ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА. БЕШИНЧИ ҲИКОЯ: ҲАЁТ-МАМОТ.

ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА. БЕШИНЧИ ҲИКОЯ: ҲАЁТ-МАМОТ.

МАФТУНА АБДУЛЛАЕВА
ЭНГ ГУЛЛАГАН ЁШЛИК ЧОҒИМДА БЕШИНЧИ ҲИКОЯ: ҲАЁТ-МАМОТ

💻🖊️6-ҚИСМ🖋️📖

🌿🌿🌿🌿2015 - йил. Август.🌿🌿🌿🌿

 Соҳиба масаласи ҳал бўлган бўлса ҳам, Ойша қандайдир ўйчан юрар эди.

-Сенга нима бўлди?- деди Пўлат ой куни яқинлашиб оғирлашиб қолган Ойшага.

-Билмадим. Тушимга тез-тез акам киряпти.

-Умарми?

- Ҳа.

-Сендан хавотир олаётгандир.

- Худди мени кутаётгандек...

-Ўчир овозингни ҳар балони валдирама. Тентак,- Пўлат қўл силтаб далага отланди. Чала қолган ишларини битириб уйига келса Отабек кутиб ўтирган экан.

Отабек бошида қишлоқда қолишдан кўра, Россияга кетишни афзал билди. Зайнабни ҳам безовта қилгиси келмади. Бу ҳам ўтиб кетадиган туйғу деб ўзини чалғитди. Бироқ Зайнабни Тоҳир билан "иши" битай деб қолганини эшитиб, туйғулари ўткинчи эмаслигини тушуниб, питирлаб қолди. Шунинг учун Пўлатни уйига йўл олди. У кечқурун ҳамма йиғилсинчи дегач, кеч бўлишини кутди.

-Ўша Тоҳирни бир ёқлик қилиш керак,- деди дўстлари йиғилгач.

- Нима қиламиз? Чеккага тортиб абжағини чиқарамизми?

-Али сени калланг ҳам ишлайдими? Ёки фақат муштинг ишлайдими,- деди Пўлат.

- Нима маслаҳат берасан доно бўлмаса?

- У бир ... бола. Биз бирон нарса десак, Зайнаб ҳақида гап саситади. Кейин уйдагилари яна ҳам айниб кетмасин. Асли эртачироқ бир иш қилиш керак эди.

- Нима қилсак экан-а? - бош қашиди Ориф.

- Қўрқитамиз,- деди Адиз.

-Қандай?

- Отабекни ҳамма қиморбоз мафиозга чиқариб бўлди. Тоҳирга шу қизга яна совчи қўйсанг йўқ қилиб юбораман, деб дағдаға қиласан. Агар бировга ғинг этса ...,- Адиз бўйнига бармоғи билан "пичоқ" тортди,- кетасан деймиз. Ҳа нима, ҳозир шундай қилиб йўқ қилиб олайлик, кейин ўзимиз биламиз.

   Ҳамма бир бирига қараб қўйди. Умуман ёмон фикр эмас эди. Ҳатто ҳаммага ёқиб ҳам тушди.

-Бунақа разборларга сен устасан- деди Пўлат Отабекка,- ташкиллаштирарсан.

  Отабек бир оз ўйланиб қолди. Балки Зайнабга бу иши маъқул келмас.

- Машҳур ёзувчи айтганидек, севги бу қиз болада жасорат, йигит кишида эса уятчанликни пайдо бўлишидир! - деди Отабекни жим турганини кўрган Ориф.

- Нима деяпсан? Зайнабни ўйлаяпман...

- Сен аввал қизларни ўйламасдинг?- деди Алиҳон кулиб.

- Бўпти сенларга гап топилди,- деди Отабек,- эрта кечга бир қўрқитиб қўямиз.

   Аммо эртаси куни Ойша йиқилиб кетиб, шифохонага тушиб қолди. Кейин аҳволи оғирлашиб қолди. Икки ҳафта Пўлат ўзи билан ўзи бўлиб қолди. Бу борада Отабек ишга кирди. Зайнаб тегмайман, деб туриб олгани учун Тохирни иши ҳам орқага сурилди. Аммо уни аммаси, Зайнабни аммасини қўзғади. Хаммага гапи ўтадиган катта амма "тегади" деб ҳукм қилиб кетди. Бу гапни синглиси Шодиядан эшитган Отабекни ичаётган чойи тиқилиб қолди.

-Дугонам Ҳурриятни акаси Зайнаб опага совчи қўйган экан. Рози бўлишибди. Эрта белги қилиб қўйишаркан,- деди Шодия қўрқиб. Нимани нотўғри айтганини тушунмай. Онаси Отабекка қаради. У жаҳл билан ўрнидан туриб кетди. Велосипеди билан боришга сабри чидамай Алиҳонга қўнғироқ қилди. Икковлашиб, Адизни уйига йўл олишди. Йўл-йўлакай қолганлар қўшилди.

-Уни қаердан топамиз?- сўради Рамзиддин.

- Ҳар куни стадионга футболга боради,- деди Отабек. Чақириб оламиз,- яхшиликча тушунтираман, тушунмаса, бу ёғи Адиз айтгандек бўлади.

  Тоҳирни четга чақириш муаммо бўлмади. Аммо Отабек билан гаплашиётганларида гап қочди.

-У қиз эртага менга "нон синади" деди, Тоҳир осмондан келиб,- шунинг учун кечикдинг.

- Сенга бошқа қиз қуриб қолмаган бўлса керак.

-Қуриб қолган бўлсачи?

-Мени биласан,- деди Отабек у ёқ бу ёққа қараб. Улар четроққа чиққан. Стадион орқаси кимсасиз эди. - Яхши бола эмасман. Тўғриликча тушунмасанг негалигини тушунтираман.

-Бир кишига бир тўдами?

-Улар мен ютқизсам аралашмайди. Кетинглар,- деди дўстларига. Ҳамма машинага ўтириб кетди.

- Яхши,- Тоҳир унчалик ҳам кўча боласи эмас эди. Қизларни ўйинчоқ қилишда Отабекдан ўтиши мумкин эди-ю, унга ўхшаб "давра" кўриб юрмаган эди. "Агар бир нарса қилса, бир тўда бўлиб ташланди деб ёзиб бераман. Гувоҳларим бор, Отабек мени чақириб олганига" деди ичида. Аммо Отабек уни калтаклашни ўйламасди. Тоҳир берган зарбаларга чап бериб уни ҳолдан тойдирди. Кейин бир зарб билан қўлини қайириб ерга чўккалатди.

-Танла ё Зайнаб, ё жонинг,- деди ёнидан пичоқ олиб бўйнига тиради. -Мени йўқотадиган нарсам йўқ. Қамоқдан ҳам қўрқмайман. Сенчи? Битта пичоқ тиқиб бир умрга майиб қилиб қўйишим мумкин,- деди пичоқни сермаб оёғини сонига олиб бориб.

-Қўйиб юбор.

-Тушундингми?

- Бўпти.

-Эрта совчиларинг борса, мендан яхшилик кутма.

 Тоҳир уст бошини қоқиб нари кетди. Отабек эса ичида ғашланди. Ишқилиб бу гапида турсинда.

-Асли Зайнаб билан гаплашишинг керак эди,- деди Адиз,- истасанг уйимда учрашиб, гаплашиб оласан.

-Шошмачи,- деди Отабек.

-Шу қизга келганда намунча босилиб қолдинг.

-Уни қўй, Али,- кулди Рамзиддин - Ким ўйлабди мактабда устидан кулиб юрган қизи учун бу кишимни "разбор" қилиб юришини.

-Ажаб бўпти- деди Отабек ҳам беихтиёр тиржайиб.

 Уйига келгач онасига деди:

-Она, эртага Зайнабларникига совчиликка борасиз. Бунча гапдан кейин ўзингиз бормасангиз бўлмайди.

 Ойхол опа садосиз бош ирғади. Аммо бу ишни битишига кўп ҳам ишонмади. " Ўғлимни кўнгли синмаса эди" деб ўйлади. Ойхол опа болалари нима қилмасин доим уларни кўнглига қарайдиган ва болаларига жуда бино қўйган аёл эди. Шунинг учун ҳам ўғли ҳақидаги гап сўзларга чидолмай кетаётганди.

Отабек онаси холаси билан совчиликка кетгач, ўзини қўярга жой тополмай ҳовли айланди. Совчилар жавобини эшитиб кейин шифохонага ўтмоқчи эди.

   Одатда бу ерни удумига кўра оналар совчиликка бормас эди. Аммо Ойхол опа бу ишни бошқага ишонмади. У учун фарзандини кўнгли жуда муҳим. Икки ўғлига ҳам ўзлари ҳоҳлаганини олиб берган. Иккинчи келинини ҳа демай олади. Келмасидан аввал ҳам феълини билдириб турган бўлса ҳам, ўғлига ҳеч бир гап айтмади. Фақат:

-Шу қизни дединг индамадим. Бир йилга қолмай, ҳовлини ярмига уй солиб уйингни алоҳида қиламан,- деб шарт қўйди. Зайнабга эса ўзини кўнгли кетди. Дидидагидек. Қандай бўлмасин кўндириши керак.

Отабек ўйлай, ўйлай чарчади.

-Кўнмаса, Россияга кетаман,- деди охири ўзига ўзи.

 Аммо совчилар аниқ бир жавоб билан қайтишмади. "Ўйлаб кўрамиз" дейишибди. Ҳабиба опа очиқчасига "акаси норози, яна бир ўйлаб кўрамиз " дебди.

-Отанг яна боради. Кўндириб келмагунча қўймайди,- деди Ойхол опа,- асли ёшликдан унаштирилгансизлар. Қани биронта яна совчи қўйсинчи! Сен индамай юрганингга мени ҳам дамим ичимда эди. Энди қўймайман.

 Отабек Пўлатни олдига ўтишини айтиб кўчага чиқди. Йўлда бир оз такси кутиб қолди. Машинага минганидан кейин қўлига телефонини олди. Раънодан олинган Зайнабни янги рақамини устида бармоғи бир неча марта айланди. Кейин Ерқўрғонда тушиб қолиб шовқини кам жойга ўтди. Аввал Адизга боряпман деб қўнгироқ қилди. Кейин Зайнабга терди.

-Алё.

-Ассалом-у алайкум.

-Ваалайкўм ассалом. Яхшимисан?

- Яхши.

 Бир қанча вақт жимлик чўкди.

-Зайнаб уйдагиларинг нима деяпти?

- Ўйлашяпти.

- Сенданчи сўрашмайдими?

- Сўрашади.

- Сен нима демоқчисан?

- Мен нима ҳам дейман? Ўзим ҳали ҳеч нарсани билмасам? Ҳар замонда ҳаётимга кирасиз, хаёлимни бузиб, йўқ бўлиб қоласиз? Нима деб ўйлай? Нима деб айтай?!

-Сени яхши кўраман.

-...

- Биламан кўп қизлар билан гаплашган деб ўйлаётгандирсан, иккиланаётгандирсан.

-Шунақа эмасми?

- Сенга нисбатан ниятим жиддий. Ўзим билмаган ҳолда боғланиб қолдим.

- Бу гапни нечта қизга айтгансиз?

- Кўп нарса ўзгарди Зайнаб. Ишон, бошимдан кўп нарса ўтди. Ўн ёшга улғайдим назаримда.

-Онам чақиряпти...

- Сендан сўрашса жим турма.

-...

- Зайнаб.

-Шунча гапдан кейин, акам рози бўлмаса керак.

- Сени ҳам кўнглингга қараса керак. Ваъда бер. Сўрашса розиман дейсан.

 Зайнабни кулгани эшитилди.

- Нега куласан?

- Бунча сурбет бўлмасангиз.

- Энди иложи йўқ. Бўлмаса сендан қуруқ қоламан.

-Унда нега икки ярим ойдан бери жимсиз.

- Ҳисоблаб юрибсанми?

- Ҳозир бораман, Она,- деди у ташқарига овоз бериб,- боришим керак.

- Бўпти ваъда бердинг.

  Отабек телефонни ўчириб шифохонага йўл олди. Аммо у ерда нохуш воқеа устидан чиқди...

ҲАЁТ-МАМОТ: ОТАБЕК ВА ЗАЙНАБ

Дарвозахона олдига белига белбоғ боғлаб, қора чопон кийиб ўтирган Пўлатни ёнига Амир чопиб келди. У устидаги либос нимани англатишидан бехабар, бежирим чопончасига қараб хурсанд. Фақат сал иссиқлик қилар эди.

-Пўлат ака,- деди югуриб уни олдига келиб.

- Ҳа,- деди Пўлат қизарган кўзларини унга тикиб.

-Ойша опам қани?

 Пўлат сал нарида ўтирган Қурбон акага қаради. Унга Қаҳрамон ака насиҳат қилиб ўтирган эди.

-Бор бу ерда ўралашма.

- Нега ҳамма йиғлаяпти?- деди Амир поччаси ерга қўйгандан кейин ҳам кетмай,- онам ҳам йиғлаяпти. Опам қани, опам онамни овутар эди.

- Келади,- деди Пўлат дарвозадан кириб келган дўстларини кўриб, Амирни безор итариб нари кетказиб.

-Бандалик,- деди кечикиб келган Отабек ва Рамзиддин.

 Бандалик...

 Албатта ҳар банданинг пешонасига ҳаёт берилгандан бошлаб, ўлими битиб қўйилган бўлади. Умр ана шу икки нуқта орасидаги бир чизиқдир. Фақат уни ҳамма ҳар хил чизади. Кимдир эгри, кимдир тўғри....

   Кимдир жуда узоқ яшайди, аммо ортидан чизган чизиғи қабрга кириши билан ўчади. Кимдир қисқа яшаса ҳам, ортидан қолган изи хотирада абадий қолади. Умр қанча эмас, қандай яшалгани билан муҳимдир. Афсуски, чин маънода яшаш, ҳаммага ҳам насиб этмайди.

 Баъзи инсонлар эса ўринларини тўлдириб бўлмайдиган қилиб яшашади. Кетсалар ҳам, ҳар жойда бўш турган жойи қолади. Баъзи кимсаларни эса кетганига шукр қилиб, ўрнини бошқалар билан зумда алмаштирасиз....

-Марҳум қандай одам эди?

-Яхши одам эди!

 Назокат опа оғир хўрсинди. Ёши етмиш олтида деб кўтарилган қайнотаси неча йил унга азоб берди. Нафақат унга яна қанча одамларни фоизга пул бериб қақшатди. Ҳар қалай умрини охирида оз бўлсада тўғри яшади. Боши сажда кўрди... Умар ҳар доим дуоларида қиладиган нияти, уни ўлимидан кейин амалга ошди...

  25- август куни Ойша иккинчи марта комага тушиб тўрт кун ётди. Шифокорлар умид йўқ деб очиқчасига айтишди ҳам.

Яшириш фойда бермай, бор гапдан хабар топган Бобоқул бобо бу гал ҳеч кимни ҳеч нарсада айбламади. Пичирлаб, нималарнидир намозидан узоқ сўради. Буни кўриб турган Қаҳрамон ака, Ойша кўзини очгани ва аҳволи яхшилангани ҳақидаги хабар келганида, омонатини топшириш олди ҳириллаб ётган отасига қараб ёқа ушлади.

-Отам Ойшани ажалини ўзига сўраб олди,- деди қизини аҳволи яхшилигига суйинишни ҳам, отаси вафот этганига куйинишни ҳам билмай турган укасига.

  Ажал пешонага она қорнида битиб қўйилган бўлади. Ким билсин, Бобоқул бувага умрини охирида шундай тавбалар қилиб набираси учун жонини ҳам аямасди дея тилга олиниши учун шундай ажал берилгандир.

 Нима бўлган тақдирда ҳам Назокат опа қайнотасини чин дилдан кечирди...

Кечга яқин уйига қайтган Пўлатни онаси кутиб олди.

-Келдингми? Ҳа. Бувани қўйиб келдилар.

- Ҳа.

-Ёмон яшамади. Чевара кўриб кетди.

-Ўғлим нима қиляпти?

-Ухлаяпти. Ҳалиям жуда уйқучи. Бўлмаса онасисиз, қандай бажарар эдик.

-Пари янгасини олдидами?

- Ҳа.

- Энди чақалоқни қирқи чиқмагунча олдига кириш йўқ,- деди онаси ўрнидан туриб,- борма десам бординг.

- Ҳа майли. Йигирма кун ғиз этиб ўтиб кетади.

- Ҳа унгача онаси уйга қайтади. Ойшани эслаб, Пўлат уни жуда соғинганини ҳис қилди.

ҲАЁТ-МАМОТ: ПЎЛАТ ВА ОЙША

🌿🌿🌿2015- йил. 25-сентябр.🌿🌿🌿

Отабек мактаб стадионидан қайтиб хонада қолган телефонига икки марта телефон келганини кўрди. "Зайнаббегим" дан. Устига спорт кийимини илиб, йўл-йўлакай телефондан рақам териб кетди.

-Алё.

-Ассалому алайккм.

-Ваалайкум ассалом.

-Дарсда эдингизми?

- Ҳа. Ўзинг нима қиляпсан?

- ҚВП дан энди қайтдим.

- Ҳа. Кеча онанг ҳеч нарса демадими?

-Жаҳллари чиқди,- деди Зайнаб секингина.

-Айтмай, Раъноникида ушланиб қолдим десанг бўларди.

- Мен онамга ёлғон айтолмайман. Тўғриси айтдим. Отабек акага "осма" қўйиб қўйдим деб.

-Онангга нимаси ёқмади.

- Сендан бошқа йўқ эканми? Фотиҳа бўлганингга қанча бўлди. Нима деб ваъда берган эдинг? -Дедилар.

- Икки ҳафта бўлди фотиҳамизга. Яна нима деб ваъда берган эдинг?

-Акам учрашганингни кўрсам, мендан яхшилик кутма деди.

 Отабек кулди.

- Майли. Бир гап бўлар. Лекин бугун иккинчини қуйиб қўймасанг бўлмайди.

-Хўп қарайман.

-Қарайман дема-да.

- Фотиҳадан олдин. Нималар деб ваъда берган эдингиз?

-Нега мени бундай ёмон одам деб ўйлайсизлар а? Ё бирон ортиқча қилиқ қиляпманми?

-Ёмонни ёмон дейди.

-Унда нега тегдинг?- аччиқланди Отабек.

- Менга келган совчиларни қўймадингиз-ку. Бу туришда қариқиз бўлиб қолиб кетардим,- Зайнаб гапни кулгига бурди. Лекин иккисини бир-бирига етишиши осон бўлгани йўқ. Зайнаб қанча кўзёш тўкди. Акаси эрсиз қолсанг ҳам бермайман, деб оёқ тираб олди. Фақат отаси ёнини олди. Қизини кўнгли Отабекда эканини хотинидан билгач, аввал қизини чақириб кўнглини билди. Кейин Отабекни чақирди.

- Менда нима гапи бор экан отангни,- ҳайрон бўлди Отабек Зайнабни гапига.

-Билмадим.

 Отабек сал ғалати бўлса ҳам, ўзи совчи қўйган қизни отасини уйига борди. Илёс ака Отабекдан жуда қатъий ваъда олди.

-Адашмаган киши йўқ. Йўлидан адашгандан эмас, адашган йўлидан қайтишни истамагандан қўрқиш керак. Мен сенга ишондим. Энди менга эркакча ваъда бер. Иккинчи бунақа номаъқул йўлларга юрмайсан. Мен вақтида лафз қилганим учун қизимни сенга бераман. Сен эркак бўлиб, ваъдангга вафо қилмасанг, қизимни бир минут ҳам уйингда қолдирмайман.

-Ваъда бераман. Унақа ишларга энди аралашмайман.

 Отасидан ўтолмаган Мурод эса синглисини сиқувга олди.

-Унингни ҳали тўй қилиш нияти йўқ экан. Айтиб қўяй ортиқча битта гап эшитсам, учрашганингни кўрсам мендан яхшилик кутма.

- Ҳа майли, баҳорда тўй қилай, кейин кўрасан қандайлигимни.

-Баҳорда?

-Ҳа. Акамни тўйини ҳам қолдирдик. Бизники билан қўшилиб баҳорда бўлади.

-Белгиланган эдингиз шекилли?

- Ҳа. Лекин акам мени ишим ҳам ҳал бўлгач, "Ҳозир иккита тўй қила олмаймиз. Баҳоргача мен яна бир бориб келаман Кавказга" деди.

-Янгангиз тўйим бўлади шу йил деб шошиб юрганди. Ёқмаса керак бу гап.

- Янгангиз эмас, овсининг. Ёқса ёқмаса бизни оилада ҳамма бамаслаҳат иш қилади. Онам хурсанд бир йилдан кейин улар чиқиб кетади. Менга кичик келин қарайди деб.

 Зайнаб жилмайиб қўйди.

- Ҳммм.

-Яхши келин бўласанми?- деди.

- Ҳа.

- Яхши хотинчи?

- Билмасам...

-Нега билмайсан? Мени яхши кўрасанми ўзи?

-Онам чақиряпти, - Зайнаб телефонни ўчирди.

Юрагида эса ваҳима пайдо бўлди. Тўй олти ойлар ичида бўлар экан.

- Бунча тез,- деб қўйди ўзига ўзи.

ҲАЁТ-МАМОТ: ОТАБЕК ВА ЗАЙНАБ

-Нимани ўйлаяпсиз?- Ойша чироқ ўчиб қолиб зўрға қуритиб олган сочларини ўриб сўради.

 Шамни милтиллаган ёғдуси Ойшани чеҳрасига ажиб бир кўриниш берар эди.

-Кел ёнимга,- деди Пўлат қўл чўзиб. Ойша бешикда ухлаб ётган ўғлига бир мўралаб кўрпа тортди устига.

- Кўп нарсаларни ўйлаяпман,- деди Пўлат Ойшани қучиб, - бир ой аввал бошимиздан ўтганларни хаёл қиляпман.

- Яхши ҳам баъзи нарсаларни бошимизга келганини тўлақонли тушуниб етмаймиз. Бўлмаса юрагимиз ёрилиб кетар эди.

-Юрак ёрилиши осонми сенга? Умид деган қўрғони бор. Ҳеч бўлмаса алдаб ўтиради.

-Сизни нима алдади? Менга бир гап...

 Ойша гапини давом эттиролмади. Пўлат оғзини ёпти.

-Бунақа гапларни миянгдан буткул чиқариб ташла. Ўйлама ҳам. Умримни қанчасини қисқартирдинг.

- Нима қилдим?- деди Ойша эркаланиб.

- Шунақа соғинтирдинг,- Пўлат Ойшани қаттиқроқ қучди,- тўймадим...

- Бўлди. Суйилманг. Сочимни зўрға қуритдим ўзи.

  Пўлат бир оз Ойшани жиғига тегиб, бола ғингшиб қўйгач, қўйиб юборди.

  Ойша бешик тебратиб деди,- онам Умаралини жуда акамга ўхшаб кетибди деди.

-Умрини қисқалигидан бошқа ҳамма жиҳати ўхшасин,- деб қўйди Пўлат.

-Дадаси.

- Ҳа,- деди Пўлат Ойшани янги номлашига ҳали қулоғи ўрганмагани учун ҳалиям ғалати эшитилар эди.

- Ростдан кетиш фикридан қайтмадингизми?

- Йўқ. Бир йилгина бориб ишлаб келаман. Адизни Шахзод амакиси бир нечта жойдан иш таклиф қилган. Мебел ясайдиган цехга ишга кирсанг, яхшилаб иш ўрганиб, қайтиб шу ишни бошини ушласанг бўлади деяпти, Шаҳзод амаки.

-Ҳимм.

-Ҳали Рамзиддин билан Шамсиддинни тўйини ўтказиб олай кейин кетаман.

-Оз қолди-ку,- йиғламсиради Ойша.

-Шунча нарсани кўрдик Ойша, бир йил нима бўлибди энди.

- Биронтасини топиб оласиз.

-Оббо, Ойша сени дардинг шу фақат,- кейин хотинини бир жонига теккизгиси келди,- Камайиб қолмайман- ку.

- Нима дедингиз? - Ойша Пўлатга ҳужумга ўтди,- шу қилганингизга мени ҳам олиб кетасиз.

-Ўрмонга ўтин билан борилмайди-ку жинни.

- Ҳозир сизга кўрсатиб қўяман...

 Икковини шовқинидан бу гал Умарали уйғониб кетди. Паст овозда ингради.

- Болани уйғотдингиз,- деди Ойша тўзғиб кетган сочларини тўғирлаб.

  Пўлат бола эмизаётган Ойшани сочига тегишиб, бир оз жаҳлини чиқариб кейин ухлаб қолди. Кўп ўтмай Умарали ухлаб қолгач, Ойша ҳам эрини қучоғига суқулди. Осмонда тўлин бўлган ой, бешикда боласи, ёнида бир-бирини пинжига кириб ором олаётган эр хотинни кўриб бу оилага ҳавас ила боқиб турарди гўё.

ҲАЁТ-МАМОТ

🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿

Мени ҳаётимсан, ҳаёт мамотим,

Сўроқсиз кирганим кўнгил боғимга,

Сени ҳамроҳ эсин Яратган Эгам,

Сенла гуллаётган ёшлик чоғимга.

🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹🌿🌹

Шу билан навбатдаги яна бир қисмни якунладик. Асар манзур бўлган бўлса, ғоят хурсандман.


Бешинчи ҳикоя тамом.

Муаллиф Мафтуна Абдуллаева

Report Page