ЭРАМ

ЭРАМ

Гулбаҳор Рахматуллаева (Хазонрезги)

29- қисм


  У дилидагини тилига чиқаришдан ўзини тийиб тура олмади:

   - Сен қиз бало чиқиб қолдинг- ку ? Йўқ ростдан ҳам ҳужжатга қўл қўйдира оласанми ? Бир нимани бошламагин яна ? Шунча ойлик тоат- ибодатимни бир пул қилмасанг бўлгани.

   Фирдавсанинг туси ўзгармади:

    - Ҳавотир олманг , - деди у совуққонлик билан ,- насиб этса барча иш ўз жойида бўлади. Саид ака кеча мени ишга қабул қилдилар. Иш ҳужжатлари билан таништирдилар . Мен эса уларнинг сейфларидан жой олган, имзолари эталон қилиб ясалган муҳрни кўрдим. Сейфнинг калити қаерда туришини эса билиб олдим. Бу ёғидан ҳавотир олманг. Узоғи бир хафталарда ишингизни битириб , кейин кўздан йўқоламан. Жаннат ғойиб бўлади , Фирдавса ўз ўрнига қайтади. Балки яшаш учун бир муддат Жиззахга- амакимларникига кетарман. Балки аммамнинг ёнларига Туркияга борарман.

    - Саид Исмоил сени дарровда ишга олгани мени ҳайрон қолдиряпти-да , - ўйчанлик билан савол ташлади Гавҳархон, - ҳе йўқ , бе йўқ бирданига сенга ишонч билдириши тузоқ эмасмикан ? Балки уни шубҳалантирадиган бирор бир ҳаракат қилган бўлсанг керак ?!

    - Йўқ ундай эмас ,- Фирдавса Гавҳархонни кўнглини тинчитишга уринганча ,- ёдингизда борми сизга бир чизма чизиб Саид акани столида қолдирганим ҳақида гапириб бергандим.

   - Ҳаа ёдимда ,- жонланди Гавҳархон,- кейин ўша чизмага нуфузи баланд харидор чиқибди дегандинг.

 - Худди шундай . Саид ака биз Ҳиндистонда бўлган вақтимиз ўша харидор билан шартнома имзолаб халқаро танловда ҳам иштирок этиб келибдилар. Хуллас шунинг ортидан манфаатли бўлган анча таклифларни қўлга киритибдилар .

   - Ҳм, шунақа дегин? - энсаси қотди Гавҳархоннинг ,- Саид ака тарафларида офтоб чиқиб қолибди- да ?


- Қайдам , балки шундайдир ? ,- елкасини қисди Фирлавса, - ростини айтсам буни менга қизиғи йўқ. Мен баридан чарчадим. Сизга берган ваъдамни бажараман- у , юқорида айтганимдек кўздан ғойиб бўлиш чорасини кўраман.

   - Яхши. Балки буларнинг бари яхшиликкадир, - деди Гавҳархон ортиқча мулозаматларсиз ,- бўладиган ишнинг бўлгани яхши. Тўғри шунча ҳаракатингга яраша ойингларни дунёдан ўтиб қолганлари аянчли ҳодиса бўлди , аммо бандасининг қўлидан нимаям келсин ?!

    Гавҳар шундай деб ўрнидан қўзғалди:

   - Сўраган ҳужжатинг эртага қўлингда бўлади...

   Эртаси куни Гавҳархон имзоланиши лозим ҳужжат билан бирга қизнинг қўлига бир кичкина шишачада кукун дорини тутқазди:

   - Ол буни . Саид акам менга шунча мол- мулкни бекорга берган бўлиб қолмасинлар. Бу шишачадаги дорини улар ичадиган шарбатга учга бўлиб қўшиб берасан. Бу дори жуда қимматбаҳо ва минг дардга даво.Индонезиядан махсус тайёрлатиб келтирилган. Уни беш йилда бир қабул қилишлари керак эди. Бу йил дорини қабул қиладиган йиллари эди. Саид акамнинг дудуқликларини ҳам тузатган дори ҳам шу эди . Уларнинг мияларида касаллик бор . Бу дорини йилда бир марта қабул қилсалар беш йилга касалликни ривожлантирмай туради. Мени тушундинг- а ? Саид акамга қилган охирги яхшилигим шу бўлсин.

   - Хўп опа , сиз нима десангиз шу ...

   Фирдавса дорини эҳтиётлаб сумкачасига солиб қўйди.

    

    ▪️▪️▪️


     Эртаси куни Гавҳархондан тегишли ҳужжатни олган Фирдавса уни тўғри Саид Исмоилнинг ҳузурига олиб борди.

  Саид Исмоил Фирдавса олиб келган ҳужжатни кўздан кечирар экан юзларига истеҳзоли кулги ёйилди:

   - Саид ака ? Тинчликми ишқилиб ? Гавҳархон опа жуда катта суммани ёзиб юборибдиларми ? - ҳадиксираб сўради Фирдавса

   - Йўқ аксинча ,- бош чайқади Саид Исмоил ,- Гавҳархон ўзича мени кафангадо қиламан деб ўйлаган бўлса-да , бу ерда ёзилган қиймат менга тегишли давлатнинг ўндан бирига ҳам тўғри келмайди. Фирдавса , мен нима учун кулдим биласизми?-Фирдавса "йў-ўқ" деган маънода бош силкиди, Саид Исмоил эса янада кўпроқ жилмайди ,- мен ҳозир бир нарсани англаб қолдим . Гавҳархон бу ҳужжатни у билан йўлларимиз айро тушган вақт ҳисобига кўра тусмол қилиб тайёрлаган кўринади . Мен эса ҳозир давлатимнинг Гавҳархон билан ажралишганимиздан сўнг бир неча ўн баробарга кўпайганини тушуниб турибман...

Менга қолса Гавҳархонга ўзи истаганидан уч баробар кўпроқ мол- мулкни хатлаб берган бўлардим ,бироқ афсуски энди бундай қила олмайман. Агар бундай қилсам сиз билан орамизда ҳеч қандай сир йўқлиги маълум бўлиб қолади. Майли Гавҳархоннинг ўзи истаганича бўла қолсин.

    Саид Исмоил стол устидаги чиройли жимжимадор ручкани олди- ю , ҳужжатга шарт имзо чекди.

    - Ана бўлди ,- деди у Фирдавсага ҳужжатни узатар экан,- шу билан ҳаммаси тамом . Очиғини айтсам елкамдан тоғ ағдарилгандек енгил тортдим. Бу ҳужжат қўлига тегиши билан Гавҳархон ажралиш учун судга ариза бериши аниқ,- Саид Исмоил чуқур тин олди , тез орада бу масала ҳам ҳал бўлиб қолса ажаб эмас ,-Саид Исмоил шундай деб Фирдавсага чап кўзини қисиб қўйди ,- менда сиз учун ҳам бир сюрприз , тўғрироғи ҳадя бор эди . Фақат қўлимни қайтармасликка олдиндан ваъда берасиз? 

    Фирдавса Саид Исмоилнинг қўлини қайдан ҳам қайтара олар эди ? Бироқ Саид Исмоил ўзига ҳадя қилган нарсани нималигини билган ақтида уни рад қилишга кеч бўлиб улгурган эди.

   Саид Исмоил унга ўз офисининг ёнида жойлашган кўп қаватли уйларнинг иккинчи қаватидан уч хонали бекаму кўст жиҳозланган квартира совға қилган эди.

  - Сиз ҳадямни рад этмасликга ваъда бергансиз ,- деди Саид Исмоил қизга квартира калитини тутқазар экан ,- яна ҳайрон бўлманг бу киши нима мақсадда менга бу уйни совға қилди деб ? Сабаби сиз сабаб ҳаётимни янги саҳифадан бошлашга ҳавас туғилди. Очиғи кейинги йилларда кайфият одами бўлиб қолгандим. Худди- ку , яшашимда мазмун, маъно қолмагандек. Юрагим бўм - бўш бўлиб қолганди...

   Аммо кейинги пайтларда яна яшашга умид, иштиёқ туғилди.

   Ўша сиз ҳаётимга кириб келган кун "Ҳаёт қўшиғи"ни чиздингиз- у , бари бошдан бошланди...

   Бу нарсалар сизга миннатдорчилик билдиришга арзимайди деб ўйлайсизми ?

   Энди бу гапларни қўяйлик...

   Фирдавса сизга яна бир буюртма келди . Қабул қиласизми ?

   - Албатта ...

Саид Исмоил тахмин қилганидек Гавҳархон билан ажралишлари узоқга бормади. Икки ойга қолмай ажрим ишлари тугагач, Гавҳархон Саид Исмоилнинг қўлига Фирдавса имзолатиб келган ҳужжатнинг нусҳасини тутқазди :

   - Хафа бўлмайсиз-да , жоним. Бу дунёда ҳар бир нарсанинг бадали бўлади. Булар эса мендан воз кечганингизнинг бадалидир.

   Саид Исмоил Гавҳархоннинг қўлидаги қоғозни илк бор кўраётгандек синчиклаб қаради .

   - Мен ,- деди у Гавҳархонга надомат билан боқиб ,- ўзингни бунчалар арзон баҳолайсан деб ўйламаган эдим. Мен сени исминг жисмингга монанд гавҳар деб ҳисоблардим. Бу ердаги нарсалар эса бор-йўғи оддий бир жезнинг баҳоси...


   Саид Исмоилнинг сўзларини эшитган Гавҳархоннинг ранги қув ўчиб кетди ...


    Саид Исмоил ва Гавҳархоннинг никоҳлари расман бекор бўлганидан уч ойларча вақт ўтгач, Машраб Гавҳархоннинг уйига бостириб борди :

   - Опа , анови қиз бор эди- ку , бирга поччамга қарши битим тузганингиз ? Исми нима эди ?

   - Фирдавсани айтаяпсанми ? Нимага эслаб қолдинг уни?- сўради Гавҳархон кўнглига нохуш бир ҳадик оралаганча , - тинчликми ўзи ?

   - Ўша қиз поччам билан бирга ишлаётган экан .

   - Бўлиши мумкин эмас, - жонҳолатда қаршилик қилишга тиришди Гавҳархон,- у қиз ҳозир пойтахтда ҳам бўлмаслиги керак .

  - Жуда бўлиши мумкин экан-да , опа , - заҳарханда қилди Машраб ,- айтяпман- ку уларнинг ҳар иккисини бирга кўрдим. Мана шу кўзларим билан . Ресторанда бирга қаймоқлаш-и-и-и-б ўтиришган экан...

   - А-а-а-а ! - бирданига жазавага тушиб кетди Гавҳархон . У шу алфозда эшик олдидаги тувакда бўйидан баланд қилиб экилган манзарали гулни жон- жаҳди билан ағдариб ташлади,- мен у иккаласига устимдан кулиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман...


(давоми бор)


Муаллиф: Хазонрезги

Ижодкор саҳифаси : @Xazon_Rezgi




Report Page