ЭРАМ

ЭРАМ

Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)

ЭРАМ

32- қисм


   - Саид ака , ўзингизни яхши ҳис қилаяпсизми ? Ахир шунча гап- сўздан кейин инсон ўзини ёмон ҳис қилиши табиий.


   Саид Исмоил бош силкиди :


   - Мендан ҳавотир олманг. Ҳозир ҳар қачонгидан ҳам кўра яхшиман. Аммо негадир сизнинг юз - кўзингиз қизариб бўртиб турибди , туззукмисиз ?


   - Ҳаа яхшиман ,- деди Фирдавса ўзини тетик тутишга интилганча , - бирозгина бошим оғрияпти холос. Ҳавотир олманг , бари вақтинчалик, ҳадемай ўтиб кетади


   - Тоққа чиқиш таклифи нима бўлди , Фирдавса ? - Саид Исмоил дераза орқали кўчага маҳзун назар ташлаганча савол берар экан,- жавобингизни кутяпман.


   - Саид ака ,- Фирдавса бу сафар ҳам унинг саволини очиқ қолдирди ,- балки Гавҳархон опамга яна бир имкон берарсиз . Тўғри тушунинг , буни улар эмас , балки сиз учун сўраяпман. Опамдан ажралиш сиз учун ҳам нечоғлик оғирлигини кўриб , билиб , ҳис қилиб турибман ахир.


   - Мен унга етарлича имкон бердим деб ўйлайман , - гапни шарт кесди Саид Исмоил ,- сизнингча уч йил ҳазил муддатми ? - у шундай дея туриб Фирдавсага бақамти келди ,- сиздан илтимос , қайтиб шу мавзуда сўз очмайлик. Мен барига нуқта қўйиб бўлинди деб ҳисоблайман.


    - Хўп ,- бу сафар Фирдавса итоат билан Саид Исмоилнинг сўзига кўнишни ўзига эп билди,- ҳа айтганча , тоғ сайлига қачон ва кимлар билан боришни режа қилаяпсиз ?


    - Мана бу бошқа гап ,- чиройи ёришди Саид Исмоилнинг ,- сиз укаларингиз , рози бўлишса холангизни оила аъзоларини ҳамроҳ қилиб оларсиз. Мен тарафдан эса тахмин қилганингиздек ойижоним ҳамда Абу Бакрнинг командаси . Болалар ҳам кенгликларда бир яйрашсин. Шаҳар ҳовлида диққинафас бўлиб кетишганди ўзиям,- Саид Исмоил шундай дея туриб қизга маслаҳатомуз тикилди,- шу жума пешиндан кейин йўлга чиқсак , якшанба кечга қайтиб келар эдик, шунга нима дейсиз ?


    Фирдавсанинг бош оғриғи анча ортга чекинганди , шу сабаб Саид Исмоилга ҳайриҳоҳ нигоҳ ташлади:


   - Сиз нима десангиз шу ...


    ▪️▪️▪️


    - Машраб ! - Гавҳархон гўё барига қўлидаги телефон аппарати айбдордек экранга бор заҳрини сочгудек бақирди ,- тез етиб кел ! Оёғингга хина қўйгандек имиллама ! Бўл тез...


   Машраб яқин жойда экан , опасини кўп куттирмади :


   - Ҳа , опа , тинчликми ? - сўради у Гавҳархоннинг гезариб кетган юзига қараб ,- нима бўлди ?


   - Дард бўлди , бало бўлди ! - дея бақирди Гавҳархон жазавага тушганча , - ўўўўтирибман ! "Ўзимдан чиққан балога , қайга борай давога ? " деб !


   - Ҳмм , яна ўша қизнинг ғавғосими ? Менга қаранг опа, бир оғиз "хўп" денг мен ўша қизни машинага босаман- у , шаҳар ташқарисига олиб чиқиб изини ҳеч ким тополмайган қилиб Сирож қиморбознинг йигитларига "ол- киш" қилиб юбораман.

   - Шу ақлинг аввал қаерда эди ? - укасига ғазаб аралаш надомат билан тикилди Гавҳархон ,- таассуфки энди кеч. Бу қизнинг бошидан бир тола сочи тўкилсин-чи? Саид Исмоил иккимизни нима қиларкин ?! Ўзи уни ўлдирмоқчи бўлиб заҳар берганимга бир марта индамади , бу ҳолни иккинчиси бўлмаслиги юз фоиз аниқ!


  - Нима ?! - кўзларини пахтаси чиқди Машрабнинг ,- кимни ўлдирмоқчи бўлдингиз , опа ? Ўша қизними ? - Гавҳархон "йўқ" деб бош силкигач , баттар ҳайронлиги ошди , - йў-ғей , сиз поччамни ўлдирмоқчи бўлдингизми ?


   - Ҳа поччангни ! - чақчайди Гавҳархон ,- менга бунақа тикилма ! Нима қилишим керак эди ? Ўз қўлларим билан уни бошқа бировларга бериб томошабин бўлиб юраверишим керакмиди ? Ё менга, ё бўлмаса ҳеч кимга тушундинг ?! Ҳеч кимга !


    - Опа , эсингизни йиғинг . Бу ишларни оқибати яхши бўлмаслиги аниқ . Ундан кўра уларни унутиб ҳаётдан завқ олиб яшашни ўрганинг . Эридан ажрашган битта сиз эмас- ку ? Эрдан ажрашиш дегани дунёнинг охири дегани эмас .


   - Албатта қайтадан яшайман,- қатъият билан таъкидлади Гавҳархон ,- фақат бу иккисини масаласини бир ёқлик қилиб олгандан сўнг , - у шундай деб Машрабга зорланган овозда ёлвора кетди ,- тушунсанг- чи , жон укам, бу иккиси бир бўлиб мени ғуруримни ер билан битта оёқости қилди, устимдан кулишди. Энди уларни кечира олмайман. Юрагимда бир олов ёнаяпти, қачонки мен ҳам уларни хор ва забун аҳволда кўрсамгина ўша олов ўчади ...

-Опа , - деди Машраб Гавҳархоннинг қони қочган асабий юзига термулар экан , чин дилдан ачинганча , - хўп , мен нима қилай ? Нима қил дейсиз ўзи? Қайси ишни бажарсам кўнглингиз таскин топади ?


   - Сен менга ўша Фирдавса деганни астар- аврасигача суриштириб кел. Мен билан танишгунча қаерда , кимлар билан ош- қатиқ бўлган ? Нима учун институтдаги ўқишини ярим йўлда ташлаб кетган ? Бу ўзи айтгандек онаси билан боғлиқ бўлган вазият тақазоси бўлганмикан ёки бу ерда бошқа гап бормикан ? Фирдавсани балким институтдан ҳайдашгандир? Бўлиши мумкин-ку? Тўғрими?

   Машраб , ҳар бир инсоннинг бир нозик нуқтаси бўлади. Ўша нозик нуқтага берилган зарб уни ҳалок қилиши мумкин . Мисол учун менинг нозик нуқтам ўзинг билгандек Саид акам . У қизниям шунақа нуқтасини топа олсак ўша ердан зарба берар ва яхшилаб хумордан чиқар эдик. Сен эринмай обдон суриштир. Керак бўлса мактаб давридаги  барча икир-чикирларни ҳам назардан қочирма. Шундай қиз шу ёшгача ҳеч кимга кўнгил бермаган бўлиши мумкин эмас. Масалани шу тарафларига эътиборни яхшилаб қарат. Кўнглим сезиб турибди айнан шу тарафдан пичоққа илинадиган нимадир чиқиб қолиши аниқ.


   - Хўп, опа . Бари сиз айтгандек бўлади . Ўзи бошида сизга айтгандим-а , шу қизни бегона қилмайлик деб ,- тамшанганча сўзлашда давом этди Машраб,- сиз бўлсангиз кимсан , нимасан демай гапимга қулоқ солмадингиз. Иш битиши билан хабар берганингиздаям унга уйланиб олиб сизни бу фалокатлардан холос қилган бўлармидим ?! Мана энди куйганда ўзингиз куйиб ўтирибсиз.


   - Бекорчи гапларни йиғиштир ,- асабий қўл силтади Гавҳархон ,- ундан кўра бўладиган ишдан гапир .

   У шундай деб сумкачасидан бир пачка доллар чиқариб Машрабнинг олдига ташлади :


  - Буларни чўнтак ҳаражати қилиб турарсан. Кўнглимдагидек қилиб зўр хабар топиб келсанг , алоҳида суюнчиси бор.


   - Оҳ ўзимнинг опажоним ,- суқланганча пулга қўл узатди Машраб ,- аммо лекин ўзингиз аёл киши бўлсангиз ҳам ўғил болани ишини қиласиз-да! - у шундай деб ўрнидан турар экан Гавҳархонга тавозе билан таъзим қилган бўлди :

   - Камтарин қулингиз ҳизматга ҳозир- у нозир. Тез кунда сизни ҳовурингиздан туширадиган хушхабар билан қайтаман деб умид қиламан . Бўпти мен кетдим ...


   Гавҳархон хайр ўрнида укасига нисбатан қўл силташ билан кифояланди . Унинг хаёли яна янгидан-янги режалар тузиш билан банд бўла бошлаган эди.


    ▪️▪️▪️


    Жума куни пешиндан сўнг  Саид Исмоил Зиёда опа, Фирдавса ва унинг укаларини олиб тоққа йўл олди.

    Абу Бакр улардан бир соат аввал оила аъзоларини олиб йўлга чиққан эди. Аслида тоққа чиқиш режаси Абу Бакрнинг аёли Зарнигордан чиққан эди:

    - Жон Ойижон , - дея сўзида туриб олган эди у ,- келинг шу баҳона мулла акам ва Фирдавсанинг кўнглига қўл солиб кўрайлик,- деди у доимги мавзуни давом эттириб,- агар биз воқеаларни тезлаштирмасак уларнинг ҳар иккиси шундайликларича сурат ишлаб юришаверади. Ким билсин шу тариқа Фирдавсани бошқа биров илиб ҳам кетар балки ?

   - У қиз ҳали жудаям ёшда ,- ҳар доимги мулоҳазасини яширмади Мукамбархон ая,- Саиджон уни ёш қизча ўрнида кўриб бу таклифга кўнмаса ҳам керак ? Ўғлимни ёши қирқни қоралаб қолган бўлса .

   - Ойижон қанақа қирқ ? Мулла акам эндигина ўттиз еттига кирганлар. Қолаверса кўринишларидан шу ёшга кирганга ҳам сира ўхшамайдилар . Қайсидир бегонадан сўранг- чи , уларга ўттиз ёшдан ортиғини берармикан? Ундан кейин-чи , Ойижон Фирдавсахон ҳам ёш бўлишларига қарамай ҳаётнинг аччиқ- чучугини хўпам тортганлар. Шу сабаб дунёқарашлари мулла акамникига ўхшаб ҳам кетади.

   - Қайдам ,- ўйга толди Мукамбархон ая, - у қизни онаси оламдан ўтганда кўнгил сўраб борганда бир кўрганим . Ўшанда мусибат ўтида қовжираган қизга тасалли бериш билан ўтганди бор суҳбатимиз.

   - Мана бугунги сайилимиз улар билан яхшилаб танишиб олиш учун яхши баҳона бўладиган бўлди ,- деди Зарнигор ва йўлга чиққандан буён машина бошқариб йўлдан кўз узмай келаётган Абу Бакрга сўз қотди ,- дадаси , сиз нега жимсиз ? Бирор нарса демайсизми ?


(давоми бор)


Муаллиф: Хазонрезги


Ижодкор манзили @Xazon_Rezgi





Report Page