, солиҳ ва муқаддас қилдинг, раҳмат муқаддаслик бахш этувчи Худойим, миннатдорман Сендан. 

Раббим, Сен гуноҳнинг, ўлимнинг, дўзахнинг устидан ғалаба қозондинг ва ғалабангни менга бердинг, менинг табиатимдаги гуноҳни йўққа чиқардинг, мен учун ўлиб, учинчи куни қайта тирилиб, ўлимни енгдинг ва дўзахга тушиб унинг калитини олиб чиқдинг, дўзах Сени ушлаб тура олмас эди, чунки Сенда гуноҳ йўқ эди, раҳмат ғалаба Худоси, миннатдорман Сендан. 

Отажоним, Ўз тинчлигингни менга бердинг, бу дунёда йўқ тинчликни берганинг учун раҳмат, Сен тинчлик Худосисан. 

Менинг Номимдан Отадан нима сўрасангизлар, Отажоним тилагингизни бажаради, деб айтдинг, раҳмат, илтижоларни эшитувчи Отажоним, раҳмат Сенга, Исо Масиҳ Номи билан қилган ибодатларимни эшитиб, жавоб берганинг учун миннатдорман. 

Ўзингиз учун қасос олманглар, сазосини мен бераман дединг, Сен менинг тарафимни олувчи, сазосини берувчи Худосан, раҳмат Сенга Раббим, миннатдорман, тарафимни олганинг учун раҳмат. 

Отажоним, Сен учун мумкин бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ, Сен ҳар нарсага қодир Худосан, раҳмат Сенга. 

Сен эҳсонга бой, кўп марҳамат Эгасисан, Сен тирилиш ва ҳаётдирсан, Сен Тирик Худосан, Аввалию Охири, Боши ва Сўнги, Ибтидо ва Интиҳо, Альфа ва Омегасан, ўлим ва тамуғ очқичлари Сенда, Сен етти юлдузни ўнг қўлида тутувчи, еттита олтин шамдон орасида юрувчисан, ўткир дудама қилич Соҳиби, кўзлари оташ алангасидай чақноқ, оёқлари ялтироқ мисдай порлоқ Худонинг Ўғлисан, ҳақиқий ишончли шоҳид, Худо яратганларининг Бошлиғисиз. Ўлган бўлиб, тирилиб келган Биринчи ва Охирисан, Муқаддас ва Ҳақ, Довуднинг калитига молик, очганини ҳеч ким беркита олмайдиган, беркитганини ҳеч ким оча олмайдиган Зотсан, Худонинг етти Руҳи ва етти юлдузига молик, ер юзи подшоҳларининг Шаҳаншоҳи, ишончли Шоҳид Исо Масиҳсан, раҳмат Сенга! Раббим, миннатдорман Сендан, Сенинг Муқаддас Исмингни улуғлайман. 

Отажоним, менга берган Каломинг учун раҳмат, миннатдорман. 

Сенинг Каломинг абадий, У фазода маҳкам ўрнатилган, У ҳеч қачон ўзгармайди, У қадамларим учун чироқ, йўлимни ёритадиган мусаффо, соф Каломдир, жонли, таъсирли, ҳар турли дудама қиличдан ўткир, жон билан руҳ орасига суқулиб кириб, дил ниятларини фош қилади, жонга жон қўшади, содда одамга донишмандлик беради, кўнгилни қувонтиради, Сенинг амрларинг кўзни ёритади. 

Раҳмат Сенга Раббим, жонимни қутқаришга, Халоскорлик қудратига эга бўлган Муқаддас Каломинг учун миннатдорман. Отажоним, зеро Сен мени шунчалик севдингки, Ягона Ўғлинг Исо Масиҳни бердинг, токи Унга ишонган ҳар бир киши ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин, деб Ўғлингни бердинг, миннатдорман, Отажоним Ўғлинг Исо Масиҳ учун раҳмат. 

Отажоним Ўғлинг Исо Масиҳ қиёфасидаги абадий ҳаёт учун миннатдорман, мени Самода кутаётган сўлмас, чиримас абадий мерос учун раҳмат. Абадий меросга қараган меросхўр қилганинг учун раҳмат, миннатдорман, мен учун тайёрлаган абадий маскан, кўчалари соф, қимматбаҳо олтиндан, пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлардан безатилган, ҳар ойда пишадиган ҳаёт дарахти меваси бор, ҳаёт дарахтининг барглари халқларга шифо бўладиган, у ерда тун бўлмайдиган Раббимнинг улуғвор жамоли шаҳарни ёритадиган олтин шаҳар учун раҳмат, шу абадий маскан учун миннатдорман.

Эгамизни олқишлагин, эй жоним, Унинг муқаддас Номини олқишла, эй вужудим! Эгамизни олқишлагин, эй жоним, Унинг қилган ҳамма яхшиликларини унутмагин, ҳамма гуноҳларимни У кечирди, барча хасталикларимга У шифо берди, мени қабрдан У қутқарди, севги, шафқат ила менга тож кийгизди, ҳаётимни неъмат ила У қондирди, ёшлигим кучини бургутнинг кучидай янгилади.

Отажоним, бу дунёдан мени чақириб, танлаб, Ўзингга фарзанд қилиб олганинг учун, гуноҳларимни кечириб, менга янги ҳаёт берганинг учун раҳмат, миннатдорман. 

Мен Исо Масиҳда янги ижодман, қадимги ҳолат ўтиб кетди, энди ҳаммаси янги бўлди! Мен Худонинг Сўзидан ва Руҳидан туғилган янги инсонман! 

Мен айбсиз, бегуноҳ, солиҳ ва муқаддасман! Мен Исо Масиҳ умматиман, энди менга қарши ҳеч қандай маҳкумлик йўқ! Мен Худонинг Руҳи билан бошқариламан! Мен Худонинг фарзандиман! 

Исо Масиҳни тирилтирган Худонинг Руҳи менинг ичимда яшайди, ўша Руҳ орқали менинг фоний танам шифо топган! Менинг ичимдаги Руҳ бу дунёда ҳукм сураётган руҳдан устун! 

Раббим Исо Масиҳ Ўзининг улуғворлиги, камолоти, шарофати ила мени даъват этди ва Ўзини менга танитди. Яшаш ва Худо йўлида юришим учун керак бўлган ҳамма нарсани Ўзига хос куч‐қудрат билан ато этди. Мен самовий оламдаги Исо Масиҳ орқали берилган ҳар турли руҳий қут‐баракаларга эгаман! 

Шунинг учун мен ҳеч нарсадан ташвиш қилмайман, ҳар бир тилагимни миннатдорчилик билан Осмондаги Отажонимнинг иноят қўлларига топшираман! Осмондаги Отажоним менинг барча эҳтиёжларимни Ўзининг улуғвор бойлиги билан қондиради! 

Худонинг куч‐қудрати менда амал қилмоқда, шунинг учун мен сўраган ва хаёл қилганимдан ҳам ортиғини беришга ғоят даражада қодир! Мен оқар сувлар қанорига ўтқазилган, мевасини ўз мавсумида тугадиган, барглари эса сўлмайдиган дарахтман, мен неки қилсам Осмондаги Отажонимнинг инояти менга ёр! 

Мени қўллаб‐қувватлаётган Исо Масиҳнинг мадади билан мен ҳар нарсани қила оламан! 

Осмондаги Отажоним менда бошлаган хайрли ишини Ўғли Исо Масиҳ иккинчи марта қайта келгунича охирига етказади! 

Осмондаги Отажоним мени Ўзининг абадий севгиси билан севади, У мендан рози!!! Раббим, Сенга юрагимдан муқаддас жой бераман, Сен менинг ҳаётимнинг Худосисан, Сенинг олдингда бош эгаман, сажда қиламан. Сенга Руҳ ва Ҳақиқатда топинаман. Отажоним, Сени таниб‐билишни хоҳлайман, Сени таниб‐билишим учун менга ҳикмату ваҳий Руҳини ато қилгин, кўнгил кўзларимни ёруғ қил, Ўз Руҳинг билан ички борлиғимни бақувват қил, улуғвор бойлигинг билан кучли, қудратли қил. Ўйларимни Муқаддас Қонинг билан ювиб тозала, ўйларимдаги ҳар қандай ёлғон фикрларни ювиб тозала, ўйларимдаги Сенинг сўзингга қарши бўлган фикрларни қуритаман ва ҳар қандай фикрларимни Исо Масиҳнинг фикрларига бўйсундириб асир қиламан. Фикримни янгилаш орқали тубдан ўзгараман, Исо Масиҳнинг фикрларини қабул қиламан. Мен Масиҳнинг фикрларига эгаман! 

Мен Исо Масиҳ сингари фикрлай оламан: шарафли, тўғри, ҳақиқий, пок, ёқимли, таҳсинга сазовор нарсалар тўғрисида фикр қиламан. 

Раббим, Сенинг Сўзингнинг ижрочиси бўламан. Сен мени севгандек ўз биродарларимни севаман. 

Иродангни тўла англашим учун менга илоҳий ҳикмат ва фаҳм‐идрок ато қил. 

Муқаддас Руҳнинг самаралари учун раҳмат: муҳаббат, севинч, хотиржамлик, сабр-тоқат, меҳрибонлик, эзгулик, ишонч, мулойимлик ва ўзини тута билиш хислатлари учун раҳмат. 

Сен мени боқий ҳосил келтириш учун танладинг. Мен Сенинг Сўзинг билан яшайман ва боқий ҳосил келтираман. 

Иродангни бажаришим учун менда ҳар турли фазлу камолот пайдо қил. Хушхабар айтиш, шифокорлик, мўъжизакорлик, руҳларнинг фарқига бориш, башорат қилиш, Калом гапириш, номаълум тилларда гапириш, уларни таъбир қилиш, муаллимлик, пайғамбарлик, далда бериш, ёрдам бериш инъомларини бер, шу инъомлар билан имонлиларни ўстиришга хизмат қилай. Отажоним, мени Ўз даъватингга лойиқ кўр, ҳар қандай яхши мурод‐мақсадимни Ўзингга хос куч-қудрат билан рўёбга чиқар. Хайрли иш ва сўз учун қувват бер. Имон билан қилган ишимни амалга ошир. 

Осмондаги Отажоним, Сенинг Шоҳлигинг учун, Муқаддас Руҳдаги солиҳлик, тинчлик, хотиржамлик учун раҳмат, миннатдорман. 

Мен Сенинг Шоҳлигинг ва солиҳлигинг пайидан бўламан ва қолган ҳамма нарсани менга қўшиб берганинг учун раҳмат, миннатдорман. 

Сенинг ироданг менинг ҳаётимда бажо бўлгани учун раҳмат. Отажоним менга берган шифоингни бутун тана аъзоларимга қабул қиламан, чунки Сенинг шифойинг менга тегишли, ҳа, мен Исо Масиҳ орқали берилган ҳар турли руҳий қут‐баракаларга эгаман. 

Отажоним, руҳий очиқликлар учун миннатдорман, баракаларни ҳаётимга қабул қиламан, берган барча баракаларинг учун миннатдорман.

 Раббим, Сен Ўз Қонингни тўкиб, менинг табиатимдаги гуноҳни бартараф қилдинг ва Ўз солиҳлик табиатингни бердинг, миннатдорман, раҳмат Сенга. 

Мен Исо Масиҳда солиҳ ва муқаддасман, мен гуноҳ қуллигидан озодман ва Исо Масиҳнинг яраларидан шифо топганман, аъзойи баданимни солиҳлик қуроли қилиб, Раббим Сенинг измингга топшираман, мени васвасага тушишимга йўл қўйма, аммо ёвуз шайтондан халос қилгин. Ўзимни Сенинг иноятингга тўлиғича топшираман. Салтанат, куч қудрат, шон-шуҳрат то абад Сеникидир! Омин! Раббим Исо Масиҳнинг инояти, Отам Худонинг севгиси ва Муқаддас Руҳнинг ҳамроҳлиги ҳар доим менга ёр бўлсин. Исо Масиҳнинг инояти менинг руҳимга ёр бўлсин! 

Омин! Омин! Омин!

@uzManna

Report Page