ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
ЭРАМ
33- қисм
- Мен нима ҳам дердим, хотин,- деди Абу Бакр йўлдан кўзини узмаган кўйи жилмайганча ,- ақлли эрларнинг аёли ҳам эрига ўхшаш ақлли бўлади дейманда,- у шундай дея туриб жиддийлашди ,- Ойижон , келинингиз рост айтаяпти , Фирдавса ҳар тарафлама келинликка муносиб номзод қиз. Камига Саидингизнинг ўзига ўхшаб ижод кишиси . Ахир "Қуш тилини қуш билади" деган гаплар бекорга тарқалмагандир. У билан учрашиб бафуржа танишиб суҳбатлашсангиз бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз .
Мукамбархон ая "Яхши" дегандек бош силкитиб қўйди.
Саид Исмоил бошчилигидаги меҳмонларни Мукамбархон аянинг ўзи айланиб - ўргилиб кутиб олди. Кўп ўтмай меҳмон ва мезбон аёллар бир- бирлари билан обдон чиқишиб қолишди. Айниқса Фирдавсага шерик бўлган Зарнигорнинг гапи тугай демасди. Мукамбархон ая эса Замира опа билан суҳбатлаша туриб зимдан Фирдавсага кўз ташлар , вақт ўтган сайин келинининг шу қизни Саид Исмоил билан тақдирини боғлаш ҳақидаги гап- сўзларида жон бор эканлигини тан олиб борарди.
Мукамбархон ая ўғли ва Фирдавса ҳақида Замира опага лом -лим демади . Бунинг ўз сабаблари бор эди. Аввало Саид Исмоил билан бу мавзуда гаплашиб олмагани бунинг биринчи сабаби бўлган бўлса , иккинчи тарафдан Мукамбархон ая "Қиз боланинг ўз иззати бор , унинг қўли қўча - кўйда сўраб кетиладиган нарса эмас , бунинг учун албатта қизнинг уй эшигини тақиллатиш ҳамда ҳурматини қилиб совчилик муомаласини қилиш лозим" дея фикрлайдиганлар тоифасидан эди.
Деярли уч кун давом этган тоғ сайлидан томонлар қуюқ хайрлашган ҳолда бир олам таассурот билан ортга қайтдилар.
- Фирдавса , - деди Саид Исмоил қизни холасининг уйига кузатиб қўяр экан ,- сизни эртага офисда барвақтроқ кутаман. Бизга яна бир нуфузли танловдан буюртма келган . Дам олишда хаёлингиз бузилмасин деб индамаган эдим. Бироқ эртадан жадал ишга киришмасак бўлмайдиган кўринади, сабаби вақтимиз бироз чекланган .
Фирдавса Замира холаси ва укалари ёнида Саид Исмоилга ортиқча савол бериб ўтиришни ўзига эп кўрмади. Йигитнинг сўзларига жавобан "Хўп бўлади" дейиш билан кифояланди .
Ўз уйларига йўл олишган Зарнигор эса Мукамбархон аяни йўлдаёқ саволларга кўмиб ташлаганди :
- Ойижон, қиз сизга ёқдими ? Таъбингизга ўтиришдими ? У ҳақда фикрингиз қандай ?
Мукамбархон ая келинига ҳар доимги ройиш феъли билан жавоб қайтаришга интилди :
- Мен-ку майли, қиз энг аввало Саиджонимга ёқсин. Яшаб умргузаронлик қиладиган у бўлса.
Зарнигор жилмайди :
- Демак Фирдавса сизга ёқибди- да , Ойижон ? Ёқмаганда бундай демаган бўлардингиз ?
- Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган бўлиб қолар экан, қизим , - деди Мукамбархон ая мулоҳазакорлик билан сўзида давом этганча,- Саиджонни аввалги турмушини айтаман. Аввал бошида Гавҳархон билан қандоқ бахтли яшашган эди- я ? Ўша кезлари кимдир "Вақти келиб ҳар иккисини йўллари айро тушади , бир - бирлари учун ғирт бегона бўлиб кетишади" деганда ҳеч ким ишонмаган бўларди . Бироқ кўриб турибмизки , йиллар ўтиб шу ҳол содир бўлиб турибди-да. Саиджон ҳам ҳанузгача ўзига кела олгани йўқ. Шунга уни уйланишга кўндириш осон иш бўлмаса керак-ов деб ҳам турибман. Даданглар тирик бўлганларида ҳам бу ишни бир чорасини топиб, барини ўз ўрни- ўрнига қўйиб берган бўлармидилар.
- Майли , Ойижон , сиқилманг, - қайнонасига тасалли берган бўлди Зарнигор, - ўзингиз айтасиз-ку "Барини ўз ўрнига қўйиб бергувчи Аллоҳим бор" деб. Бу ишни ҳам бир йўли топилиши аниқ.
- Баъзи пайтларда бирам ақлли бўлиб кетасан- ей, - деди Абу Бакр ,- ўзингни кўрмай гапингни эшитганлар сен ҳақингда "Маҳаллани камида юз ёшга тўлган дастурхончи аёли бўлса керак" деб ўйлайди. Бўлди қилгин энди , ҳуда - беҳуда гапларинг билан ойижонимни ҳам олган дамларини бурниларидан булоқ қилмасдан. Ойижонимни бошлари ҳам ачиб кетди .
Эрининг танбеҳидан Зарнигор ўзининг "оширворгани"ни сезиб мум тишлади . Бироқ Мукамбархон ая ҳар доимгидек келинининг жонига оро кирди :
- Келинимни нега уришасан , ўғлим ? Буям ёмон бўлсин деётгани йўқ. Ўйласа сенинг акангни ўйлаяпти. Баъзи бағритош келинларга ўхшаб "Бор- ей , менга нима ?" деса қўлингдан нима келарди ?

Майли шу ерда мавзуга нуқта қўямиз . Бу ҳақда Саиджон билан бақамти гаплашиб олгандан кейин бир қарорга келамиз энди. Уям ишидан ортиб келаси хафталарга келаркан. Акангни ўзи боя шундай деганди.
Абу Бакр ойисига "хўп, сиз нима десангиз шу" деган маънода бош ирғади. Зарнигор бўлса аллақачон қизчаларига алаҳсиб кетган эди.
▪️▪️▪️
- Опа - ююю ! Опам-жоним!
Гавҳархон эркак кишига ярашмаган овозда тантиқланиб ўзини чақираётган Машрабнинг овозини эшитиши билан укасининг ўзи бир неча кунлардан буён интиқ бўлиб кутаётган Фирдавса ҳақидаги "янгилик-хушхабар"ни топиб келганини ҳис қилди .
- Мен бу ердаман , - деди Гавҳархон иккинчи қаватга олиб чиқувчи гир айлана қилиб ишланган зина тепасида турганча овоз бериб ,- шу ерга чиқақоласанми? Ё ўзим тушайми ?
- Ё сиз келинг ё мен борай ,- минғирлаганча ҳиргойи қилиб зинадан кўтарила бошлади Машраб ,- опам- жоним ! Ўзим чиқаман-да, вей . Ҳозир менинг димоғим бирам чоғ-ки , сабаби кааатта суюнчига арзийдиган хушхабар топиб келдим. Ватааайт !
- Кўриниб турибди ,- укасидаги кўтаринки кайфият Гавҳархонга ҳам юқиб ,- қани юракни тоширмай айт-чи , қандай янгилик топиб келдинг?
- Аввал ичишга бир пиёла муздекроқ нимадир беринг,- деди Машраб зинадан тез- тез кўтарилганига ҳансираб , - йигитлар билан чойхонага боргандик , қозонкабобни тузини сал шўрроқ қилиб юборишибди азаматлар , шунга юрагим куйиб кетяпти.
- Тушунмадим ,- деди Гавҳархон музлаткичдан муздек шарбат олиб бокалга қўяр экан ,- сен менга янгиликни чойхонадан топиб келяпсанми дейман ?
- Ҳа йўғ- а , опа ?- деди Машраб ютоқиб шарбат симирганча, - у ерга йўл- йўлакай киргандим . Сизга хушхабарни эса ааанча узоқдан олиб келдим .
(давоми бор)
Муаллиф: Хазонрезги