ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
41- қисм
Борганимиздан сўнг қизни бошдан оёқ текшириб чиқасанлар,-деди Озод Нозим деб таништирган , асл исми Шариф бўлган йигит қизларга қарата ,- қараларинг қизнинг эгнида жонига қасд қилиши мумкин бўлган бирон нарсани қолдирмайсанлар . Тугмами , тўғноғичми , узукми , баломи, баттарми , хуллас ортиқча нима буюм кўрсаларинг барини йиғиштириб оласанлар. Тағин очкўзлик қилиб ниманидир чўнтакларингга урмаларинг. У нарсаларни барчасини ҳисоби бўлади "Иш" битгач эгасига қайтарилади.
- Хўп бўлади , - гапни қисқа қилди сал аввал Фирдавсани маҳкам қучоқлаб турган қиз Зуля ,- ҳавотир олманг ҳаммаси сиз айтгандек бўлади.
- Ҳадемай манзилга етамиз ,- деди Шариф нима учундир қўл соатига қараб ,- менга қизнинг сумкаси , телефони ва қулоқчинини узатинг. Ҳозир айтган буюмларини етиб боргач топширасиз.
Шариф Фирдавсанинг буюмларини қўлга киритгач , телефонини қўлга олиб тегишли рақамларни теришга киришди :
- Ока , иш битди. Ярим соатларда буюрмангизни қабул қилиб олсангиз бўлади. Ҳаа тўловми ? Тўловни нақ пулда олишга келишгандик- ку ? - Шариф ёйилганча илжайди,- шунақасиз-да бизга қолганда ҳотирангиз панд бериб қолади . Йўғей ока , ҳаддим сиғганидан гапираман-да сизга . Хўп, хўп...Келишдик...
Шариф тармоқдан узилиб салондагиларга ҳушнуд овозда эълон қилди :
- Бир соатларда хизмат хақимизни оламиз. Кейин ҳамма ўз уй - уйига , тепа- тўйига. Қайтишда алоҳида - алоҳида қайтамиз. Ўн кун , ўн беш кун телефонлашмаймиз , учрашмаймиз. Иложи бўлса шаҳардан чиқиб кетларинг. Менимча тушлик вақти ёки тушдан кейин "бўрон кўтарилади" . Бу ишлар шуни "ҳаракати"ни қилиб қўйишга. Бўлди ...Ҳозирча шу . Тушунарли бўлган бўлса керак...
Машина салонидагилар сукут сақлаш билан кифояланишди.
Шариф айтгандек керакли манзилга йигирма дақиқаларга қолмай етиб боришди . Озод машинасини аввалдан банд қилинган дала ҳовлининг дарвозахонасига олиб киргач , эшикни ичкаридан қулфлаб ишга киришишди. Фирдавсани йигитлар бир бўлганча дераза ромлари ташқаридан темир панжара билан иҳоталанган иккинчи қаватдаги хонага олиб киришди . Йигитлар билан изма- из кирган Зуля ва Нигиш (йигитлар қизларни шундай "эркалаб" чақишарди) улар чиқиб кетгач эшикни ёпиб ҳамон беҳуш ётган Фирдавсани бош - оёқ тинтиб чиқдилар . Улар қизнинг кийим бошида кўзларига нима шубҳали кўринса барини йиғиштириб ечиб олдилар. Фирдавсанинг сочларидаги сочтўғнағич , қулоқларидаги зийрак , қўлидаги узук ҳам ана шу буюмлар қаторидан жой олди.
- Бўлди , иш битди ,- деди Зуля,- энди хонани тарк этсак ҳам бўлар.
- Аммо хонани зўрини танлашибди ,- деди Нигиш қизиқишини яшира олмай ,- худди "Кавказ асираси" фильмидаги Нинани ўғирлаб келган жойга ўхшаркан- а ? Хатто ундан ҳам зўр. Ичкарида душхона , ҳожатхонасигача бор экан. Манави эшикни қара , кичкина тирқишидан бемалол овқат киритса бўларкан. Тўғрисини айтайми ?
- Айт , - деди Зуля Фирдавсадан ечиб олинган нарсаларни бирма - бир халтага жойлар экан , - ичингда қолиб бижғиб кетмасин тағин.
- Тўғрисини айтсам , мени ҳам бирорта соҳибжамол йигит севиб қолиб шунақа ўғирлаб кетса жон дердим. Устимда роса ноз- фироқ қилардим- у , аммо ичимда... Эҳ ... Мазза бўларди- да... Романтиканинг ўзгинаси ...
- Нима ?! - энсаси қотганини яширмади Зуля ,- соҳибжамол йигит дедингми ? Сени- я ? Шу туришинггами? Қайдам- ов ... "Ҳа кал бошингга қўтир жомошов..." деган экан биттаси ...
- Ҳа нима ? - лабини бурди дугонаси ,- нима кимдандир кам жойим борми менинг ? Майли жаа соҳибжамол бўлмасаям бойвачча йигит бўлса йўқ демасдим.
- Бойвачча йигит сени нимангга учади , бўкту ? - ҳиринглади Зуля, - аллақачон неча бозорларни кўриб юборган "эчки" бўлсанг ? Ариям янги очилган гулга қўнади , сендака...
- Бўлдиларингми ? - хонага бош суқди Шариф , - бунча имирсиладиларинг ? Чаққонроқ қимирлаларинг , ҳозир буюртмачи келиб қолади . Уни кўришларинг мумкин эмас . Озод билан кўча бошида кутиб турсаларинг , келишилган пулни олиб ўша ерда учрашамиз.
- Эссизгина ,- паст овозда шивирлади Нигиш Зуляга ,- ўша йигитни бирам кўргим келаётганди.

- Кўрганинг билан сенга нима фойда ? - энсаси қотди Зулянинг ,- ундан кўра кетдик , кечаги келишиб қўйган ишингни бир ёқли қилишимиз керак .
Нигиш- Нигина дугонасинининг эслатмасидан бўшашди . Ёдига икки ой аввал танишган ўзига тўқ (ўзини шундай таништирган эди-да у мараз) эркакнинг "Сенга иккинчи хотин қилиб уйланаман, бу дегани суюклигим бўласан дегани " дея алдаб қорнига солиб кетган "зормандаси"дан қутилишни кераклиги тушиб , афти буришди . Эҳ , қанча аччиқ азоб кутиб турибди ўзини . Номард эркак исми-шарифи , иш жойи хақида нотўғри маълумот берган экан. Суюкли бўлиши кутилаётган Нигишнинг ҳомиладорлигини эшитиши билан нокаснинг изини ҳам топиб бўлмади. Яхшиям бахтига тили аччиқ бўлса ҳам Зуля бор экан . Бўлмаса ресторанда ювган идиш- товоғининг пули нимаям бўларди ? Мана бугунги ишдан қўли анча пул кўрадиган бўлди . Шариф "Ўн , ўн беш кун кўзга кўринмаларинг" деганиям айни муддао бўлди . Бу вақт ичида қорнидаги "дардисар"идан қутилиб , баҳонада соғлиғиниям тиклаб олади .
Беҳуш Фирдавса ётқизилган хона эшиги қулфлангач , Озод икки қизни машинага солганча дала ҳовлидан чиқиб кетди . Машина кўздан йўқолиши билан кўп ўтмай бурчакдаги пасқамгина хонадан Афзал чиқиб келди . У Шариф билан узоқ пачакилашиб ўтирмади. Йигитнинг қўлидан керакли калит ҳамда Фирдавсанинг буюмларини олгач , келишилган пулни тутқазди ва "Машраб акамга салом деб қўйинг" дея хайрлашди.
- Қиз яна уч соатча ухлайди , - деди Шариф кетар чоғ кўзини маънодор қисганча,- аммо қўрқманг бу соғлиғига зарар қилмайди.
Афзал унга жавобан индамади
Шарифнинг ортидан дарвозани қулфлаб олган Афзал юраги дукурлаб урганча Фирдавса ётган иккинчи қаватдаги хонага кўтарилди ...
▪️▪️▪️
- Саиджон , Фирдавсага қўнғироқ қилсам негадир телефони жавоб бермаяпти , бўлмаса қайта - қайта рақамини тердим, - Саид Исмоил Мукамбархон аянинг қўнғироғидан ҳам бурун Фирдавса онасига жавоб бермаганидан ажабланди , - жуда керак эди- да , болам .
- Тинчликми , Ойижон ? Фирдавсада қандай ишингиз бор эди ?
- Э болам , укангга "Чеченистонда бир таом едик . Худди бизнинг шилпилдоқ, қозоқларнинг бешбармоғига ўхшаб кетаркан , аммо мазаси ўзига хос ажабтовур экан" десам келининг Зарнигор "Ойижон номи нима экан ўша овқатни ? Интернетдан топиб мен ҳам пишириб кўраман" деганди. Шунга Фирдавсадан ўша таомнинг номини сўрамоқчийдим. Негадир мен қўнғироқ қилсам ҳам , Зарнигор қўнғироқ қилса ҳам олмади . Мабодо ишхонада эмасмиди деб сўраган жойим эди.
- Йўқ ,Ойижон , у ҳали ишга келмади. Балки йўлда бўлса жавоб беролмагандир. Ё телефони овозсиз режимга созланиб қолганмикан ? Мен ҳозир ўзим қўнғироқ қилиб кўрайчи ? - Саид Исмоил Мукамбархон аяга шундай деди-ю , ўзи офис телефонидан Фирдавсага чақирув қўнғироғини юборди. Тез орада тармоқ орқали "Телефон аппарати ўчирилган" деган овоз келди. Саид Исмоил Фирдавсани таниганидан буён илк бор қўнғироғи бу таҳлит жавобсиз қолган эди.
Саид Исмоил аллақайси баҳона билан Мукамбархон аяни тинчлантирган бўлди-ю , аммо ўзи ҳаловатини йўқотди.
У икки соат ичида Фирдавсага қайта - қайта қўнғироқ қилиб туша олмагач , Рустамни ҳузурига чақиртирди.
- Лаббай , Саид ака ,- Рустам одати бўйича Саид Исмоилнинг қаршисида қўл қовуштирди .
- Рустам , Фирдавсадан негадир дарак йўқ. Холасининг уйида эди. Аммо ...
- Ўша ернинг манзилини айтинг. Қайси туман ? Қайси маҳалла ? Холанинг исмлари , эрлари бўлса у кишининг ҳам исмлари ким ?
Саид Исмоил юраги бир фалокатни сезгандек дук- дук урганча билган маълумотларни айтди.
Рустам Саид Исмоилни диққат билан тинглаб олгач хонани тарк этди. Бироқ орадан бир чойнак чой қайнарли фурсат ўтар - ўтмас ортига қайтди :
- Қиз ишга , яъни бу ерга келиш мақсадида бундан тўрт соат олдин уйидан чиқиб кетган.
- Аммо у ишга келмади ! - Саид Исмоилнинг томоғига нимадир тиқилди .

- Биламан , Саид ака , яна ...
- Нима яна ?! - ҳовлиқиб сўради Саид Исмоил
- Яна қизни кутаётган ёлғиз сиз эмаслигингизни ҳам биламан .
- Бу нима деганинг ? Илтимос топишмоқ айтаётганга ўхшаб гапирмаган. Шундоқ ҳам асабим етарлича бузилиб бўлди .
Рустам дераза ёнига бориб дарпардани бир четга сурди :
- Бу йигит илк бор келган кунидан бошлаб ҳар куни пешингача қизни кутади . Мен унга "Фирдавса ҳозир бу ерда йўқ" десам ҳам қулоқ солмайди. Мана бугун эрталаб еттида шу ерда эди. Бир соат олдин ҳам , ҳозир ҳам шу ерда ...
Саид Исмоил деразадан кўчага боқиб Афзалга кўзи тушгач , хаёлидан ҳозиргина кечган шубҳаси чиппакка чиқиб янада бўшашиб, аъзои баданидан совуқ тер чиқиб кетди :
- Афзал бу ерда бўлса ... Фирдавса тинчмикан ? Йўлда бирор фалокатга учрамадимикан ?
(давоми бор)
Муаллиф: Хазонрезги
Каналга обуна бўлинг 👇 :
https://t.me/Xazon_Rezgi