ЭНГ ШАФФОФ — БУ ЗАИФ ДЕГАНИ ЭМАС...

ЭНГ ШАФФОФ — БУ ЗАИФ ДЕГАНИ ЭМАС...

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Ахборот ва киберхавфсизлик таъминланган ташкилотлар Топ-10 талиги

Киберхавфсизлик маркази (https://tace.uz/) томонидан давлат органлари ва ташкилотларида ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш рейтинги аниқланди.

Рейтинг Киберхавфсизлик марказига давлат органлари томонидан ахборот ва киберхавфсизликни мониторинг қилиш тизими доирасида тақдим этилаётган маълумотлар асосида баҳоланди.

Куни кеча 2020 йил II чораги бўйича мониторинг натижалари чоп этилди.

Энг юқори рейтингдаги ташкилотлар Топ-10 талигига Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, қатор банк ва бошқа ташкилотлар, жумладан, жойлардаги ижро ҳокимияти органлари кирди.

Ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича ташкилотларнинг Топ-10 талиги

Адлия вазирлиги мазкур рейтингда 89,7 балл билан биринчи ўринни эгаллади.

Таъкидлаш жоиз, Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (Lex.uz), Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (Project.gov.uz), меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (Regulation.gov.uz), “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими (E-notarius.uz), нодавлат нотижорат ташкилотлари портали (E-ngo.uz), Давлат хизматлари портали (Davxizmat.uz), “Интеллектуал мулк” ахборот-қидирув тизими сингари ва бошқа йирик ахборот ресурслари тегишли.  

Адлия органлари ва муассасаларида ахборот тизимларининг узлуксиз иши, “Электрон ҳукумат”ни ривожлантириш, шунингдек, ахборот ва киберхавфсизлик талабларига риоя этилиши Ахборот-коммуникация технологияларни ривожлантириш маркази томонидан таъминланади.  

Барча адлия органлари ва муассасалари веб-сайтлари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ фаолияти юритмоқда. 

Адлия вазирлиги, шунингдек, машҳур ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар имкониятларидан ҳам фаол фойдаланмоқда. Хусусан, “Huquqiy axborot”, “Правовая информация” ва “LegalInfo” телеграм-каналлари фаолият юритиб, уларда давлат, рус ва инглиз тилларида тезкор равишда қонунчиликдаги ўзгаришлар, ҳуқуқий ислоҳотлар, қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятига доир ахборотлар жойлаштириб борилади. Мазкур каналлар обуначиларининг умумий сони қарийб 300 мингга яқин.

Бундан ташқари, аҳоли билан манзилли ишларни йўлга қўйиш мақсадида “Uz” доменида қўшимча ахборот-ҳуқуқий ресурслар ташкил этилган. Миллий ҳуқуқий интернет-портал (huquqiyportal.uz), “Бола ҳуқуқлари»” (bolahuquqlari.uz) веб-сайти, Advice.uz ҳуқуқий ахборот портали ва бошқалар шулар жумласидандир.

Адлия вазирлиги кўплаб рейтинглар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тузиладиган матбуот хизматлари раҳбарлари фаолияти самарадорлиги рейтингида ҳам юқори ўринларни эгаллаб келаётган энг шаффоф давлат тузилмаларидан биридир. 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА томонидан ташкил этилган “Йил танлови — 2019” танлови якунларига кўра Адлия вазирлиги “2019 йилнинг энг намунали вазирлиги” номинациясида биринчи ўринни эгаллади.

Адлия вазирлиги, аввало, аҳоли, бизнес вакиллари, чет элдаги ҳамюртларимиз ҳамда адлия тизими хизматларидан фойдаланувчилар учун ҳамиша очиқ. Шунингдек, Адлия вазирлиги янги технологиялар ва инновацион ечимлар, умуман олганда, технологик тараққиёт учун ҳам мутлақо очиқ.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими