ЭРАМ

ЭРАМ

Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)

40-қисм


   Мукамбархон ая ёнида ўтирган таржимон қиз тўй эгаси бўлмиш Хаде хонимнинг сўзларини таржима қилиб бўлгунича , гапнинг асосий мағзини тушуниб юраги бир орзиқиб тушди. 

   У жилмайганча мезбон аёлга тушунтириш беришни ўзига эп кўрди :

   - Бу икки ёшнинг ҳали тўйлари бўлмаган , илло шуни ният қилиб Аллоҳдан сўраб турибмиз.

     Шу бўйи Хаде хоним Мукамбархон аяни ортиқча саволлар билан бошини қотирмади , бироқ меҳмоннавозликни ўз маромида ўрнига қўйди. Тўйнинг асосий маросимлари ўтгач, мезбонлар тарафидан меҳмонларга бир хафта ичида ҳам кетишларига ижозат берилмади. "Келиш меҳмондан , кетиш эса мезбондан" ... Ушбу иборалар барини ойдинлаштирди- қўйди. Саид Исмоил эса қовқаз халқининг урф- одатларидан қисман хабардор бўлганлиги сабаб , уларнинг ҳоҳиш - истакларига ортиқча қаршилик кўрсатмади. Саид Исмоил Магомед оға ажратган мулозим ёрдамида Мукамбар ая ва Фирдавса билан шаҳар ва унинг атрофидаги диққатга сазовор жойларни айланишди . Тарихий мажмуалар , қўрғон , қалъа ҳамда замонавий ансамбллар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ваниҳоят бир хафта деганда Саид Исмоил бошлиқ меҳмонлар Магомед Муслимали оиласи билан қуюқ хайрлашиб йўлга тушдилар. Самолётга чиқишар экан, Фирдавса бу диёрда ўтказган кунлари ҳаётининг унутилмас саҳифалари бўлиб қолишини ҳис қилди. У яна бир нарсага амин бўлиб турарди . Ҳамиша сўзларидан бол томиб турадиган Мукамбархон ая ўзи учун жуда қадрдон бўлиб улгурибди , сабаби у аёл кўп ҳислатлари билан раҳматли онаси Зиёда опага жуда ўхшар экан.

   - Болажоним , - Ўзбекистонга етиб келишгач Мукамбархон ая Фирдавсани меҳр билан бағрига босар экан ,- мангинани унутиб юбормагин- а , сенга жуда ўрганиб қолдим .

  - Йўғей , онажон, - сизни унутиб бўларканми ? Руҳсат берсангиз имкон топишим билан сизни кўришга бориб турардим . Зарнигор опам билан кичкинтойлар ҳам менга жуда қадрдон бўлиб қолишганди.

   - Руҳсат берсангиз деганинг нимаси , қизим. Қачон келсанг уйимиз эшиклари сен ва оила аъзоларинг учун очиқ,- деди Мукамбархон ая кўзларида меҳр нурлари жилваланганча,- ўзи йўл чарчоқлари чиқса , чоршанбаларга Замирахонни кўргани боришни режалаштириб турибман. Уйда қай вақтда бўлишларини билиб қўнғироқ қилиб айтиб юборсанг яхши бўларди.

   - Хўп бўлади , онажон. Сўраб , сизга қўнғироқ қилиб юбораман.

   - Умрингдан барака топ , қизим,- Фирдавсани алқади Мукамбархон ая,- бугунча бизникида қола қолсанг бўларди, қизим.

    - Узр холамларникига бормасам бўлмайди , онажон . Холам ва укаларимни жуда соғиндим. Уларга қайтишимни айтмаган эдим, атай сюрприз қилиш ниятида.

    - Майли қизим , бошинг тошдан бўлсин . Насиб қилса яқин кунларда кўришиб қоламиз,- дуога қўл очди Мукамбархон ая ...

    - Албатта , онажон...


▪️▪️▪️


    - Йигит , Фирдавса билан Саид акам Чеченистондан қайтишибди .

   - Хабарим бор ,- Гавҳархоннинг қўнғироғига ҳозиржавоблик билан жавоб қайтарар экан Афзал сўзларига қўшимча қўшди ,- ҳавотир олманг , барча ишлар битган , қулай вазиятни пойлаяпман холос.

   - Яхши унда. Қушчани қўлга киритсангиз "Иш битди" деб қўнғироқ қилиб суюнчи олиш эсдан чиқмасин , йигит.

  - Хўп , опа. Албатта айтаман.

   Афзал тезда тармоқдан узилишга ҳаракат қилди . Сабаби у икки қулоғи динг бўлиб Фирдавсанинг холасининг маҳалласига пойлоқчиликка қўйиб қўйган қизлардан хабар кутаётганди. Қизлар Фирдавсанинг холасиникидан чиқиб бекатга йўл олишини икки кундан буён кутишар эди. Аксига олиб Фирдавса Чеченистондан қайтган кунидан буён Саид Исмоилнинг фирмасига ишга бормади. Саид Исмоил Фирдавсага ишдан уч кунга жавоб бериб юборганини улар қайдан ҳам билишсин ?

   Икки қиз ва ҳайдовчи йигит кеча -душанба куни тушга қадар қизни уйдан чиқиб қолса керак деб кутишган , у уйдан чиқавермагач пешиндан сўнг беҳафсала изларига қайтишган эди. Яна камига Фирдавсанинг уйдан чиқмаслигига ўзлари айбдордек Афзалдан таъна- дашномини эшитганларини-чи ? Яхши-ки бундай ишларни кўравериб пишиб , дийдалари қотиб кетгани...


@Xazon_Rezgi


   "Ҳеч қиси йўқ , келишилган пул қўлга кирса бундай дашномларни эшитмагандек бўлиб кетамиз" - бу сўзлар уларнинг эшитганларига парво қилмаслик учун энг яхши юпанч эди.

    Ваниҳоят душанба куни тонгги саккизларга яқин Фирдавса маҳалланинг асосий бекат жойлашган кўчасида кўринди.

    Фирдавса бекатга яқинлашишига ўн метрлар қолганда аллақаердан пайдо бўлиб қолган матиз автомашинаси тезлигини пасайтириб , туширилган ойнаси орқали "Чилонзор, Чилонзор" дея эълон қилиб кела бошлади.

    Фирдавса машина тарафга ялт этиб қаради. Машинани бошқариб келаётган йигитчанинг ёнида ўзи тенги қиз жой олган эди.

    - Чилонзор дейсизми ? Мен ҳам кетаман. Йўл ҳақини қанча дейсиз ? -Фирдавса бекатдан сал берироқда турган қизга қаради ,- фақат мени "Ройсин"ни олдига ташлаб қўясиз.

   - Нархи от билан туя бўлармиди ? -ўктамлик билан жавоб қайтарди ҳайдовчи йигит ,- бекор кетмай , ҳеч бўлмаса "заправкам"ни пули чиқса яхши бўларди деяпман- да.

   - Ўн минг берсам бўладими ? Оғринмайсизми ? - сўради қиз ,- жуда бўлмаса йўлдан яна одам оларсиз.

    - Майли чиқаверинг , эрталабки насибадан кечиш йўқ ,- қизга ишора қилди ҳайдовчи ,- айтганингиздек яна битта яримта йўли бир бўлиб қолганлар чиқиб қолар.

     Матиз аста- секин тезликни ошириб йўлга тушиб кетди. Тахминан уч бекатча юришгач , катта йўлга чиқиш олдидан бир четда қўл кўтариб турган йигитга дуч келишди :

   - Ана бўлмасам, - қувонди ҳайдовчи ,- бугун ўзи ўнг томоним билан турган эканман. Нозим ҳам айни Чилонзорга боради. Фақат ...- у олд ўриндиқда ўтирган қизга ҳижолатли боқди ,- синглим , хафа бўлмасангиз орқа ўриндиққа ўта оласизми ? Нозимни у ерга таклиф қилиш бироз ноқулай-да ?

   - Бемалол ,- олд ўриндиқда ўтирган қиз негадир энсасини қотиргандек жавоб қайтарди ,- "таъби нозик"лар учун ўтсак ўтаверамиз-да .

    - Озод ,ўзингмисан? - Нозим деганлари кўнгли очиқ йигит экан , машинага жойлашгунча ҳаммага бир йўла салом берди ,- учрашиб қолганимиз заб яхши иш бўлди.

   Олд ўриндиқдаги қиз орқага ўтгач Фирдавса ҳар иккала қизнинг ўртасига жойлашиб қолди .

   "Ҳай майли , - ўйлади Фирдавса , - офисга етиб олсам бўлгани . Бугун душанба бўлгани учун автобус ва маршрутли таксилар қатнови кам бўлади . Отчопардагилар билан бирга дам олиб олишади- да улар ҳам. Ҳар доимги сенарий шу "

    Озод деганлари йўл - патрул постидан ўтиши билан машина салонидагилардан "руҳсатингиз билан" деб шу кунларда танилган ҳофизнинг машҳур қўшиғини баралла қўшиб юборди .


  - Баҳор чоғи сўлим кеча ,

    Ҳижронларга тўлиқ кеча...

    Кўз ўнгимда хумооор кўзларинг...


   Қўшиқ таъсирида Фирдавсанинг кўз ўнгида нима учундир Саид Исмоилнинг барваста қадди- қомати , хушрўй ва маҳзун чеҳраси намоён бўлди .

   Фирдавса ортиқ ўзини алдай олмаслигини ҳис қилди. Айниқса ҳаётига Афзал қайта ташриф буюрган ўша кундан буён қиз бир нарсага қайта- қайта амин бўлган эди :

  - Унинг кўнглини аллақачон Саид Исмоил ўзига асир қилиб бўлган экан...

    Фирдавсанинг хаёлини ёнида ўтирган қизнинг йўтали бузди . Қиз негадир тинимсиз йўтала бошлаганди . У орада ярим оғиз "узр" деди-ю , сумкачасини очиб ундан аллақандай флакон чиқарди. Қиз флаконни қопқоғини очиб рўмолчасига ундаги суюқликни сепа бошлаганда Фирдавсанинг хаёлидан "Қизнинг бирор дарди бор шекилли" деган фикр ўтди ва чин дилдан қизга ачинди.

   Аммо кутилмаганда қиз қўлидаги рўмолчани Фирдавсанинг оғиз- бурнига босди . Фирдавса қимирлай олмай қолганди. Сабаби бу тарафида ўтирган иккинчи қиз қаршилик қилмаслик учун уни қўлларидан маҳкам қучоқлаб олган эди.

   - "Нега ? - Фирдавсанинг шаҳло кўзлари дувиллаган ёшга тўлди , ҳаво етмай нафаси қаттиқ бўғилди . Тез орада у ортиқ ҳеч нарса ҳақда ўйлай олмай қолди , сабаби мияси карахт ҳолга келган ва у ҳушини буткул йўқотган эди.  

   Ҳайдовчи Озод жилмайганча бошқарувидаги рулни ритм билан чалар ва қўшиққа жўр бўлганча йўлни тоғ тарафга бурган эди :

   - Унут , унут , унут дединг-а , унутолмадим.

     Сенсиз , сенсиз , сенсизликка кўникооолмадим...


(давоми бор)


Муаллиф: Хазонрезги


Каналга обуна бўлинг 👇 :

https://t.me/joinchat/AAAAAFB59SM9yhwXJGeW_g

Report Page