ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
38- қисм
Кабинети деразасидан Афзалнинг жаҳл билан офисдан чиқиб кетаётганини кўрган Саид Исмоил унинг қиз билан ўрталарида кечган суҳбати қай тарзда якунланганлигини чамалади.
Саид Исмоил дастлаб "Бундай пайтда Фирдавсани ўз ҳолига қўйган маъқул" деб ўйлади. Бироқ кўп ўтмай кўнглига қарши чиқа олмай қизнинг кабинетига йўл олди. Кўнгли эса уни айнан ўша ерга етаклар эди.
Адашмаган экан кўнгли . Саид Исмоил ним қия очиқ қолган эшик орқали Фирдавсанинг дераза қаршисида турганча паст овозда ўксиб- ўксиб йиғлаётганига гувоҳ бўлди. Бироқ ана паст товушдаги шу йиғи овози йигит учун бутун дунёни тутиб кетгандек бўлди .
- Фирдавса...
Фирдавса Саид Исмоилнинг овозидаги бир олам меҳр ва орзиқишни ҳис қилиб унга ўгирилди . Кўзларига тикилди ва бу сафар баралла овозда йиғлаб юборди .
Саид Исмоил шошилиб қолди . У Фирдавсанинг кўз ёшларини бармоғи билан артиб олмоқчи бўлди , бироқ шу вазиятда ҳам ҳаё кучлилик қилиб тезда ниятидан қайтди ва чўнтагидан рўмолча чиқариб қизнинг қўлига тутди .
-Бўлди , Фирдавса , йиғламанг...
Келинг , мана бу ерга ўтириб олинг.
Саид Исмоил Фирдавсани деворга тақаб жойлаштирилган ўриндиққа таклиф қилди , ўзи эса стол ёнидан бир стулни суриб унинг қаршисидан жой олди .
- Фирдавса ... - деди Саид Исмоил қизга тикилганча ,- сиздан "Нима бўлди ?" деб сўрашга ҳаққим бормикан , йўқми ... Бироқ сизни бу аҳволда кўришни сира истамаслигимни билсангиз дегандим.
- Саид ака ...- хўрсинди Фирдавса ҳиқиллаганча...- нима учун инсонлар бундай ? Кўп ҳолларда фақат ўзларини ўйлашади . Тўғри менинг ўзим ҳам оппоқ эмасдирман . Аммо ...
Фирдавса бўғзига нимадир тиқилган каби тўхтаб қолди .
Саид Исмоил Фирдавсадан гапини давомини кутгандек лом-мим демай сукут сақлашни афзал билди , қиз эса буни англагандек сўзлай кетди :
- Биз Афзал билан юқори синфларда бирга ўқиганмиз.
Мактабни битириб Тошкентга келдик. Икковимиз ҳам олий ўқув юрти талабаси бўлдик. У кезлари бизникилар Жиззахда , раҳматли дадамларнинг оталари- бобомникига яқин жойда яшар эдик. Афзал эса Жиззахнинг ўзидан эди.
Хуллас Тошкентда ўқишимиз бошқа- бошқа бўлса ҳам , тез- тез кўришиб турардик. Кунлардан бирида Афзал менга уйланмоқчилиги, нияти жиддийлигини айтди. Тез кунларда совчи қўймоқчилигини хабарини берди . Мен унга қаршилик билдирмадим. Негаки Афзал ёмон йигит эмасди . Унинг ҳар қандай қиз орзу қиладиган даражада ўктам турмуш ўртоғи бўлишига иймоним комил бўлганмиди , билмадим. Ёки ундан бошқа йигитлар билан деярли ошиқча гаплашмаганим сабабмиди бунга ...
Хафта охирида уйга борганимда Афзалнинг онаси ва аммасининг уйимиздан чиқиб кетишаётганлигини кўрдим. Биз бир жойнинг одамлари бўлганимиз учун ҳар икковларини яхши танир эдим. Улар аммаси ҳайдаб келган машинага ўтиришар экан бир- бирларига "таги паст" бўлган онамни қандай қилиб танобини тортиб қўйишганини кўчани бошларига кўтарганча оғзиларини тўлдириб бир - бирларига мақтанишар эди. Табиийки "меҳмонлар" эшигимиз ёнидаги азим арча панасига ўзини олган мени кўришмади.
Эҳ, у ҳақоратлар...
У ҳақоратларни бир сўз билан айтсам, биз оиламиз билан қопдаги тезакдан ҳам паст кўрилган эдик.
Қоп- қора ҳашаматли машина ўз эгалари каби чуввос солиб кўчамиздан узоқлашгач , "Мен туфайли шунча ҳақоратга муносиб кўрилган ойижонимнинг юзларига қандай қарайман ?!" дея юрак ҳовучлаб , ботинмайгина уйга кирдим.
Ва остонада ... беҳуш ётган ойимларга дуч келдим.
Шу куни дард- у дунёим қоп- қоронғи бўлди . Шу куни илк бор мушфиқамга саратон деган ташхис Жиззахда қўйилди. Гумонларга барҳам бериш учун эртасигаёқ Тошкентга йўл олдик...
Пойтахтда ойижонимга қўйилган ташхис тасдиқланди...
У ёғи сизга маълум ...
Саид ака ...
Мен эса ўша кундан буён ўзимни ҳеч, ҳеч кечира олмайман. Ойижоним мени деб шунча ҳақорат эшитишга муносиб аёл эмасдилар. Ёлғиз бошларига қизларини оқ ювиб , оқ тараб , эшитганлари ҳақорат бўлганди ўшанда .

Тўғри , ойижонимда дард анча аввал бошланган экан , бироқ Афзалнинг онаси ва аммасининг жанжали улардаги касалликни юзага чиқариб юборганди. Менинг юрагим эса шу чоққача буларнинг барига мен ўзим ва ўша аёллар сабабчи деяверади.
Ойижонимнинг дардларида ўқишни ташладим. Аҳволим шу даражада ёмон эди-ки , Афзални ҳам қайта кўргим келмади . Шу тариқа унинг ҳаётидан изсиз чиқиб кетдим.
Орадан ой ўтмай унинг уйлангани хабарини эшитганимда юрагим ақалли "қилт" этмади . Мен учун севги , муҳаббат деган тушунчаларнинг ҳеч бир қадри, қиймати қолмаган эди аллақачон.
Гавҳархон опамга айнан ўша кунлар дуч келганман. Қўлларида бир неча ой ишлаганимдан сўнг эса сизга қарши тузилган режани "имзоладим". Негалигини айтайми ? Негаки , менинг кўнглимда "Ҳамма бойваччалар Афзалнинг оиласидаги каби тошмеҳр..." деган нотўғри хулосага келиб қўйган эдим.
Бугун эса ...
Бугун эса Афзал келиб мендан барини бошдан бошлашни сўради. Яна айтди-ки, онаси мендан кечирим сўраш ва келин қилишга тайёр эмиш...
Саид ака ...- бошини илкис кўтарди Фирдавса ,- энди менга жавоб бермасангиз бўлмайдиган кўринади . Йўлларимиз, ҳамроҳчилигимиз шу ергача экан. Мен бу ердан кетмоқчиман...
(давоми бор)
Муаллиф: Хазонрезги
Каналга обуна бўлинг 👇 :