ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
42- қисм
Саид Исмоилнинг бу саволига ҳам жавобни тезда Рустам берди :
- Фирдавса юриши мумкин бўлган маршрутда ҳеч қандай йўл- транспорт ҳодисаси юз бермаган. Яқин атрофдаги объектларда ушбу числода эрталабки соат саккиздан то ўн иккигача учта автоҳалокат содир бўлган , бироқ уларнинг ҳеч бирида аёл кишининг иштироки қайд этилмаган.
Саид Исмоилнинг боши қотиб қолди . Ҳар эҳтимолни назардан қочирмаган ҳолда Гавҳархоннинг қаердалиги билан қизиқиб кўрди . Унинг уч кун аввал Анталияга учиб кетганлигидан бохабар бўлгач эса бўшашиб қолди .
Саид Исмоил фикрларини жамлай олмай Афзалнинг ёнига тушди .
- Бу ерда нима қиляпсиз ? -сўради у салом- аликни унутиб, - Фирдавсани излаб келган бўлсангиз ... у йўқ.
- Менинг вақтим бемалол ,- ўтли нигоҳларини Саид Исмоилга тик қадади Афзал ,- вақт масаласи муаммо йўқ менда. Фирдавса келмагунча уни кутиб туравераман.
- Сиз мени тушунмадингиз чоғи ,- зардаси қайнади Саид Исмоилнинг ,- Фирдавса йўқолиб қолган. Телефони ўчиқ , қариндошлари ҳам унинг эрталаб уйдан чиқиб кетганидан бошқа бирор нарсани билишмайди.
- Тушунмадим ? - муштлари қисилди Афзалнинг ,- нима ...
- Фирдавсани кимдир ўғирлаб кетган деган хаёлдан бошқаси миямга келмаяпти,- уҳ тортди Саид Исмоил ,- аммо ким у ? Менимча Фирдавсанинг ҳаётда сиздан бошқа харидори ҳам борга ўхшаяпти ?!
Афзал жавоб бериш ўрнига бироз ўйланди, аммо тезда Саид Исмоилга юзланди :
- Менга қаранг , агар бу ишларнинг сизга заррача алоқадор жойи бўлса мендан яхшилик кутманг !
Саид Исмоил Афзалга надомат билан "Билганингни қил !" қабилида қаради-ю , ортига ўгирилиб офисга йўл олди .
- Рустам ! - у ичкарига кирар - кирмас ёрдамчисини баланд овозда қайта йўқлади
- Лаббай , ока!
Рустам ҳар доимгидек чаққон ҳозир бўлди
- Фирдавсанинг йўқолганига кўп бўлмади. Шу сабаб ички ишлар ходимлари унинг ғойиб бўлганлиги ҳақидаги аризани қабул қилишларига ҳали эрта. Аммо биз қўл қовуштириб ўтира олмаймиз . Вақтни йўқотмай ҳаракатга тушушимиз керак. Мени тушундинг- а ? Ҳеч бир детални кўздан қочирма . Хатто анави кўчадаги йигитни ҳам .
- Ока... Мен аллақачон йигитларимга топшириқ бериб бўлдим. Ҳотиржам бўлинг. Бари сиз айтгандек бўлади ,- деди Рустам осойишталикни қўлдан бермай
- Мен қиз топилгандан сўнггина ҳотиржам бўламан . Унгача ҳотиржамлик йўқ,- ранги бўғриқди Саид Исмоилнинг
- Менга ҳам руҳсат , ока ,- қўлини кўксига қўйди Рустам ,- кўчадаги йигитни шахсан ўзим кузатсам дегандим.
- Майли . Бирон янгилик бўлса дарҳол қўнғироқ қил.
Саид Исмоил Рустамга жавоб. бергач кабинетига кирди-ю , асабий аҳволда ўзини креслога ташлади .
- Ортиқ бундай давом этиши мумкин эмас ,- бўғиқ овозда шивирлади Саид Исмоил ,- Фирдавса... Бу охиргиси . Сени охирги марта йўқотишим бу ! Сени излаб топишим билан қўлларингни маҳкам ушлайман ва ҳеч қачон қўйиб юбормайман.
▪️▪️▪️
Фирдавса кўзини очиб ўзини нотаниш хонада кўриб ҳайрон бўлди. Икки кишилик ётоқдан қаддини кўтарар экан эгнида бошқа кийим кийдирилганини пайқаб сесканиб кетди. У ҳушини йўқотгунча бўлган воқеаларни эслашга ҳаракат қилди ва эрталаб уйдан чиққани , сўнгра матиз машинасига ўтиргани ёдига тушди . "Аввалига машина салонида хайдовчидан ташқари икки қиз бор эди , кейин йўлдан яна бир йигит чиқди ,- воқеаларни батафсил эслашга ҳаракат қиларкан Фирдавса , - сўнгра ўша йигит билан олд ўриндиқдаги қиз билан ўрин алишишди . Кейин..."
Фирдавса ўрнидан туриб хона эшигини тортиб кўрди: Берк !
"Очиқ бўлса ҳайрон ҳам қолардим "- ўйлади Фирдавса .
У хонадаги якка дераза ёнига бориб пардани бир четга сурди . Дераза очилар экан... Бироқ бежизга эмас, унга мустаҳкам темир нақшинкор панжара ўрнатилган экан. Кўча тараф баланд тош-ҳарсангли жарлик бўлиб пастдан сувнинг бир маромда шилдираши эшитилиб турибди .
Фирдавса дераза ёнидан узоқлашиб хонани яна кўздан кечира бошлади .
"Мени бу ерга ким олиб келган бўлиши мумкин ? - ўйлар экан у бирдан захархандаси тутди, - Афзал ! Сендан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин ?

Фирдавса қайтиб ётоққа ўтириб тиззаларини қучди :
- Аҳмоқ! Қилиб юрган ишингни қара ... Бу қилиб юрган ишинг билан нимага эришмоқчи бўлдинг? Ёки... Ёки менга жисман эгалик ... Йўқ ! Афзал ... Бундай қилиб қалбимни ўзингга қайтара оламан деб ўйласанг хато қиласан . Муҳаббатда худбинлик кетмайди . Асло ! Мен буни Гавҳархон опа мисолида кўриб , тушуниб, англаб бўлдим . Агар улар фақат ўзларини ўйламаганларида ҳозир Саид ака билан бирга бўлар эдилар. Гавҳархон опа эса эришолмаган муҳаббатларини аламини босиш учун Саид акани ҳатто ўлдиришдан ҳам тап тортмадилар. Ўшанда опа берган кукунни Саид аканинг ичимлигига қўшиб берганимда улар ҳозир бу дунёда яшамас эдилар . Яхши-ки , кўнглим "Ўша кукунни бир текшириб кўр" дегани.
Энди эса сен . Афзал , қиз боланинг ҳаёти бу унинг номуси . Сен муҳаббатингга эришиш учун менинг ҳаётимни гаровга олибсан-да ! Муҳаббат кўзингни шунчалар кўр қилдими ? Йўқ , бунинг исми муҳаббат эмас. Ўша сени охирги марта кўриб рад жавобини берган кунимдан буён юрагимда пушаймонга ўхшаш нимадир жиз- жиз қилиб куйдираётган эди. Энди билсам тўғри қилган эканман ва бунинг учун етарлича енгил тортдим.
Шундай бўлса-да , сендан миннатдорман. Сен туфайли ҳаётимга Саид ака кириб келдилар. Улар туфайли асл инсон қандай бўлишини , чин муҳаббат қай тариқа ифор таратишини билиб олдим. Чин муҳаббат бу бир инсонни иккинчи бошқа инсон учун беътама ўзлигидан кечиши экан. Ҳеч қандай шартларсиз. Таъналар ва дашномларсиз. Бу жуда оддий ва олий ҳақиқат бўлиб , уни мағзини чақишга сендекларнинг фаҳминг етмайди , Афзал...
Фирдавса шулар ҳақида ўйлар экан , эшик ортида билинар- билинмас тақир- туқур шовқин овози эшитилди. Фирдавса сергакланиб эшикка кўз тикди. Ташқаридан эшикнинг полга яқин қисмидаги туйнук очилиб ичкарига бир неча идишлардаги егулик ва ичимлик суриб киритилди. Фирдавса дик этиб ётоқдан сакраб тушиб эшик ёнига тиз чўкди :
- Ким у ? Жавоб беринг , кимсиз ?
Ташқаридан жавоб эшитилмади. Қўлбола туйнук чаққонлик билан ёпилди.
- Мен овқатларингни емайман , сувларингни ичмайман! - бақирди Фирдавса ,- мени ким бу ерга қамаган бўлса чақир ўшанингни ? Жавоб бер ! Жавоб бер деяпман !
Эшик ортидаги инсон жавоб қайтармади.
(давоми бор)
Муаллиф: Хазонрезги
Каналга обуна бўлинг 👇 :