ЭРК УЧУН КУРАШГАН САТРЛАР

МИРЗО КЕНЖАБЕК
ЎТМИШ МАНЗАРАСИ
Истибдоднинг сўнгги йилларида ёзилган ва матбуотда
босилган бу шеъримни заруратан «Ўтмиш манзараси»
деб номлаган эдим. Дарвоқе, асрий орзулар амалга
ошиб, Ўзбекистон истиқлолга эришди ва шеърдаги
ҳасратлар ҳақиқатан ўтмиш манзарасига айланди...
Бу кун туркий бўлишликдан хижолат ҳаддан ошгандир,
Тепамда чун-зулм-ғорат, ҳақорат ҳаддан ошгандир.
Адолат инграгай унсиз, бошимда режали қирғин,
Разолат, фитнаю туҳмат, асорат ҳаддан ошгандир.
Ўлимга ёзма буйруқ йўқ, муайян юз, аниқ зот йўқ,
«Бу элни қир» дея зимдан ишорат ҳаддан ошгандир.
Ичим тўлғун заҳар-заққум, малолатдан қасос унгай,
Чекидан қон босим ошган, ҳарорат ҳаддан ошгандир.
Кимики бўлса босқинчи, нуфузли қаҳрамон дерлар,
Кимики бўлса эркпарвар, маломат ҳаддан ошгандир.
Қамоқда ётгани қанча, ақлдан озгани қанча,
Жаҳон тарихида қай кун бу ҳолат ҳаддан ошгандир?!
Ва ҳарбий мардикор нобуд – қатор тобут келар қайтиб,
Шаҳидзор бўлди Туркистон, сиёсат ҳаддан ошгандир.
Гўдаклар бенажот ўлгай, заҳарсиз сув, зироат йўқ,
Мусибат, қатл ила офат, ҳалокат ҳаддан ошгандир.
Қани Инжил, қани Таврот? Нечун роҳиб-руҳоний жим? -
Ки ҳар зум йиғлагай Қуръон – жаҳолат ҳаддан ошгандир.
Ҳақиқат, мажлису сайлов тузум тўқмоғи остинда,
Жаҳонда не қабоҳат бор, ниҳоят ҳаддан ошгандир.
Худонинг исмига лойиқ қоғоз ёлғонга ўрганди,
Сўзим халқимга етмайди, назорат ҳаддан ошгандир.
Чиранган барча арбобнинг жилови ёт улусларда,
Мутеълар, умри «қуллуқ»дан иборат, ҳаддан ошгандир.
Амалдор миллатин сотган, ғанийлар юртини сотган,
Қадим савдо солиб, бундоқ тижорат ҳаддан ошгандир.
Чидаб, халқим, жасур бўлгин, кўтар бошингни, тарихда
Асорат ҳаддан ошганда жасорат ҳаддан ошгандир!..
1989

ЯНА ХАЛҚ ҲАСРАТИ
Хотири вайрон жамоат, кўнгли юз минг пора эл.
Алишер Навоий
Аллоҳ, Аллоҳ! Ичим ёнадир,
Бу шўрликнинг ёзиғи надир?. .
Уни қара, ун чекар узун,
Оч қолганда ун бер, дейди, ун!
Боқмай мазах қилган золимга,
Сомон бергин, дейди, молимга.
Қалби ўчган, моғор онг ва бурд,
У сўрайди совун ва гугурт.
Эрк йўли берк, турмуши – қафас,
У йўлимни тузат, дейди, бас.
Иймон хароб, руҳ уйи вайрон,
У кўприк деб чекади фиғон!..
Аллоҳ, Аллоҳ! Ичим ёнадир,
Бу ғарибнинг ёзиғи надир?
Бари битар мустақилликдан,
Сўра, қутул, десам қулликдан,
Йўқ! - деб менга тиғни ҳам қайрар,
Ўргатганин телбавор сайрар,
Йўқ, дер, халқни чалғитмагин, йўқ,
Сўра, десам, инсоний ҳуқуқ,
Йўқ, йўқ, дейди, қилма бедодлик,
Сўра десам эрку озодлик!..
Аллоҳ, Аллоҳ! Хазонман, додман,
Халқим бор, деб алданган зотман.
Аллоҳ, Аллоҳ! Етгил додимга,
Сендан бошқа йиғлайин кимга?!
1990
МЕН ВА СЕН
Гарчи қуёш кўтарган Шарқман,
Нурмас, ҳасрат қонига ғарқман.
Сен шоҳсан-у, халқсиз саройсан,
Мен бўлсам-чи, саройсиз халқман.
1990

ИЖТИМОИЙ ДАРД
Сен учун синдирдим синмас созимни.
Рауф Парфи.
Тенгдошларим масрур ютуқлар билан,
Парвозу донглари – кимгадир армон.
Мен эсам курашчан нутқлар билан,
Мақолалар билан бўлдим андармон.
«Мирзо қолиб кетди...» – Ўқлар бесаноқ,
Учар нафсу тамаъ пастликларидан.
«Соф» шоир бўлардим, олмасам сабоқ,
Фақат ҳақ ва қасос дарсликларидан.
Келгайдир мени ҳам тушунгич замон:
Елларга совурдим қонли додимни,
Истиқболинг учун, юртим, онажон,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни!
Қалбимнинг қаъридан шеър унган кундан
Борми ҳаётимда қутлуғроқ сана!
Қон силқиб турганда сенинг кўксингдан,
Мен қандоқ шод куйчинг бўлайин, она?!
Бас! Иқбол қуёши бу кун тутилган,
Жонимда дарёлар қизиб, тошадир.
Кўзлар осмонидан юлдуз тўкилган,
Тоғлар вужудимда юрар, учадир...
Мен тинглаб бир мубҳам қирғоқдадирман,
Қисматнинг гулдирос кулгуларини.
Балки, ўз жисмимда кўрмоқдадирман
Бу кун охирзамон белгиларини.
Оҳим! Осийларни оёққа қалқдир,
Қиёмат кўргузмай далил-ҳужжатин –
Ки, бу ҳам яшашга ҳаққи бор халқдир,
Қалбларга қадаб қол қасос кўчатин!
Мағлуб қисматимиз – англанмас тилсим,
Кўкламни алишдик мунглуғ хазонга.
Энди интиҳолар, туганчлар бўлсин,
Ҳур қалбни банд этиб қўйган давронга!
Ким дўзах тузумни яшар «қуллуқ»лаб?
Ўликлар тушунмас қонли додимни.
Юртим! Эркинг учун ўзим куллуклаб,
Қурбонликка сўйдим истеъдодимни.
На ижод, на довруқ истак-нажотим,
Дилларни поклайн ноҳақ шубҳадан:
Буткул сабил қолсин менинг ижодим,
Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!..
1989
ДУНЁ ТОР КЕЛГАНДА
Дунё тўрт ёнлими? Ғарбу Шарқ борми?
Тилда амал борми, дилда ҳақ борми?
Қулларга юз буринг, ернинг юзида
Кишанни бизчалик севган халқ борми?!
ИСКАНЖА
Ошсин бу фарёдим Русдан, Хитойдан,
Бизни тенг яратган... бир парча лойдан.
Мен сендан озодлик сўрабман, қара,
Садақа тиланган каби гадойдан.
1991

ДЎСТОНА КУЛИБ...
Дўстона кулиб, ғояни пинҳонга сотибсан,
Ўзликни, тузум, зобити давронга сотибсан.
Савдо тури кўп, давр, бўлак йўқмиди молинг,
Иймонни, наҳот, мансабу унвонга сотибсан!
Ҳар ёнда ёниқ ўтли шиор, иш эса – акси,
Одамизот дардини алвонга сотибсан.
Гардун! Бобом хокини сен тиллага бердинг,
Фарёдки, Алп юртини Ултонга сотибсан.
Карвон борадир – қўнғироғи инжу садоли,
Дунё! Дилим додини карвонга сотибсан!
Солгайми ҳаёт ҳаққушининг жонига қирғин,
Озори дилимни, ахир, армонга сотибсан!
Вайрона юрак дер: нари кет, эй қора кўлкам,
Баски, бу қул маслагини хонга сотибсан!
Айғоқчи бўлиб бунча кичик мартаба топдинг,
Фарёд этаман: Мирзони арзонга сотибсан!..

ҚУЛЛИК ҚЎШИҒИ
Эҳ, бу фалакнинг сирлари!
Ўзимни гар ёт сезмадим,
Оламни обод дерлар-у,
Одамни обод сезмадим.
Қаҳрим яширди сўзларим,
Ёзди табассум юзларим,
Гоҳ кулса ҳамки кўзларим,
Кўнглимни ҳеч шод сезмадим.
Эркимни ҳар зум ёд этиб,
Қалбан ғазот бунёд этиб,
Ўтдим жаҳондан дод этиб,
Кўксингда бир дод сезмадим!
Хоҳ тош бўлай, хоҳ майса мен,
Хоҳи нишон, хоҳ найза мен,
Дунёсида бир лаҳза мен
Ўзимни озод сезмадим!
1987, март

ҚОРА РЎЙХАТ
(Мустамлака даври оҳанглари)
Замонлар ўзгарди, шоҳлар ўзгарди,
Умидлар чақнади асрий зулматдан.
Шудгор юрагимда оҳлар ўзгарди,
Мен ҳаргиз тушмадим қора рўйхатдан.
Саройдан қуйига, мисли унсиз ғоз,
«Мутлақо махфий» деб учармиш қоғоз.
Дўстлар ҳайрон бўлиб айтур менга роз...
Мен ҳаргиз тушмадим қора рўйхатдан.
Қуллуқчилар расмий назардан тушмас,
Отдан тушганлар ҳам эгардан тушмас.
Сарой маддоҳлари минбардан тушмас,
Мен ҳаргиз тушмадим қора рўйхатдан.
Эй, сен битмас рўйхат, эй, қора тизим,
Мени ўғлим билсин, англасин қизим.
Эгилмас бошларга далдаман ўзим!
Мен ҳаргиз тушмадим қора рўйхатдан.
То борман, то ақлу хушим жойида,
Менга тик яшамоқ, кураш – қоида.
Давлат сайройида, зулм пойида,
Мен ҳаргиз тушмадим қора рўйхатдан.
Токи кунчиқарда кун чиқмас, барҳақ,
То тушмас тахтидан каззобу ноҳақ,
Зулмат зиндонидан чиқмас экан халқ,
Мен ҳаргиз тушмасман қора рўйхатдан!..
1991, март

ОШКОРАЛИК МУХОЛИФЛАРГА
Шоирларни қораланг, сўкинг,
Душман атанг, атанг ғаламис.
Денг: буларга эргашсак лекин
Тинчимиздан жудо бўламиз.
Тарих бекор! Сиз ҳам ачинманг,
Беку хонга қўшилиб сўкинг.
Урфдан ортда қолманг, кечикманг,
Шум замонга қўшилиб сўкинг!
Йироқдаги оқсуяк жаноб
Бизга қандоқ сочса таҳқирлар,
Сиз ҳам ЎзТАГ қароргоҳидан
Худди шундоқ сўкинг, мухбирлар!
Бу жасурлар, қаранг корини,
Ҳазар қилиб асрий қилиқдан,
Ўзбекистон болаларини
Озод этмоқ бўлар қулликдан
Юрт деб йиғлар нодон шоирлар,
Миллатим дер, сўрар фан-илм.
Бу давлатсиз йўқсиллар дерлар
Давлат тили бўлсин ўз тилим.
Пахта – тинчлик! Халқ ўлса-ўлар!
Қирилгувчи гўдаклар жинни!
Бу сиёсат тушунмас гўллар
Тўхтатингиз, дейди, қирғинни.
Ўттизинчи йилларга йиғланг,
Қоралангиз қотилларини.
Яна ниқоб кийиб, ой-йиллаб,
Сўкинг замон шоирларини.
Айбномалар йиғсинлар секин
Эл билмаган сирли жойларда.
Сиз золларга қарашинг: сўкинг
Шоирларни қурултойларда!
Шулар халқинг ҳаққа қаратган,
Ғавғо қилгин эркин ҳавода!
Сирлар сўкинг, ҳар бир яралган
Хижил бўлсин еру самода!
Ўз халқнинг қобурғасини
Зинопоя қилиб замонлар,
Бир-бир босиб, юксалиб, янчиб,
Эл бошига чиққан аъёнлар,
Кулинг! Сўкинг! Бу кун урф булар,
Деманг: шеърни ардоқлаган Шарқ.
Ёқавайрон шоирдан кулар
Дунёда ҳар хонавайрон халқ.
Ўйланг! Қўйманг! Нур ҳам ёв бўлар!
Жаҳолатнинг дунёси ажиб!
Кейин қандоқ яшарсиз, булар
Кўзингизни қўйсалар очиб?!
1989

МУСТАМЛАКА ЗАНЖИРИ
Бир-бирин ғажиган тарқалиб йитгай,
Шуни тушунтирай лоақал итга!
Озодлик истасам, чопмай тур бетга,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекнинг ити.
Ит – вафо, дейдилар, ўйла дунёни,
Сен кимга қиляпсан лекин вафони?
Суякка алишма юртни – маъвони,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекнинг ити.
Қурганимиз тўғри иморат эмас,
Ўз қавмин таламоқ маҳорат эмас,
Ватан маҳалладан иборат эмас,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекнинг ити.
Боқмай молимизни урган ўғрига,
Ҳурдинг ўз юртингдан чиққан тўғрига,
Учрама инсону Худо қаҳрига,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекннг ити.
Асл този эрсанг, жаҳолатга ҳур,
Ҳаққа қарши турган раёсатга ҳур,
Асрий истибдодга, сиёсатга ҳур,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекнинг ити.
Юлдузинг бўлса ҳам икки елкангда,
Ялоғинг тиллаю сафлар кўлкангда,
Сен ҳам занжирлисан қафас ўлкангда,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекнинг ити.
Ўзбекка ўзбекнинг итин «Ол киш!»лаб,
Тўралар Московдан турар олқишлаб.
Бас, токай юрарсак почамдан тишлаб,
Ўзбекка ҳурмагин, ўзбекнинг ити!..
1990, октябрь
ҚЎҚОН ЙИГИТЛАРИГА БАҒИШЛОВ
Ўкинманг, бағри қон биродарларим,
Қаддингизни ростланг, тинсин оҳингиз.
Озод авлодларга саждагоҳ бўлур
Ҳақиқат майдони – қатлгоҳингиз!
Сизни ўққа тутган ваҳший тўдалар
Бу кун дўст аталар, одил аталар.
Лашкари, қуроли борларга чиданг,
Устуни қулаган осмон оталар!
Айбингиз – ўзликни танигинингиз,
Хато – адл бор деб санаганингиз.
Гуноҳ – ҳаққингизни сўраганингиз,
Энг улуғ айбингиз – зўр эканингиз!
Ўлган ҳар жон билан сиз ҳам ўлдингиз,
Мен ҳам тирик туриб бурда-бурдаман.
Фарёдим ўликлар фарёди ҳамдир,
Мен – қабр ичидан келган мурдаман!
Ўкинманг, бағри қон биродарларим,
Нидоси ярадор ўлмас дардларим! –
Сизга ўқ отганлар нидони отди,
Ҳақиқатни отди, самони отди.
Шаҳид сафдошларнинг қабри нур бўлгай,
Ҳақнинг қотилларга қаҳри зўр бўлгай.
Агар тадбир устун, юрак тош бўлур,
Бу ёвуз найранглар бир кун фош бўлур.
Ўкинманг, бағри қон биродарларим,
Қаддингизни ростланг, тинсин оҳингиз.
Озод авлодларга саждагоҳ бўлур
Ҳақиқат майдони – қатлгоҳингиз!..
1989

ЧЕТГИР ҚАЛАМКАШЛАРГА
«Мендан ижод қолар», дейди у шоир,
Шеър сотиб, жимгина ейди у шоир.
Курашчан сафларга аралашмаса,
Улуғлар улуғлаб, алқармиш роса!
Иши йўқ улуснинг фарёди билан,
У зот курашармиш ижоди билан!
Бир ён гар бирлик деб тирилар халқинг,
Бир ён заҳар ютиб, қирилар халқинг.
Неча бегуноҳлар чирир қамоқда,
Шеърингдан юз буриб, қизлар ёнмоқда.
Қўқонда йигитлар ҳақ сўзни айтиб,
Узоққа кетдилар... Келмаслар қайтиб.
Вужуд ўткинчидир, дунёси – турғун,
Зурёд бузилмоқда, наслингда – қирғин!..
Эй шоир, хонашер, майдонғарибим,
«Мендан ижод қолар» деган рақибим,
Наҳотки, қуёндан фарқинг қолмаса,
Ижод кимга қолур, халқинг қолмаса?!
1989

ШОИРНИНГ ОНАСИ
Тушида шоир оқ кема кўради,
Уйғониб, ўз бағрин қийма кўради.
Шоир кун кўрмаган қитмир замонда
Шоирнинг онаси нима кўради?
Маддоҳнинг онаси тўйиб пул кўрар,
Актёрнинг онаси гоҳи гул кўрар.
Шоир то халқини эрксиз қул кўрар,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Ҳар кун оёғида ғовлардан из бор,
Ҳар куни бошида юз қилич, юз дор,
Шоир «онасини кўради» юз бор,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Шоирнинг айбими ҳақни уққани?
Онанинг айбими шоир туққани,
Ҳақ қани? Ҳақиқат тиккан туғ қани? –
Шоирнинг онаси нима кўради?
Ўзбекнинг зўрлари юртга сиғмайди,
Ўзбекнинг онаси раҳбар туғмайди –
Четдан чақиради!.. Шоир йиғлайди,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Турмуш – бир хил қўшиқ, бир хил нақорат,
Кам туғ, деб онанингни айлар ҳақорат,
Шоир фарёд қилар: бу қандай ғорат?!
Шоирнинг онаси нима кўрар?
Эй ўтмиш замонлар, шоҳид хазонлар,
Ҳусайн Жовидлар, Чўлпон, Усмонлар,
Кесилган забонлар!.. Сирдон осмонлар,
Шоирнинг онаси нима кўради?
Тирикман, то туркий тилим бор экан,
То ўлим аталган йўлим бор экан!
Қатағон деган шум илм бор экан,
Шоирнинг онаси нима кўради?
«Сен ҳақсан, болажон, нур менга ато!»
Мен – халқман, онажон, ғанимлик хато!
Мени газет урар, уларни Худо!..
Шоирнинг онаси нима кўради?
Онажон, ҳолимга йиғлама сим-сим,
Халқни она дерлар – бу гўзал тилсим!
Онасин сотганлар қаердан билсин,
Шоирнинг онаси нима кўради?!
1989

ТАРИХИЙ ИСМЛАР
Ҳазар қил, дедилар, ўз ўтмишингдан,
Мен кезиб юртимнинг работларини,
Исмлар шаклида кўраман чиндан
Мозийнинг улуғвор фарёдларини.
Осмон йироқ бўлди, қаттиқ бўлди ер,
Юлдузлар ҳаваси сўндилар чўғдек.
Ўзбек саводсиз, деб этдилар таҳқир,
Ўғлонлар туғилди – исми Улуғбек!
Ўшда зўр қасрни этдилар вайрон,
Ҳайкаллар қулади сўнг Андижонда.
Кўп номи ўчсин деб бўлдилар сарсон,
Бобурлар туғилди қадим Туронда!
Халқимнинг юзига чапланди балчиқ,
Улуғ салтанатни этдилар кўмир.
Тубан таъналарга аччиқма-аччиқ
Болалар туғилди – номлари Темур!
Агар ўз тилида бермасанг салом,
Оқсуяк қайрилиб олмайди алик.
Отаси хўрланган, эзилган болам,
Ё Жалолуддинсан, ё Темурмалик!
Дунёга ҳирс қўйган золим золлар ҳам
Сурбет зобит каби бўлмаган ҳарис.
Зулумотга қарши туғилган алам –
Болалар Широқдир, қизлар – Тўмарис.
Давр мактаблари ҳар бир толибга
Ўргатди ўтмишдан ҳазар қилишни.
Ёдини ўчириб, солди қолипга,
Аммо... қай мағрур халқ истар ўлишни?!
Ким бу кун нурга зор, ўтмишга ҳамдам,
Кўксида туркий мунг, туркий шиддати;
Тарихдан ётсираб яшаган зот ҳам
Ўғлига ном излаб, китоб титади.
Эй, сиз, ихтиёрни қулга отганлар,
Орини мансабга, пулга сотганлар,
Тилини, дилини, элини хўрлаб,
Борини чўғи йўқ кулга сотганлар!
Тарихни ҳар қанча сўкманг бўралаб,
Ҳар қанча қоралаб, этманг поралар,
Ўтмишга қайтишга мажбур қилади
БУГУН ВА КЕЛАЖАК туққан болалар!
1989
АВЛОД
Шукр, сиз келдингиз,
Ғам йўқ камимдан,
Номус жанггоҳида эмассиз четгир.
Ғамингиз ғамлироқ менинг ғамимдан,
Кўзларингиз менинг кўзимдан ўткир!
Боқсам,
Сўзингизда — руҳ ўйинлари,
Иймон ранг кўргузар янгилик билан.
Ўлим-ла довлашар қалб қуюнлари,
Ажал ўйнашади мангулик билан!
Ҳасратдан не асиғ? —
Тутқун заминда
Оҳ! — десам, оғзимга юрагим келар.
Акалар қинғирлик қилган замонда
Укалар бошини силагим келар.
Асл шеъриятга ҳар гал дуч келиб,
Мен-ку уяламан шорлигимдан.
Саботли сафларга уланди бўлиб,
Шукр, сиз келдингиз! —
Энди мен кимман?
Энди мен табаррук довруғингизга
Ҳавас-ла боқгувчи жангчиман, холос.
Фақат... гоҳ туз сепса оғриғингизга,
Тилдош оломондан ранжиманг, холос.
Юртда бир шоирнинг бағри ҳам бутмас,
Ҳақиқат – тупроқда, фалак тоқида.
«Фақат шоир бўлиш...
Бу ҳал етмас,
То кишан бор экан юрт оёғида!»*
Дерлар: «Ижод қолар...»
Жанг ҳам қолғуси!
Кишанбанд жоҳилнинг ожиз саси бу!
Тургач халқ бошида жаллод чалғиси,
Қўрқоқ қочқинларнинг фалсафаси бу!
Умидим – ноумид қилмасин фалак,
Уюшган улусни «бутаб» бўлмайди.
Барча феълимизга эл чидар, бешак,
Фақат хиёнатга чидаб бўлмайди.
Кураш биздан бўлса,
Умид – Худойдан!
Кунчқар юртини кўрингиз озод,
Эй, салаф овози етмаган жойдан
Ватан туркусини бошлаган авлод!
