ЭРКАТОЙ ҲАЙДОВЧИЛАРНИ ТИЙИБ ҚЎЙИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?!

ЭРКАТОЙ ҲАЙДОВЧИЛАРНИ ТИЙИБ ҚЎЙИШ ВАҚТИ КЕЛМАДИМИ?!


Халқимиз доно. Баъзан муайян воқеликка нисбатан муносабатини аччиқ истеҳзо билан бўлса ҳам билдиради. Куни кеча шундай “зил” гаплардан бирини эшитиб қолдим: “АҚШда тўппонча ўқидан ҳалок бўлишингиз эҳтимоли Ўзбекистондаги автомобиль йўлларида авария оқибатида ҳалок бўлиш эҳтимолидан анча паст экан”.

“Бекор гап!” дейишга шошилманг. Зеро, инкор қилишдан осони йўқ. Ҳақиқат ҳиссиз статистикада яққол кўринади. 2023 йил ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида юртимиздаги автомобиль йўлларида содир бўлган ЙТҲлар ва уларда жабрланган юртдошларимиз тўғрисидаги маълумотларга мурожаат қиламиз: “...2023 йилда содир этилган 9 минг 839 та ЙТҲ оқибатида 9 минг 209 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2 минг 282 нафар киши ҳалок бўлган. Болалар билан боғлиқ 1 минг 794 та ЙТҲ туфайли 1 минг 568 нафар ўғил-қиз жароҳатланган, 263 нафар бола эса ҳаётдан кўз юмган. Жорий йилнинг беш ойида вояга етмаганлар билан боғлиқ 359 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва 65 нафар бола нобуд бўлган, 294 нафар бола турли даражада тан жароҳатлари олган”.

Бу даҳшатли рақамларга изоҳ керакми? Йўқ, албатта.  

Бунинг устига, ярага туз сепгандай, ижтимоий тармоқлар орқали автомобилда тезликни ошириш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмасдан ҳаракатланганини ҳайп кўринишида оммага намойиш этаётган кимсаларга кунда-кунора дуч келяпмиз. Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликнинг кескин муҳокамасига сабаб бўлган Ангрендаги ҳолатни олсак.

Жамоат жойида автомобилни 80 эмас, 100 эмас, нақ 157 км/соат тезликда бошқариб кетаётганидан оғзи қулоғига етган аёл ҳайдовчи (!) буни видеога олиб, инстаграмдаги саҳифасига жойлаган. Бу ҳам етмаганидек, контентнинг изоҳ қисмига шундай автомобилдаги “қотил”лар сабаб қанчадан қанча инсонлар, энг афсусланарлиси, вояга етмаган бегуноҳ болалар ҳаётига нуқта қўйилаётганини ёзган тармоқ фойдаланувчисига «Бу болаларнинг тақдири онасининг қорниданоқ ёзилиб бўлинган», дейишга юзхотир қилмаса денг?!

Разиллик! Буни бошқача ифодалаб бўлмайди.

Бу каби ҳолатларнинг кескин ошаётгани йўлларда ҳаракатланиш бўйича қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, маъмурий  ва жиноий жавобгарлик чораларини кескин кучайтириш зарур эканлигини кўрсатмоқда. Қачонгача пиёдалар ўлимига сабабчи бўлаётган эркатой ҳайдовчиларга бефарқ бўламиз? Уларни тартибга чақириш учун фақатгина жарима миқдорини ошириш билан кифояланиш кутилган натижани бермаяпти. Енгил-елпи бойлик орттириб жамиятга, қолаверса, амалдаги қонунларга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатаётган айрим ҳайдовчиларни тарбиялашнинг янги механизмларини жорий этиш лозим, назаримизда.

Дунё тажрибасига назар солсак, Финляндияда тезликни оширганлик учун 200 минг доллар миқдорида маъмурий жарима қўлланилади. АҚШда ҳар бир штатда тезликни оширганлик учун алоҳида қонунлар мавжуд бўлиб, балли тизим ҳолатида кўп бора маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади. Буюк Британияда ҳайдовчи тезлигини оширганида, 3 балдан 6 балгача баҳоланади. Миқдор ошиб кетса, судга чақирилади. Японияда тезликни ошириш кўп бора содир этилса, ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилиши, ҳаттоки, қамоқ жазоси қўлланилиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, биз, “Адолат”чилар бу каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва аварияларда қурбонлар сонини камайтириш учун фақатгина жарима миқдорларини оширишни оқилона ечим деб билмаймиз. Чунки моддий имконияти яхши бўлган ҳайдовчи жаримани тўлаб туриб ҳам яна шундай ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги ва бегуноҳ инсонларнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига сабабчи бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Демак, юртимизда ҳам тезликни оширганликда муайян муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқини чеклаш ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан умрбод маҳрум этиш, шунингдек, тезликни ошириш, спиртли ичимлик истеъмол қилиб инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларга жиноий жазо чораларини кучайтириш, шу билан бир вақтда, асосий эътиборни тарбияга қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Зеро, мамлакатимиз йўллари пиёдаларнинг юрак ҳовучлаб юрадиган ва отасининг эркатойлари истаган тезликда ҳаракатланадиган ҳудуд эмас. Шуни инобатга олиб, “автомобилдаги қотиллар” кўпаймаслигини таъминлаш учун қонунчиликда юқоридаги каби жиддий ўзгаришлар қилиш керак ва шарт. Акс ҳолда йўлларда юз бераётган фожиаларнинг олдини олиш имконсиз бўлиб қолаверади.

Робахон МАХМУДОВА,
Сиёсий Кенгаш раиси



Report Page