ЭРАМ

ЭРАМ

Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)

43-қисм


   Бир неча кунлик руҳий зўриқишдан сўнг ва ниҳоят Фирдавса ўзини ҳотиржам ҳис қилди . Унинг кўзларини беҳол юмганида , лабларида майин жилмайиш муҳрланиб қолган эди.

   Саид Исмоил Фирдавсани ташқарига олиб чиққанда қизнинг қўллари шалвираб қолганини сезди. Қиз ҳушидан кетган эди.

   - Тез , эшикни оч ! Ўриндиқни тушир! - Саид Исмоил шоша- пиша Рустамга буйруқ берар экан, асабийлашгандан юзлари қип- қизил бўлиб бўғриқиб кетган эди.

    Рустам шошилганча бошлиғининг топшириғини бажаришга киришди .

   Саид Исмоил Фирдавсани қиялатиб қўйилган олд ўриндиққа ётқазди- ю , ўзи шошилганча машинани айланиб ўтиб , ҳайдовчи жойини эгаллади ва машинани ўт олдириб , шитоб билан бошқариб кетди .

   Рустам ўзлари билан изма- из етиб келган йигитларини бошлаганча яна ичкарига қайтиб кириб кетди.

    

▪️▪️▪️


   Фирдавса кечга бориб кўзини очди.

  У кровати қаршисида ўтирган Саид Исмоилни кўриб уялганидан юзлари лов қизарди . Ўрнидан туришга ҳаракат қилган вақтда Саид Исмоил уни тўхтатди :

  - Қўзғалманг , Фирдавса . Акс ҳолда билагингизга уланган томчи дори чиқиб кетади.

   - Мен ахир... , - Фирдавса йигитнинг ёнида ўзининг бу тариқа ётиши ноқулайлигини айта олмай кўзлари жавдиради.

   - Фирдавса , - бўғиқ овозда кўнглидагиларни қизга етказишга шошилди Саид Исмоил,- иккинчи мени бундай қўрқитманг. Илтимос ... Мен ҳамиша сизнинг қаерда эканлигингизни билиб туришим керак. Жонингиз тинчлигини , Ўзингиз саломатлигингизни билсам бўлгани . Биламан талабим балки ноўриндир , балки ҳеч қандай қуюшқонга сиғмас . Бироқ бундан ўзгасини тиламайди бу кўнгил. Бундан ўзгасига ҳаддим сиғмайди.

    - Саид ака... - кўзларига ёш қалқди Фирдавсанинг .

    - Фирдавса , агар ҳаддим сиғганида эди... Мен сизга ... Мен сизга айтар эдим-ки ...

   Ҳай майли , бу гапларнинг ҳозир аҳамияти йўқ. Фақат шуни билиб қўйингки , сиз бахтли бўлсангизгина мен ҳам хотиржам ва бахтлиман. Юрагим тинч, кўнглим ҳузурда ... Сиз қаерда бўлсангиз ҳам соғ бўлсангиз бўлгани. Мен учун шу етарли ...

    - Саид ака , бир нарса сўрасам жавоб бера оласизми ? - Саид Исмоилнинг кўзларига мунгли нигоҳларини қадади қиз

   - Сўранг Фирдавса , албатта жавоб бераман.

   - Сал аввал ҳаддим сиғса дегандингиз. Шунда нимани назарда тутдингиз? Мен тушунолмай қолдим .

  Саид Исмоил оғир ютинди .

   -Мен ... Мен ҳаддим сиғса сиздан бир нарсани сўраган бўлар эдим,- Саид Исмоил қизга ўтинч билан тикилди ,- сиз мени муҳаббатимни қабул қила оласизми ? Сизга ишққа лиммо- лим кўнглимни тутсам , унга ўз кўнглингиздан жой бера оласизми ?

    Фирдавса жавоб қайтармади. Мунчоқдек кўзларидан бир томчи ёш узилиб гулдек ёноғига юмалади.

   - Менинг муҳаббатим ана шу бир томчи кўз ёшингиздан қийматли эмас. Илтимос , йиғламанг. Беўхшов саволим учун мени кечиринг. Мен қайтиб бу мавзуда сизга ҳеч қачон оғиз очм ...

   - Саид ака... - Фирдавса йигитнинг сўзларини бўлишга ўзида журъат топди ,- мен ... Мен ҳам сизни ўзим учун нечоғлик қадрли эканлигингизни кейинги кунларда чуқур англаб етдим... Ҳа шундай. Сиз ҳам мен учун жуда қадрлисиз... Жуда...


  ▪️▪️▪️


   Фирдавса ўзига нисбатан уюштирган ҳатти - ҳаракатлари учун Афзалга қарши жиноий иш қўзғатилиши учун ариза беришдан бош тортди.

   - Қўйинг , Саид ака ...- деди у Саид Исмоилга боқар экан хўрсинганча ,- унинг ўзини шундоғам бошига тушган кўргиликлари етарли бўлди . Отасининг мансабдорлиги юзасидан жиноий иш қўзғатилгандан сўнг , оиласини бор мол- мулки мусодара қилинибди. Шундан сўнг отасининг эса бир қўл, бир оёғи ишламай фалажланиб ётоққа михланиб қолибди. Ҳеч кимни бошига солмасин бундай кунни. Бу гаплардан мени хабардор қилган дугонамнинг айтишича , унинг онаси ҳам бир аҳволда, ўзига кела олмай юрган эмиш.

  - Майли Фирдавса , булар ҳақида ўйламанг. Бекорга қилмиш- қидирмиш дейилмаган. Ҳар ким ўз қилмишига кўра мукофотини олади. Ҳоҳишингиз , агар сиз Афзални кечиришни истасангиз майли шундай бўлақолсин, Афзални кечиришингиз мумкин. Менинг эса унга бу маслаҳатни берган Гавҳархон билан ҳам ишим йўқ. Тавба ?! Афзални айтаман-да! Ўзича Гавҳархоннинг маслаҳатига кириб нималарни режа қилган- у, пировардда қандай воқеалар бўлиб кетган. Сизни аллакимлар томонидан ўғирлатадиган куни ўзи эрталабдан офисимиз эшигида Рустамнинг кўзига кўринган. Орада эса унинг кўзини шамғалат қилиб , бориб сизни хонага қандай қулфланганингизни ҳам текшириб келган. Чошгоҳда яна офисда пайдо бўлиб барча гумонларни ўзидан соқит қилмоқчи бўлганини қаранг.

  Аммо кўп ўтмай воқеалар ривожи бутунлай бошқа ўзанга бурилиб кетган. Бу ҳам бўлса бизнинг бахтимиз. Яна йўлимизда Алдиёр амаки сингари худони таниган одамни учраганини айтинг. У сизнинг изтиробларингизга бефарқ бўлмай менга хабар бермаганида ҳозир нималар бўлишини тасаввур ҳам қила олмайман.

  - Ҳаётимизда учраган ҳар бир инсон биз учун неъмат аслида ,- хаёлларга берилганча сўзлади Фирдавса , - яхшилар яхшилиги билан кўнгилларга нур таратса , ёмонлар бизга яшаш учун курашда тажриба улашади . Биласизми , мен Гавҳархон опамдан кўп бора нафратланмоқчи бўлдим. Бироқ бу иш қўлимдан келмади. Нимага дейсизми ? Нимага-ки айнан улар туфайли мен сизни , ҳаётимнинг мазмуни бўлмиш қадрли жуфти- ҳалолимни учратдим. Агар ўшанда уларнинг таклифлари бўлмаганда... Бироқ айни дамларда ўша таклиф ҳақда эслашни истамайман...

  - Яхши-ки буларнинг бари ортда қолди,- жилмайди Саид Исмоил,- сиз ва мен- буларни қўятурайлик. Икковимизнинг ҳозир бундан ҳам муҳим қиладиган ишларимиз бор. Онажонларимиз билан хайрлашиб келсак , кечқурун Туркияга учадиган самолётга ўтирамиз. У ерда ўн кун бўлгач,  кейин ... У ёғига қаерга саёҳат қилишни ўзингиз танлайсиз.

    - Саид ака...

    - Лаббай, гўзалим ...

    - Сизни яхши кўраман...

      Фирдавса бу сўзларни айтишга айтди-ю , ҳаёдан юзлари лов - лов ёнди.

      Саид Исмоилнинг кўзларида муҳаббатнинг бетакрор ёғдуси жилваланди.

   - Қойил- ей, хотинжон . Турмуш қурганимизга бир хафта бўлди. Энди айтаяпсизми бу сўзларни ? Майли ҳечдан кўра кеч яхши деганларидек...

   - Йўғей.. - эркалик билан лаб бурди Фирдавса , - ҳали унчалик ҳам кеч бўлгани йўқдир. Ахир олдимизда биргаликда кечирадиган бутун бошли бир умримиз турибди. Ҳали ҳаёт олдинда, Саид ака...

   Саид Исмоил Фирдавсага жавоб қайтармади , унинг ўрнига аёлининг қўлларини меҳр билан тутиб йўл бошлади.

    Улар "ҳаёт" деб аталмиш улкан сафарга биргаликда отланган бахтиёр жуфтлик эдилар.


▪️▪️▪️


   Орадан уч йил ўтди.


▪️▪️▪️


  - Мен сенларга нима учун ойлик тўлаяпман? - жаҳл билан бақирди Машраб уй ҳизматчиларига ,- ярим соат муҳлат сенларга , опамни ернинг тагидан бўлса ҳам топасанлар . Бўлларинг ! Тез! Йўқса мендан яхшилик кутмаларинг!


  Машраб тармоқдан узилар экан, оғайниси унинг елкасига далда берган каби қўл ташлади :


  - Оғайни , хафа бўлмагин- у , шу опангни ўша касалхонадан олиб чиқмаганинг маъқул эди. Номи ёмон бўлган билан ўша ерда тинчгина шифокорлар назоратида бўлармиди дейман- да. Бундай инсонга қараш сенга ҳам осон эмас- да ...


  - Нима қилай ўртоқ ? - деди Машраб куюнганча ,- ҳар не бўлганда ҳам опам - жигарим экан. Шунчаки воз кечиб кетолмасам ?! Докторлар ҳам "Руҳий ҳаста бўлса ҳам жамият, инсонлар учун хавфсиз" деб қоғоз қилиб шифохонадан чиқариб юборишди . Шунга алоҳида квартира олиб , ҳизматчи ёллаб уларни қаратиб ўтиргандим. Аммо опам...- шу ерга келганда Машрабнинг овозидаги дард яққол сезилди,- бўш қолди дегунча уйдан қочиб кетаяптилар .

  - Нимага қочадилар ? Қаерга боряптилар ? - ҳайрон бўлиб сўради Машрабнинг оғайниси

   - Билмадим ... Билсам кошки эди, - хўрсинди Машраб, -ҳар сафар турли. жойлардан топиб олиб келяпмиз...


▪️▪️▪️

  Бу вақтда Гавҳархон шаҳар марказидаги асосий йўлда ўтган - кетган машиналарга қўл кўтарар , уни соғ деб ўйлаб тўхтаган машина эгаларидан "Саид акамни кўрмадингизми ? " деган саволга тутар, ортидан "Уларни жуда соғиниб кетдим" дея тушунтириш бериб ҳиқиллар эди. Машина эгалари "Йўқ кўрмадим" деган жавобни берганларида эса хўнграб йиғлар , бироқ кўп ўтмай йиғи изидан қаҳ- қаҳ отиб кулар эди.

  

  - Саид ака ?! - деди кўзларига уйқу илашган қизалоғини жингалак сочларини қўллари билан тарар экан Фирдавса , - тинчликмикан ? Йўлнинг нариги бетида машиналар ва одамлар тўпланиб қолишибди?

   Саид Исмоил рулни маҳкам ушлаганча бўйнини чўзиб машина ойнасидан нариги томонга кўз ташлади .

   - Билмасам , аяси ,- деди у ўгирилиб светафорнинг сариқ чироғи ёнганидан сўнг йўлга тушиш ҳаракатини қилар экан ,- аммо шуниси аниқ- ки , автаҳалокат содир бўлмагани аниқ. Ҳавотир олма, тинчлик, аяси .

   - Ҳаа ундай бўлса яхши ,- жилмайди Фирдавса , - илойим доим тинчлик бўлсин.

   Машина йўлга тушгач узоқдан аёл кишининг "Саид акааа?!" деган чинқириғи атрофга таралди.

   Бироқ тобора узоқлашиб бораётган Саид Исмоил , Фирдавса ва эндигина уйқудан уйғонган кичкинтой Фарзонага бу овоз эшитилмади.

  Улар ўзларини интизор кутаётган яқинлари дийдорига ошиқар эдилар ...


   #тамом


Муаллиф : Гулбаҳор Рахматуллаева - Хазонрезги


#ЭРАМ

Бошланиши 11.02.2023

Якун 03.06.2023


Эътиборингиз учун раҳмат !


Каналга уланиш 👇:

https://t.me/joinchat/AAAAAFB59SM9yhwXJGeW_g



Report Page