ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
ЭРАМ
34-қисм
Гавҳархон ўнг қошини хиёл кўтарганча Машрабга "Эшитаман" дегандек сўзсиз тикилди. Бунга сари Машрабнинг оғзининг таноби қочди :
- Мен сизга айтсам опам- жоним , Фирдавсахонимнинг ота юрти Жиззахда хуштори бор экан. Исми Афзал. Хуллас ўша Афзал деганлари ўз-ўзидан ғойиб бўлиб қолган қизнинг изини салкам ярим йилдан буён топа олмай жизғанаги чиқиб юрганмиш. Тушунган бўлсангиз гап Фирдавса ҳақда кетяпти.
- Тушунмадим , Фирдавса нима сабабдан у ердан изсиз йўқолган экан ? - савол беришдан ўзини тўхтата олмади Гавҳархон.
- Э опа бу ерда гап кўп . Хуллас ўша Афзал деганларининг оиласи "баланд оҳурдан ем еганлар" тоифасидан экан. Мени тушуняпсизми ?
- Уф , - деди Гавҳархоннинг тоқати тоқ бўлиб ,- ўзи ўлолмай турганимда "тушунган бўлсангиз , тушуняпсизми , фалон - писмадон" деб гапни айлантириб баттар аҳволимни расво-и раддибало қилма. Гапни чувалаштирмай одамга ўхшаб шарт гапир-қўй !
Машраб ўзи туфайли асабийлашган опасини тинглай туриб шарбатни хўплаганча илжайди:
- Хўп опа , хўп. Демак , гап бундай. Афзалнинг оиласи бой- бадавлат оила экан. Шу сабаб улар етим қизнинг оиласини оёқ учи билан кўрсатиб менсишмабди. Камига йигитнинг онаси қиз тарафга бориб унинг онасига "Қизингни йиғиштириб ол, ўғлимни тинч қўйсин. Тенг-тенги билан " деганга ўхшаш бир дунё ҳақоратли гаплар ила жанжал кўтариб оила шаънини ер билан битта қилган экан. Бу ҳақоратлар қизнинг онасини жон- жонидан ўтиб кетган шекилли у Жиззахдан кўчиб кетибди. Бу пайтда Фирдавса хоним Тошкентда институтда ўқир экан. Онаси укалари билан Жиззахдан кўчиб кетган вақт Фирдавса ҳам институтдан ғойиб бўлибди. Афзал эса Фирдавсани узоқ вақт излаб топа олмагач , ота - онаси танлаган қизга уйланишга мажбур бўлибди, бироқ турмуши ўхшамай уч ойларда ажралишиб кетишибди. Бу орада Афзал бор гапдан хабар топибди. Ўша онасининг қизнинг уйига бориб кўрсатган томошаларини назарда тутаяпман. Кейин эса яна қизни топиш ҳаракатига тушибди. Ниятини астойдиллигини қаранг. "Қизни дарагини бир ойда топиб берганга янги машина калитини тутқазаман" деган экан. Аммо айтилган муддатда ҳеч ким қизни топа олмабди. Хуллас шунақа гаплар. Нима дейсиз опа , ўша Афзалга Фирдавсани қаердалигини айтиб суюнчи ундирсаммикан? Баҳонада сиз ҳам ундан қутилардингиз , мен ҳам бир нималик бўлиб қолардим.
- Сен шундоғам анча нарсалик бўласан , - Машрабни шаҳдини қайтарди Гавҳархон ,- фақат бунинг учун ўша йигитни топиб мени ёнимга бошлаб келишинг керак. Исмини нима дегандинг ? Афзалми ? Ҳа ўшани айтяпман,- Гавҳархон шундай деб укасига муғомбирона жилмайди,- айтганча бунча маълумотни қаердан олдинг ? Яна шунчалик оз фурсатда ? Шу касбни эгалласанг энг буюк изқуварлар ҳам ип эшолмас экан?
- Укангизни нима деяпсиз , опа ? - талтайди Машраб ,- у сиз мени қадримга етмайдиган . Билсангиз бунақа ишлар мен учун чўт эмас. Мени қўллаб - қувватлайдиган дўстларим ҳар ерда топилади. Қоверса "Пул бўлса - чангалда шўрва".
- Шундай де ? - Гавҳархон Машрабнинг елкасига меҳр билан шапатилади ,- ундай бўлса навбатдаги ишга кириш, укажон, - мен иложи борича ўша йигитни зудлик билан кўришим керак, -у шундай деб қўлидаги қимматбаҳо соатга кўз югуртириб деди ,- вақт кетди !
- Яхши ,- деди Машраб ҳам опасига тақлидан ўзини ишбилармонлардек жиддий кўрсатиб ,- уни топсам қаерга олиб борай? Қайси дўконда бўласиз ?
- Тўғри шу ерга бошлаб кетавер,- деди Гавҳархон сўзни узил- кесил шарт кесиб ,- фақат келишингдан илгари қўнғироқ қилиб қўйсанг бўлгани .
- Хўп ,- деди Машраб йўлга тушар экан , аммо остонадан алланима ёдига тушиб ортга қайтди ,- иии опа , яна битта зўр маълумот ёддан чиқай дебди-ю ?
- Яна битта маълумот дейсанми ? - сўради Гавҳархон укасига синчков назар ташлаганча ,- хўш нима маълумот экан у ?
- Опа , - ортга қайтган Машрабнинг кўзлари катта-катта очилди ,- ўша қиз поччам билан бирга ишлаб деярли тенг ҳамкорга айланиб олибди. У жуда чиройли сурат чизаркан , шу вақт ичида анча - мунча қимматбаҳо тақинчоқлар коллекциясини муаллифига айланибди ҳам. Ишлари дунё бўйлаб кезиб юрган эмиш. Харидорлари эса казо- казолар экан. Мана шундан билиб олаверасиз поччам бу қиз билан нега бунчалик ош- қатиқ бўлиб қолганини ?
Хуллас , тахмин қилганингиздек энди у шунчаки оддий қиз эмас . Поччамнинг қўл остиларида "Иркит ўрдакча" гўзалликда тенгги йўқ "Гўзаллик тимсоли бўлмиш нафосатли оққуш"га айланишга улгурибди. Тахминимча энди бу қизнинг давлати сизникидан кам эмас,- Машраб шунча янгиликни айтиб нафас ростлаш учун тин олганда Гавҳархоннинг шундоқ ҳам оппоқ юзлари янада оқариб кетганига гувоҳ бўлиб , айтаётган сўзлари нечоғлик нишонга тегаётганини ҳис қилди , бироқ сўзларини давомини айтишдан ўзини боса олмади , - биласизми опа ? Бизнес оламида ўша қизнинг номи "Эрам" экан. Қайси номдор сайтга кирманг Эрам, Эрам деган таърифга дуч келасиз. Мен ўзим шахсан текшириб кўриб ҳайрон қолдим . Шунчалик тез машҳур бўлиш мумкинмикан деб ? Аммо буни қаранг-ки , мумкин экан...
Гавҳархон Машрабнинг сўзларини давомини тинглашга қуввати қолмаганди. Унинг қулоқлари остидан укасининг тилидан учган "Эрам" деган сўз қайта - қайта жаранг сочар эди.
Эрам...
Эрам...
Эрам...
Гавҳархоннинг бошига чидаб бўлмас даражадаги қаттиқ оғриқ турди. "Имм..." деди у ўтирган кўйи бошини чангаллаганча...
Турмуш қурганларининг дастлабки йиллари Саид Исмоил Гавҳархонни "Ўзимнинг боғи Эрамим" дея эркалар эди. "Сендаги малоҳат , чирой , хуш ифор фақатгина ўша Эрам боғларининг гул- у гулзорларида топилса керак" дея кўп бора такрорлаган эди унинг лаблари ...
"- Демак , - юраги янада пора- пора бўлди Гавҳархоннинг ,- демак энди Эрамингиз ҳам бошқа аёл бўлибди-да ... Шу дунёда иккинчи бор Эрамни кашф қилибсиз-да , Саид ака?!"
Гавҳархоннинг авзойи зумда бузилди. Бутун вужуди титраб- қақшаб , мушт бўлиб тугилган қўллари зарб билан столга урилди:
- Ўлдираман ! Ҳар иккисини ўлдираман ! - телбанавор қичқирди у ,- бўлди етар ! Сабрнинг ҳам чегараси бор !?
Машраб ҳозиргина айтган янгилиги опасини бу даражада "қуюшқон"дан чиқариб юборади деб ўйламаган эди. Шу сабаб у гапнинг асл моҳияти нимада эканлигига тушуна олмай опасига термулганча анграйиб қолган эди...
▪️▪️▪️
Фирдавса ўзи тахмин қилганидек офисга келиши билан Саид Исмоилнинг шу ерда тунаб қолиб туни билан бир неча чизма тайёрлаганининг устидан чиқди :
- Ассалому алайкум , Саид ака ,- деди Фирдавса ўзидаги қизиқишни базўр яширишга ҳаракат қилиб ,- яхши дам олдингизми ?
- Дам ?! - хушнуд аҳволда жилмайди Саид Исмоил ,- агар бир неча соатдан буён тайёрлаган манави чизмаларимга ижобий баҳо берсангиз , унда ҳақиқатдан ҳам яхши дам олган бўлишим мумкин деб ўйлайман.
- Шундайми ? - деди Фирдавса жиддийлигини йўқотмаган ҳолда , - майлими уларни бир кўрсам ?
- Бўлмасам-чи ,- деди Саид Исмоил чизмаларни қиз томонга сурар экан ,- аслида сизни шу жараён учун кутиб ўтирган эдим-ку ? Яъни чизган ишимга баҳо берасиз деб .
Фирдавса чизмаларни қўлига бирма- бир олиб синчиклаб кўра бошлади :
- Сўраганим учун узр , Саид ака , - деди у қоғоздан кўз узмаган ҳолда ,-бу чизмалар ким ва қандай тадбир учун тайёрланмоқда ? Бу аксексуарларни намойиш этадиган хоним ёки хонимларни қиёфалари , юз бичимлари , қадди- қоматларини бир кўрсам дегандим. Мумкин бўлса , албатта ...

-Шундай савол беришингизни билгандим ,- деди Саид Исмоил ҳозиржавоблик билан ,- бу тақинчоқлар бирор бир танлов учун эмас,- Фирдавса йигитдан бундай жавобни кутмагани учун кўзларини қоғоздан олганча Саид Исмоилга ажабланиб тикди ,- бу бир қиз учун ... Тўғрироғи яқинда тўйи бўлаётган чечен гўзалининг сарпосининг бир қисми бўлиши керак бу тақинчоқлар. Қизнинг отаси жудаям бадавлат киши экан. Ёлғиз қизининг сарпосида бизнинг брендимиз ва шахсан "Эрам"нинг муаллифлигида тайёрланган зийнатлар бўлишини истаяпти экан. Айтишича буни ундан қизи илтимос қилган эмиш.
- Зўр-ку ! - кайфияти кўтарилди Фирдавсанинг , - бу йўналишдаги ишлар менга жуда ёқади. Тан олиб айтишим керак, шахсан мен келинлик сарупоси учун ўзгача завқ билан ижод қиламан...
Фирдавса ўз оламида энтикканча чизмадан кўз узмаган ҳолда сўзлар экан , Саид Исмоил унга беихтиёр тикилиб қолди...
( давоми бор)
Муаллиф: Хазонрезги
Муаллиф манзили @Xazon_Rezgi