ЭРАМ
Гулбаҳор Рахматуллаева ( Хазонрезги)
ЭРАМ
30 - қисм
- Опа ўзингизни босинг ? Поччам билан ажрашган бўлсангиз ? Камига уларнинг бор- будларини шилиб олдингиз ! Сизга нима фарқи бор энди ? Баттар бўлишмайдими ? Сиз ҳам ўзингиз учун мазза қилиб яшаб қолинг-да, мундоқ ?! - Машраб кўзлари девонавор олайиб, ранги тобора ўчиб кетаётган Гавҳархонни тинчлантирмаса аҳвол яхшилик билан тугамаслигини тахмин қилаётган эди.
- Бу иккиси бир бўлиб устимдан кулишса-ю, мен индамай жим қараб турар эканманми ? Ўша Фирдавса деган алвастини топиб сочларини битта-битталаб юлмасамми? Асти хумордан чиқмайман.
- Опа ... Илтимос ўзингизни қўлга олинг...
Гавҳархон гўёки барига Машраб айбдордек унга ҳунук ўшшайиб қараганча эшикни юзига қарсиллатиб ёпиб ичкарига кириб кетди.
- Ифлос ,- дея ўйлади Гавҳархон Фирдавса тўғрисида ётоққа ўзини отганча ғижиниб , - сен мегажин ҳали мен билан олишадиган бўлиб қолдингми ? Бургутга ўхшаб парвоз қиламан деган чумчуқнинг бути айрилган экан. Сен ҳам шу куйга тушишинг аниқ. Бироқ буни узоқ кутишга тоқатим йўқ. Ўзим "қўллавормасам" бўлмайдиган кўринади.
Шу топда Гавҳархоннинг юраги жизғанак бўлиб куйиб кетаётган эди. Зумда бутун олам кўзларига қоп- қоронғи бўлиб туюлди.
У айни чоқда Саид Исмоилни нечоғлик қаттиқ яхши кўришини тан олиб турар эди.
"Ё менга , ёки бўлмаса ҳеч кимга!"
Гавҳархоннинг севгиси севги эмас , телбаларча бир ишқ эди ! Балки айнан шу сабаб у Саид Исмоил билан ажралиши аниқ бўлгач , уни аста - секин заҳарлаб ўлдириш мақсадида Фирдавсага ойлар давомида билинтирмай таъсир кўрсатадиган захар тутқазган эди.
Гавҳархон Саид Исмоилдан тирик ажрагандан кўра , уни қаро қабрга беришни афзал билган , собиқ эрини шунга ҳукм қилган эди.
Гавҳархоннинг ҳисоби бўйича Саид Исмоилнинг яна олти - етти ойлик умри қолган эди. Фирдавса Гавҳархоннинг дори ҳақидаги ёлғонларига ишониб заҳарни Саид Исмоилга берган тақдирда албатта. Гавҳархоннинг эса бунга ишончи комил эди. Аёл ўз ёғида қовжираб ўзини шунга тайёрлаб юрган бир пайтда Машраб топиб келган янгилик дард устига чипқон бўлди.
Гавҳархон туни билан мижжа қоқмади. Эрталаб эса тонг сахарда аччиқдан аччиқ қаҳва дамлаб ичди-ю , ўзини кўзгуга солди. У кийим жавонидан энг чиройли кийимини топиб кийди , эринмай қош- кўзларини созлади ва бу ишларни вақт ўтказиш пайида бошидан қайта - қайта бажарди. Ниҳоят соат миллари тонгги етти яримни кўрсатганда ортиқ тоқат қила олмай бежирим клатчини олди ва бигиз пошна қайиқ туфлисини кийиб ташқарига йўл олди.
Гавҳархон икки хафта аввал сотиб олган қип-қизил спорт услубидаги машинасида собиқ эрининг офисига келганда соат ҳали саккиз ҳам бўлмаган эди.

У вақтни ўлдириш мақсадида офис жойлашган бинонинг нариги бетидаги қаҳвахонага кирди ва нонушта буюрганча асабий бир аҳволда эрининг офисидан кўз узмай у тарафга тикилиб ўтираверди. Официантлар ярим соатдан ошиқ вақт ўзлари келтирган нонуштага қўл ҳам теккизмай ўтирган бениҳоя гўзал бу аёлга бир сўз айтишга ботина олишмади.
Орадан маълум муддат ўтиб чалғиб қолган ҳизмат кўрсатувчи ҳисобни тўламай қаҳвахонани тарк этган аёлнинг столига шошилиб борганда у ерда жуда катта суммадаги йирик пулни кўриб ташқарига отилди, бироқ аёл бамисли сомонхонага тушган игнадек дом- дараксиз кетган эди.
Гавҳархон бу вақтда Саид Исмоилнинг офисига қадам қўя бошлаган эди.
Унинг юраги Саид Исмоилни кўриши билан чексиз оғриқ , нафрат , шу билан бирга соғинч ва муҳаббатга тўлиб тошган, қарама- қарши бу туйғулар аёлни мувозанатдан чиқариб юборгудек қаттиқ изтиробга солиб қўйган эди.
- Гавҳархон ... - Саид Исмоил кабинетига кириб келган аёлни кутмаганидан шошилиб қолди ,- сиз... ?!
- Кутмаган эдингиз- а ? - деди Гавҳархон захарханда билан ,- биз шунақа бало- қазомиз кутилмаганда пайдо бўладиган. Гавҳархон эътирозга лаб жуфтлаган Саид Исмоилни оғиз очишига йўл қўймади,- эҳҳ Саид ака ? Қачон одам танир экансиз ? Ёшингиз ҳам анча жойга бориб қолгандек , бироқ ҳали ҳануз одам ажратишни ўрганмадингиз...
- Тушунмадим,- оғир,оғир нафас олганча энтикди Саид Исмоил ,- буни иккимизга нима алоқаси бор ?
Гавҳархон алам билан жилмайди :

-Жуда алоқаси борда,- деди Гавҳархон чарм ўриндиққа таклиф кутмай бетакаллуф ўтирар экан оёқларни чалиштирди ,- Фирдавсани айтаман ... Ёки уни ҳамон Жаннат деб танийсизсизми ?
Саид Исмоил бир , икки киприк қоқди-ю , бироқ лом- лим демади. Гавҳархоннинг гапини давомини кутди.
- Сиз билган ўша қиз шунчаки ёлланма қўғирчоқ. Ким кўп пул берса кетаверадиган. Бундайлар ўз нафси кўйида одамни осонгина сотиб юборишади. Фирдавса бир вақтлар менга сизни чув тушириб беришни таклиф қилганди. Бунинг эвазига анча пул сўради .
- Турган гап-ки сиз йўқ демагансиз ? - ўткир нигоҳларини Гавҳархонга қадади Саид Исмоил ,- тўғрисини айтсам у қизнинг бу таҳлит ишларига ажабланмайман. Умр йўлдошим мени шунча йиллик турмушимиз даврида алдаб келган бўлса , камина учун ҳеч ким бўлмаган бу қизнинг таклифи мени сираям ҳайратга солиши мумкин эмас ...
- Саид ака ... - кўзлари жиққа ёшга тўлди Гавҳархоннинг ,- мен сизни алдаган бўлсам йўқотиб қўйишдан қўрққанимдан қилганман бу ишни ...
Саид Исмоил хўрсинди :
- Ва қўрққан ишингиз содир бўлди а ? ...
(давоми бор)
Муаллиф Хазонрезги
Манзилимиз : @Xazon_Rezgi