ЭНГ ҚИММАТ БОЙЛИК – МАЪНАВИЙ ҚИЁФА

ЭНГ ҚИММАТ БОЙЛИК – МАЪНАВИЙ ҚИЁФА

Байрам АЛИ

Аёл башарият учун ҳаёт зулматини ёритувчи, унга ранг киритиб, маъно улашувчи бебаҳо инъомдир. Шунинг учун ҳам инсониятнинг энг машҳур фикр эгалари аёл шаънига таҳсин ўқийди. Жумладан, Алишер Навоий бобомиз ҳам, “жаннат боғидан баҳрамандлик истар экансан, аввало, мунис онани рози айлагин”, дея лутф этган.

Шу туфайли бўлса керак, бизда аёл кишининг дунёқараши кенг бўлишига, ўз даври илмларини чуқур эгаллашига азалдан эътибор қаратилган. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асаридан олинган ушбу парча бунга бир мисол: 

“Раъно Нигор ойимнинг тўнғучи, бу йил ўн етти ёшни тўлдурадир. Саводни отасидан ўқуб, ўн тўрт ёшида ибтидоий мактаб прўғрамида бўлған барча дарсларни битирган, масалан: диний қисмдан – “Ҳафтияк”, “Қуръон”, “Чаҳор китоб”, “Сўфи Оллоёр”, “Маслаки муттақин”, адабиётдан – Навоийнинг барча асарлари, девони Фузулий маъа Лайли Мажнун; Амирий, Фазлий ва шулардек чиғатой-ўзбек катта шоирларининг асарлари; форсийдан – Хожа Ҳофиз Шерозий ва Мирзо Бедил, хусни хат, иншо ва бошқалар. Бу кунларда бўлса бир томондан қизларға сабоқ бериб онасиға кўмаклашса, иккинчи тарафдан отасида кофия (араб наҳв ва сарфи) ҳамда Шайхи Саъдийнинг “Гулистон”идан дарс оладир ва шунинг қаторида ўзи яхши кўрган чиғатой-ўзбек шоирларининг бадиъа асарларидан алоҳида бир мажмуъа тузиб юрийдир...”

Ахир бу ҳаётий воқелик эмас, адабий асар-ку, дегувчилар қисман ҳақ. Асар бадиийликка бурканади. Ёзувчи ғояси, айтмоқчи бўлган фикрларини ўз битигига шу бўёқ ёрдамида сингдиради. Аммо ўша бадиийликнинг қатъий талабларидан бири шуки, у ҳаёт ҳақиқатига зид келмаслиги лозим. Йўқса, иш бузилади: асар ўқувчиларни завқлантирмайди, ўзига тортолмайди. Бундан чиқди, ӏX асрда 16-17 яшар Туркистон қизларининг кўпчилиги Қодирий тасвирлаган Раъно каби юксак билимга эга бўлган. Эҳтимол, унинг билимлари ўз даври учун биз мақтаётган даражада юксак бўлмаслиги ҳам мумкин.

Агар янаям шубҳа туғилса, мен темурийлар сулоласидан Сароймулкхоним, Шодимулкхотун, Гавҳаршодбегим, Хадичабегим, Хонзодабегим каби тарихда ўчмас из қолдирган маликаларни эслашингизни сўрайман. Булар ҳали бир сулолага мансублари. Қолаверса, дунё адабиётида жуда катта “портлаш” қилган Шарқ адабиётининг аёл намоёндалари – Увайсий, Нодира, Дилшоди Барно, Анбар Отин сингари шоираларни санасак, саноғига етиш мушкул.

Шунингдек, Имом Бухорий, Форобий, Ибн Сино каби дунё тан олган алломаларимизнинг номи эсга олинганда, албатта, уларнинг оналари ҳам ёд этилади. Сабаби, бу барча алломалар ўз оналарини биринчи устози деб билишган. Ўша давр удуми, тақво оналар исмини ҳарфларда битишга йўл қўймай, улар номи бизгача етиб келмаган эса-да, буюк алломалар агар волидасининг теран билими, заҳматлари бўлмаганда ўзининг олим бўлиб етишмаслигига иқрор бўлиб, бот-бот зикр этганлар.

Бу бизда Аёл азалдан ҳам жамиятда, ҳам илмда ўз ўрнига эга бўлган, дейишимизга муайян асосдир. Уларнинг билимини, ижодкорлигини намоён қилишга биз тасаввур қилган даражада тўсиқлар бўлмаган. Агар аёлларга нисбатан қайсидир мажбуриятларда қаттиқроқ турилган бўлса, бунга ўша давр нуқтаи назари билангина қарамоқ лозим. Ҳолбуки, эски даврлар кўзи билан боққанда ғалати, мантиқсиз ё кулгили туйиладиган одатларимиз, тан олайлик, бугунги жамиятда ҳам оз эмас...

Табиат биздан кўра доно. У ҳамма нарсани ўзига хослиги билан тартиблади. Шунинг учун қаерда табиат қонунларига қарши туриш бўлса, ўша ерда фожиа бор. 

Аксариятимиз Луқмон Бўрихоннинг “Жазирамадаги одамлар” романини ўқиганмиз. Асарда тап-тақир чўлни ўзлаштириб, экин экмоқчи бўлган одамлар тасвирланади. Айни пайтда эса, асар бош қаҳрамони Лолахонга нисбатан ҳам шунга ўхшаш муносабатлар кечаётган эди. 41-совхоз аҳли эри оламдан ўтган оддий бир аёлдан “вафо маъбудаси” ясашга ва ундан маъбудаларга хос хислатларни талаб қилишга киришиб кетганди. Ҳам ерни, ҳам инсонни сунъийлаштиришга, ўз табиатига қарши боришга ундайдиган ҳаракатларнинг оқибат нима билан тугайди? Ер шўрлаб, тупроғи бузилади. Энг ёмони, ўша шўр тупроқда Лолахон завол топади...

Бугун аёл зотини сунъийлаштиришга уринаётган, аёлни ўз жозибаси – иффатидан айирмоқчи бўлаётганлар хақлик талабидан тўхтаб, бир лаҳза ўйлаб кўришса яхши бўларди. Улар ўзлари билиб ё билмай эркак ва аёл табиатинининг ўртасидаги деворларни йиқитиш ҳавасидамасмилар? Бу уларнинг ҳамма бир хил фикрлашига қарши эканлик даъволарига қанчалар мос?.. 

Биламиз, фикрнинг эскилиги унинг ҳақиқатга яқин эканини белгиловчи мезон эмас. Ноннинг кесаги бўлгани каби миллатимизнинг ҳам қон-қонига сингиб кетган айрим эски тушунчалар борки, бугун уларни қайтадан кўриб чиқсак, бу каби салбий қарашлардан миллат онгини тозаласак, ҳаммамизга манфаатли бўлади. Биргина “катталарнинг олдида гапирма” деган ибора ва ўзбек жамиятида оиланинг кичик ёшли аъзолари фикри билан қизиқилмаслиги, доимо ғашимни келтирган. Аммо оммавий маданият деган бало дунё мамлакатларини навбати билан тор-мор этаётган, улар томонида омманинг одатлари, қиликлари кўр-кўрона қабул қилинаётган бир пайтда миллатимизнинг катта бойлиги саналмиш – асрлар синовидан ўтган, бизнинг миллий ўзагимиз ҳисобланган асл қадриятларни сақлаб қолишга уриниш лозим эмасми? Зиёлилар айни шу долзарб лаҳзаларда миллийликнинг, қадриятларнинг химоясида ҳар доимгидан қаттиқроқ туриши керак эмасми?

Ғарбни “олабўжи” дейиш фикридан йироқман. Баъзи бировларга ўхшаб “у томонларда чириган, бахтсиз одамлар яшайди” дейиш ҳам кулгили бўлар эди. Чунки инсон яратилганда қисматига оқ-қора кунлар битиб қўйилди. Демак, бахтли ва бахтсиз одамлар ҳамма ерда бор. Бироқ уларга ортиқча таассуб қилиш, “Шундай қилсам, европаликларга ўхшайман” дея халқимиз уят санаган, айтишга номус қилган бепарда сўзларни ижтимоий тармоқларда баралла гапириш, номусни оғир юк деб бонг уриш, буям камдай, бошқаларни-да бунга чақириш – нодонлик. Айниқса, зиёлилар учун, ўзини зиёлиман деб билган одамлар учун!

Бултур интернетда хорижлик бир ижодкор билан гаплашиб қолдик. Гап орасида, у ўзбек аёллари ҳақида ёмон хулосада эканини сездириб қўйди. Ўзбек аёллари номус масаласига ўзларининг аёлларичалик талабчан эмасликлари тўғрисидаги фикрни бехосдан ёзиб, шоша-пиша ўчирганида, мен уни ўқишга аллақачон улгурган ва бу янгиликдан даҳшатга тушаётган эдим. Ахир у кўрган иккита аёл шунақароқ бўлса, бундан ҳамма аёллар бир хил деган хулосани ясаш керакми? Бу унинг давлатига ишлаш учун бормаган, ижтимоий тармоқларда ўзини танитмаган, қисқаси, парда ортида қолаётган сон-саноқсиз аёлларимизга – бувиларимиз, оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳамда... қизларимизга нисабат жуда катта адолатсизлик эмасми?! Мен оиласининг оғир шароитига кўниб, ҳалол меҳнати билан ҳам болаларини боқаётган, ҳам бемор эрини даволатаётган аёлларимизни биламан. Эри эрта оламдан ўтса-да, қиз фарзандига бошқа эркак оталик қилишига кўзи етмаганидан янги турмуш қуролмаётган аёлларимизни биламан. Чет элга ишлагани кетган эрини ўн беш йиллаб кутаётган, эрим қайтса болаларимизни уйлаймиз, элга катта тўй берамиз, деб ўзини овутиб яшаётган аёлларимизни-да биламан. Сизнингча уларни қабих ишдан, эрига ё фарзандига хиёнатдан нима тўхтатиб турибди? Ана ўша нарса номус эмасми? Нимага ўзимизда йўқ нарсани, биз оламда йўқ деб хукм чиқаришимиз керак? Бунга қай даражада ҳақдормиз?!  

 Ҳа! Битта чет эллик, уч-тўрт қиз ва бир олим иффатни ўзбек аёллари учун “юк” деб билаётган бўлса, бу ҳамма аёллар ҳам шунақа фикрда, дегани эмас. Аксинча, уни шараф санайдиган, шу номусга суяниб умр ўтказаётган асл аёлларимиз ҳаддан ташқари мўл. Улар номуслиликлари важидан ҳам номус ҳақида гапиришга тортинади. Жасоратда Тўмарисдан қолишмаслиги мумкин, лекин бокираликнинг биологик омиллари ҳақидаги гаплардан ийманади.

Санъат ўз олдига бежизга башариятнинг ботиний қиёфасини барпо қилишни мақсад қилиб қўймайди. Ботиний қиёфани яратиш орқали у маданий онгни уйғотмоқчи бўлади. Чунки ҳамма фожиалар айнан қиёфасизлик бошланган нуқтадан бошланади. Қиёфасизлик бошланганда юзакилик, сўзбозлик, манфаатпарастлик, беномуслик авж олади. Демак, маънавий қиёфани сақлаб қолиш эртасидан умиди бор ҳар битта шахснинг ҳам, миллатнинг ҳам бош мақсадига айланиши зарур. Бугун давлатлар бир-бирига қарши курашишнинг интеллектуал йўлини танлаётган, ўз рақибларини вужудидан “мен”ни суғуриб олиш орқали “ўлдираётган” бир даврда, ўзликка интилиш нафақат биз, балки бутун дунё мамлакатлари учун бирдай долзарб. Бу курашда фикрловчи жамиятгина ютади. Чунки халқлар учун моддий бойликлар ўз аҳамиятини аллақачон пасайтира бошлади. Энг қиммат маънавий бойлик ҳам, моддий бойлик ҳам бугун одамнинг ўзи. Миллат вакили сифатида ўз маънавий қиёфасига – ўзлигига эга бўлган одамнинг ўзи. Шундай экан, ғарбнинг пропагандасига берилиш, унинг бир масалдаги думини йўқотган тулки бошқаларни ҳам ундан кечишга чақиргани сингари ундовларига алданиш оқибати таназзулдир. Бу қаддимизни суяб турган устунларни ўз қўлимиз билан бирма-бир қулатишдир.

АҚШдаги “Маккинак” сиёсий тадқиқотлар марказининг социолог олими Жозеф Овертон томонидан ишлаб чиқилган “Овертон ойнаси” номли технологияни кўпчилик билса керак. Эшитмаган кам сонли одамлар учун маълумот берай: у аллақандай фантазия эмас, ҳақиқий илмий назария бўлиб, аниқ самара берувчи усул сифатида катта сиёсатда қўлланилади. Давлатлар асосан ўзлари душман мамлакатда бирор иллатни илдиз оттириш учун ушбу технологияни қўллайди. 

Майли, “Номус – юкми?” дея авж олаётган муҳокамалар билан ҳам бу технология ишга тушди, деб ваҳима қилишга шошмаймиз. Аммо мен... Мен гулни ифори билан кўришни истайман. Оловнинг иссиқлигича, музнинг совуқлигича қолишини истайман. Аёлнинг ҳам ўз жинсига хос гўзал туғма хусусиятлардан мосуво бўлмаслиги, ибо деган, ҳаё деган, назокат деган фазилатларга эга бўлиши тарафдориман. Номусни энг сўнгги қурбон деб билган ўхшаши йўқ Ўзбекни ҳам ўз ютуқ-камчиликлари билан яхши кўраман. Жуда-жуда яхши кўраман!..


Байрам АЛИ,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

«Янги Ўзбекистон» газетаси, 2024-йил, 66-сон.

Report Page