ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)
39-қисм
- Тушунмадим , Фирдавса ?! - қизга ҳайрон боқди Саид Исмоил,- ёки мен нотўғри эшитдимми ? Агар эшитганим рост бўлса қаерга кетмоқчилигингизни билсам бўладими ?
- Нотўғри эмас, тўғри эшитдингиз ,- хўрсинди Фирдавса ,- қаерга кетишимни эса ҳозирча ўзим ҳам билмайман. Аммо бундан ташвиш чекмасам бўлади. Сиз туфайли , сизнинг қўллаб - қувватлашингиз туфайли шу чоққача ҳисоб рақамимда анча маблағ тўпланиб қолган. Балки уларнинг эвазига бирор иш бошларман.
- Ўзингизни қийнаб не ҳожат ? Мана шу ишингиз ҳам ёмон эмас-ку? Ўйлашимча омад ҳар сафар ҳам келавермайди. Барини бошидан бошлаш учун қанча куч , чидам , сабот бўлиши керак.
-Бу ерда қолсам Афзал мени тинч қўймайдиган кўринади. Мен эса ...унга қайта рўпара келишни истамасдим.
- Нима ўша йигит ... Афзал сизни бошқа ерда тополмайдими ? Менинг назаримда сиз Афзал эмас , балки ўзингиздан қочиб кетмоқчисиз ? Аммо бир нарсани яхши билинг- ки, инсон ўзи ўзидан қочиб ҳеч қаерга кетолмайди. Муаммони бартараф этишнинг бирдан бир ягона йўли ўша муаммога тик қараш.
- Саид ака... - озорланган оҳангда эътироз билдиришга уринди Фирдавса ,- тушунинг ахир. Бу ерда қолиб ... муаммоларим билан сизнинг ҳам ҳаловатингизни бузишни истамайман .
- Фирдавса , худди мени танимагандек бўлди бу гапингиз. Ёдингиздами , бир вақтлар "Сиз сабаб тушкунликларим ортга чекиниб, ҳаётга бўлган қизиқишим қайта уйғонди" дегандим. Ўшанда менга қанчалик катта ёрдам берганингизни тасаввур ҳам қила олмайсиз . Шундай экан , нима учун кичик бир муаммочага дуч келсангиз сизга жимгина руҳсат бериб юборишим керак экан ?
Фирдавса Афзалнинг жон-жонига озор берган ўша "Мени рад этишингга раҳбаринг сабаб бўлмасин яна ?" деган сўзларини Саид Исмоилга айтишга истиҳола қилди, бунга сайин юраги баттар қовжираб эзилди.
- Фирдавса , тўғрисини айтсам кетиш ҳақидаги таклифингиз ёмон эмас ,- кутилмаганда жилмайди Саид Исмоил, - аслида бу таклиф мендан чиқиши керак эди.
Фирдавсанинг шаҳло кўзлари катта- катта очилди :
- Тушунмадим... Бу билан ...
Саид Исмоил ўша жилмайган кўйи чўнтагидан авиачипта чиқариб қизга тутқазди:
- Сиз билан мен Чеченистонга Ойша қизнинг тўйига таклиф қилинибмиз. Тўй индинга, рейсимиз эса бугун кечга экан. Бу чипталарни икки соат аввал бир йигит ташлаб кетди. Ўша йигит Ўзбекистонда Ойшанинг отасига бизнесҳамкор экан. Мен бу янгиликни сиз билан тушлик вақтида бўлишмоқчи эдим. Хўш Чеченистонга борамизми ?
Фирдавса Саид Исмоилга нима деб жавоб қайтаришга ҳайрон бўлганча жим туриб қолди .
Саид Исмоил эса завқ билан сўзида давом этди :
- Фирдавса , сиз ўйланманг. Бундай чиптадан яна битта бор. Ойижоним учун ... Аслида сиз икковингиз алоҳида таклиф қилингансиз , мен эса шунчаки сизларга қўриқчи ва ҳамроҳман. Хуллас , йўқ дея рад қила олмайсиз. Мен улардан суюнчи олиб бўлдим. Ойим аллақачон сафар тадоригини кўра бошлаганлар...
- Вооой... - Фирдавсанинг шу сўзни шивирлашга аранг мажоли келди ,- мен...
- Бугун барвақтроқ тушлик қилиб олмасак бўлмайди. Кейин сизни квартирангизга кузатиб қўяман. Кечроқ эса аэропортга олиб кетиш учун яна қайта кираман. Бу сафар ойижоним билан. Унгача бироз ҳордиқ чиқариб оласиз. "Йўлга чиқар эканмиз" деб ортиқча уринманг. Барча керакли нарсаларни йўл- йўлакай сотиб олаверамиз. Ойижонимга келсак , уларнинг одатлари шунақа. Ўзлари тайёргарлик кўрмасалар кўнгиллари жойига тушмайди. Хафа қилиб қўймаслик учун индамайман уларга.
Шунча янгиликдан Фирдавсани боши айланиб кетди. Бир зумда узоқларга кетиб қолиш тилаги рўёбга чиқиб турса-я... Фирдавса бу хабарни қанчалар ҳайрон қолиб қабул қилган бўлса , ушбу ҳайронлиги тез орада шукр туйғусига алишди. Афзалнинг ташрифи билан боғлиқ дилхиралик ҳамон кўнглининг бир тарафини ғаш қилиб турган бўлса-да , булар ҳақда ҳозир ўйлагиси келмади. Бироқ хаёл деганлари учқур нарса , ҳали у ёққа, ҳали бу ёққа тизгинини тутқазмай учаверади
@Xazon_Rezgi
"Афзал мени излаб офисга эртага яна келса керак , бироқ унгача мен бу ерда бўлмайман,- Фирдавса шулар ҳақда ўйлади- ю , анча енгил тортганини ҳис қилди,- Афзал, менга қолса шундай бўлсин демагандим. Биламан , бўлиб ўтган ишларда сенинг айбдор эмасдинг. Бироқ барини бошдан бошлаш учун эса энди кеч. Негаки сен билган Фирдавса энди йўқ... Сен бугун кўрганинг Фирдавса бутунлай бошқа қиз..."
- Ҳой қиз ?! Нима ҳақда ўйланиб қолдингиз?
Саид Исмоилнинг саволи Фирдавсанинг хаёлларини жойига келтирди:
- Узр , Саид ака, - қизаринди Фирдавса,- мен сиз билан кетишга розиман. Айниқса ойижонингизни биз билан бирга кетишларини эшитиб жуда ҳурсанд бўлдим.
- Кетдикми унда ? - Саид Исмоил боши билан эшикка ишора қилди.
- Сиз чиқаверинг ,- деди Фирдавса йигитга ҳайриҳоҳ оҳангда, - мен иш столимни тартибга келтириб , ўн беш дақиқаларда чиқаман...
- Жуда соз ,- Саид Исмоил даҳлиз тарафга йўл олар экан,- унда мен сизни киравериш файеда кутиб тураман.
▪️▪️▪️
Эртаси куни Фирдавсани тушлик вақтигача офис эшиги тагида кутиб сарғайган Афзални телефони қўққисдан жиринглаб хаёлини бузди .
Қўнғироқ қилган Гавҳархон эди :
- Ҳаа йигит, - деди у захархандалик билан салом - аликни насия қилганча ,- битта ишни ҳам эплай олмай қизчани қўлдан чиқариб юборибсиз-ку ? Хўп одамига ишонган эканман-да...
- Бу нима деганингиз ? - чапақай жаҳли чиқди Афзалнинг ҳам ,- тўғри мен Фирдавсани олиб кетаман деб сизга ваъда бергандим. Ваъдам ҳали ҳам ваъда, бироқ уни бир кунда бажараман деганим йўқ.
- Шундай денг ? Унда ўтираверинг "Ҳали вақт бор" деб . Одамлар эса сиз севган қизни шундоққина бурнингиз остидан олиб кетиб бўлишди . Сизга эса чапак чалиш қолди холос.
- Опа , нималар деяпсиз ? Тушунтириброқ гапиринг,- асаб торлари чирт- чирт узила бошлади Афзалнинг.
- Нималар дердим ? "Оғзингизга тайёр чайнаб солиб қўйган луқмани ютолмадингиз" дедим.
- Опа ...
- Ўтган сафар учрашган жойимизга келинг. Телефонда гапирсам хумордан чиқмайдиган кўринаман.
Гавҳархон шу сўзларни айтди-ю , шарт мулоқотни тўхтатди. Афзал эса гап нимада эканлигини била олмай тажанглиги ошганча Гавҳархон таклиф қилган қаҳвахонага йўл олди.
- Опа ...
Афзал Гавҳархонни аввалги ўтирган жойидан топди.
- Сиз қизга нима дегандингиз ? - алам билан қошлари чимирилди Гавҳархоннинг
- Нима дердим ? - деди Афзал қўрс оҳангда ,- "Барини бошдан бошлайлик , юр мен билан" дедим-да
Гавҳархон истеҳзоли кулди :
- Ундай бўлса яхшилаааб таклиф қилолмабсиз , йигит , қушчангиз таклиф қилишни биладиганлар билан кечанинг ўзидаёқ Чеченистонга учиб кетибди.
- Ҳаддингиздан ошманг , опа ! - қўллари мушт бўлиб тугилди Афзалнинг,- индамас экан деб ...
- Индасам, индамасам бу -факт , - Афзалнинг сўзини оғзидан бетакаллуфлик билан шарт олди Гавҳархон, - Фирдавса кеча кечки рейсда Саид Исмоил билан бирга чет давлатга кетибди. Қачон қайтиши эса номаълум...
Гавҳархон Афзалга стол устида турган ноутбукини айлантириб суриб кўрсатди . Экранда башанг кийинган Саид Исмоил, гулгун чеҳраси янада очилиб кетган Фирдавса бир гуруҳ инсонлар даврасида ҳушнуд жилмайиб туришар эди.
- Сурат тагидаги изоҳни ўқинг , йигит ,- ишора қилди Гавҳархон оппоқ юзлари бўғриққанча
Афзал у кўрсатган изоҳни ҳижжалаб ўқий бошлади:
- Ўша машҳур "Тонгги шудринг" заргарлик фирмасининг бошлиғи Саид Исмоил таниқли дизайнер Эрам хоним билан биргаликда кўп тармоқли бизнес эгаси Магомед Муслималининг ёлғиз қизи Ойшахонимнинг никоҳ тўйига меҳмон сифатида Грозний шаҳрига ташриф буюрдилар. Маълумот ўрнида шуни айтиш жоиз-ки, Ойша хонимнинг никоҳ маросимида тақадиган ҳамда келинлик сарпосининг салмоқли қисмини ташкил қиладиган тақинчоқлар тўплами Эрам муаллифлиги остида "Тонгги шудринг" фирмаси томонидан тайёрланди. Меҳмонлар тўй эгалари томонидан муносиб кутиб олиндилар.
Афзал суратларни қўли билан бир- бир ўтказиб кўрар экан , бармоқлари асабий титрай бошлади :
- Мен битта нарсага ҳайронман,- алам билан шивирлади у экрандан кўзини узмай, - хўп мен Фирдавсани ушлаб қололмабман.

Аммо сиз нима учун ўз эрингизни тергай ололмадингиз? Менга қилган муомалангиздан гап- сўзларингиз ўткиргиналиги кўриниб турибди- ю ?
Гавҳархоннинг юзи қумдек оқариб кетгани Афзалга ҳам сезилди:
- Маломат қилманг , йигит ... Мен ... - надомат билан сўзлай кетди аёл,- мен Саид ака билан вақтинча бирга яшамаяпман. Бунга ... Бунга сабаб ким деб ўйлайсиз ? Албатта барига ўша Эрам хонимингиз сабабчи . Ҳа айтганча. Тушунган бўлсангиз кибор давраларда Фирдавсангизни Эрам дея танишади. Унга бу номни ким берган? Топинг-чи ? Ҳа ўлманг: Саид Исмоил ! Фақат бу Эрам иккинчи Эрам. Биринчиси англаб турганингиздек мен эдим . Ҳа мен!
Агар бор гапни охиригача эшитишни истасангиз эшитинг унда: Мен Саид акам - кўз очиб кўрганимни биров билан бўлишгим йўқ. Шу сабаб сизга "Ўша қизни олиб кетинг" дегандим . Менимча мени ёмон ниятда айбламангиз керак. Камина фақат ўзимга тегишли бўлган инсонни истаяпман. Ўн тўрт йил бир ёстиққа бош қўйган ҳаётимнинг мазмунини . Кўриб турибсиз оиламни сақлаб қолиш учун аёл бошим билан нима ишлар қилиб юрганимни...
- Бўлди опа , бари тушунарли,- оғир тин олди Афзал ,- эрингиз сиз учун қанчалик қадрли бўлса, Фирдавса ҳам мен учун шунчалик азиз. Ҳавотир олманг , мен энг охирги дақиқагача курашаман.
- Йигит ,- хўрсинди Гавҳархон ,- айрим ҳолларда шунчаки кўнгилга қараш билан иш битмаслиги аниқ. Баъзан мақсадга етиш учун туйғуларни четга суриб туриш керак бўлади . Мени тушуняпсизми ?
- Тушунишга ҳаракат қиляпман, аммо тўлиқ эмас ,- Афзалнинг чекка томирлари лўқиллай бошлагани авзойидан кўринди.
- Эҳ, йигит , йигит ... Ким айтади сизни кўча кўрган деб ? Сизга ўргатавериб ўзимда ҳеч нарса қолмайдиган кўринади . Мисол учун сизни ўрнингизда бўлсам қизни шартта машинамга босардим- у , узоқларга олиб кетардим . Бир неча кун шаҳар ташқарисида кўнглига йўл топиш ҳаракатини қилган бўлармидим. Менга ишонаверинг у Саид акамнинг ёнида бўлса ҳеч қачон сизни демайди. Мана буни бир исботини ўзингиз ҳам кўриб турибсиз.
- Опа...
- Тўхтанг, ҳали гапим тугамади. Улар ҳозир Чеченистонда вақтларини хуш ўтказаётган вақтда сиз ҳам бўшашмай имкон даражасида ҳаракат қилиб қолинг. Айтганларимни яхшилаб ўйлаб Фирдавсани қачон , қаерга олиб боришни ўйланг. Энг муҳими қиз у ердан тақдирига тан бермагунча қочиб чиқолмаслик чорасини кўриб қўйинг...
Сиз фақат битта нарсани ёдда тутсангиз бўлгани , йигит .
Тарихни ғолиблар ёзадилар. Кўп ҳолларда жараён эмас , натижа муҳим.
- Сизни тушундим , опа ...- муштига йўталди Афзал ,- менга энди руҳсат. Қиладиган ишларимни бир бошдан режалаштириб олай.
- Кўпам ўйланаверманг , йигит ,- оғир тин олди Гавҳархон,- шап- шап дегунча бир йўла шафтоли деб қўяверинг. Ҳаёт мужмалликни ёқтирмайди, шу жумладан аёл зотининг ҳам мужмал эркакларга ҳуши йўқ. Қизлар ҳадеса атрофида пашшахўрда бўлиб айланадиган "ўзим ўргилай"ларни эмас , қўлидан шарт тутиб , ўзини қалқон қилгувчиларни кўпроқ қадрлашади . Мана кетибди- ку Фирдавсангиз Саид Исмоил билан. Мен Саид акамни у қизга "Илтимос , борақолинг" деб ялинганлар деб ўйламайман, "Кетдик" деганлар- у шарт йўлга тушганлар. Бунга иймоним комил.
Майли , бугунча етар. Сиз ҳам ишингиздан қолманг.
Гавҳархон шундай деб ўрнидан турар экан , бирдан гандираклаб кетди.
- Иммм...
Гавҳархон беихтиёр бошини чангаллаб қолди .
- Опааа...
Афзал Гавҳархонни тирсагидан тутиб қолишга улгурди.
Гавҳархон бироз шу алфозда турди- да , сўнг билагини Афзални бақувват қўлларидан аста айирди:
- Раҳмат сизга. Ўтиб кетди.
- Опа , нима бўлди сизга ? Уйингизга олиб бориб қўяйми ? - шошилганча сўради Афзал .
- Ҳожати йўқ. Машинамда келганман, - сумкачасига қўл узатди Гавҳархон, - хайр , йигит ...

Магомед Муслималининг аёли Хаде Мукамбархон аяга таом учун манзират қилар экан , Фирдавса тарафга ишора қилди :
- Ўғлингиз ва келинингиз бир- бирларига узукка кўз қўйгандек муносиб эканлар. Жуда ҳавас қилдим. Илойим менинг Ойша қизим куёвим Мурат билан уларга ўхшаб бахтли бўлишсин ...
(давоми бор)
Муаллиф: Хазонрезги
Каналга обуна бўлинг 👇 :
https://t.me/joinchat/AAAAAFB59SM9yhwXJGeW_g